ОИВга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар

09:50 01 Декабрь 2023 Жамият
86 0

Пойтахтимизда 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунига бағишланган анжуман ўтказилди.

Анжуманда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари, ОИВ билан яшайдиган ўсмирлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш гуруҳи вакили, Ўзбекистон Республикасида ОИТСга қарши курашиш маркази ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мутасадди вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун «95-95-95» стратегияси олға сурилган бўлиб, унинг доирасида ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсларнинг 95 фоизи ўзининг ОИВ статусини яъни организмида ОИВ мавжудлигини билиши, 95 фоиз ОИВ юқтириб олганлар махсус даволаш курслари (РҚТ) билан қамраб олинишлари ҳамда 95 фоизи қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришиш мақсади белгиланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ОИВ инфекцияси билан касалланган беморнинг қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришилса, унинг касаллик юқтириши чекланади ва атрофдагилар учун хавфли ҳисобланмайди, яъни бу касалликни бошқаларга юқтириш хавфи камаяди. Бу мақсадларга эришиш учун республикамизда 177 минг нафардан ортиқ аҳоли ўртасида Экспресс тест билан ОИВга тезкор текширувлар ўтказилди. Ушбу мақсадда республика бюджети ва маҳаллий маблағлардан экспресс тестлар харид этилган.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасида ОИТСга қарши курашиш маркази директори Б.Игамбердиев «Ўзбекистон Республикасида ОИВ бўйича вазият, амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар», UNAIDS нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Чарос Максудова «Дунёда, Шарқий Европада ва Марказий Осиё минтақасида ОИВ бўйича эпидемик вазият», Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тараққиёт дастури, соғлиқни сақлаш координатори Акмал Махаматов «Ўзбекистон Республикасида ОИВ бўйича электрон кузатув ахборот тизимининг амалиётга тадбиқ этиши», Халқаро Мурувват Ташкилоти «Чегара билмас шифокорлар», тиббиёт референти Назгул Самиева «ОИВга текширувдан ўтиш ва даволаниш бўйича имкониятларни кенгайтириш» маърузалари билан қатнашишди.

Анжуманда Давлат бюджети ҳамда ОИТС, безгак ва силга қарши кураш бўйича Глобал жамғарма маблағлари ҳисобидан қарийб 7 миллион АҚШ доллари миқдорида ретровирусга қарши дори воситалари харид қилиниб, 40 минг нафардан ортиқ бемор вирусга қарши терапия билан қамраб олингани таъкидлаб ўтилди.

Республика ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда ФҲДЁ органлари ахборот тизими интеграция қилинди. Ушбу тизим орқали никоҳланувчиларнинг ОИВга тиббий текширув жараёни қулай ва содда ҳолатга олиб келинди. ОИВ бўйича Электрон ахборот тизими Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасининг электрон базаси билан интегрaция қилиниб, ҳозирги кунда ОИВ инфекцияси бўлган 18 ёшгача болаларга нафақа автоматик тарзда белгиланиб, уларнинг нафақа олишида юзага келаётган қийинчиликларга (ҳужжат тўплаш жараёни) чек қўйилди.

Ушбу инфекция билан яшовчи оналардан туғилган болаларга ОИВнинг вертикал йўл билан юқишининг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёлларни инфекцияга текширишлар 100 фоиз қамраб олинмоқда. ОИВ аниқланган ҳолатда, ҳомиладор диспансер ҳисобига олиниб, ретровирусга қарши дори воситалари берилади. Ҳомиладорлик давридаги иммунологик кўрсаткичлар ва вирус юкламаси лабораторияда текшириб борилиб, туғруқ кесар кесиш усулида амалга оширилади. Ҳомиладор қонида вирус юкламасига (миқдори) кўра туғруқ табиий йўл билан ҳам аамлга оширилиши мумкин. Туғилган болага профилактика мақсадида ретровирусга қарши дори воситалари берилади. Бундан ташқари, ОИВ инфекцияли оналардан туғилган 700 нафардан ортиқ бола олти ойлик бўлгунча қуруқ сут аралашмалари билан таъминланмоқда. Амалга оширилаётган тадбирлар натижасида ОИВ инфекциясини онадан болага юқишини бартараф этишга эришиш асосий мақсад қилиб қўйилган.

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази ва “Чегара билмас шифокорлар” Халқаро мурувват ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликда йўлга қўйилган “Мобил лаборатория” жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Тошкент шахар ва вилояти ҳудудларида жами 164 та чиқишларни амалга оширилди. Ушбу чиқишлар давомида жами 5551 нафар фуқаролар (асосан ички мигрантлар) ОИВ, ВГС ва сифилисга тиббий текширувдан ўтказилди. Ўтказилган тиббий текширув натижаларига кўра жами 437 нафар шахсларда (41 нафарида ОИВ, 302 нафарида ВГС ва 94 нафарида сифилис) мусбат натижа қайд этилди (текширилган шахслар сонига нисбатан аниқланиш кўрсаткичи 7.9%). Ушбу аниқланган мусбат натижали шахсларнинг барчаси билан навбатдаги диагностик текширувлар ва даволаш ишлари олиб борилиши учун тегишлилиги бўйича йўлланмалар берилди.

Бу каби тизимли ишлар давом эттирилмоқда.

Анжуманда сўнгида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер