Оилавий ажримларда бола ким билан қолиши керак?

Фото: Архив сурат
Бу борада суд амалиётидаги бўшлиқлар ҳақида
Оила ва бола Ер юзида ҳаёт абадийлигининг тимсоли. Ҳар бир жамиятда ушбу субъектлар манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниб, мамлакатимизда ҳам улар ҳимояси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу асосда бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш халқаро ҳуқуқ нормаларига мос равишда суд идоралари томонидан ҳимоя қилиниши йўлга қўйилган ва фуқаролик судларида бола ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига оид фуқаролик, оила, меҳнат, уй-жой ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар (ишлар) кўриб чиқилади.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияда бола тарбияси ва ривожланиши учун ота ва она улар бирга ёки алоҳида яшаши ёки улар ҳозирда ёки ўтмишда қонуний никоҳдан ўтган ёки ўтмаганлигидан қатъи назар, биргаликда жавобгарликни тан олади. Ота-она ажрашганда ёки алоҳида яшашни бошлаганида, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси боланинг ким билан яшаши ҳақидаги низоларда ота-она ўртасида жавобгарликнинг тенг тақсимланиши фақат ва фақат бола манфаатларига хизмат қилишига урғу бериб ўтган. Шунингдек, боланинг доимий алоқани сақлаб қолиш ҳуқуқи нафақат унинг ота-онаси, балки, агарда бу боланинг манфаатларига зид бўлмаса, яқин қариндошлари ва ижтимоий тармоқлари (ака-ука ва опа-сингиллари, буви-боболари, амма-холалари ва тоға-амакилари,дўстлари ва бола яқин шахсий муносабатда бўлган бошқа шахслар)га нисбатан ҳам татбиқ этилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 75-моддасига кўра, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Боиси болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим. Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.
Республикамиз Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги «Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 3-бандига асосан, суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасидаги уларнинг қайси боласи қайси бири билан яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга тутган ҳолда боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганини, болаларнинг ёшини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олади.
Руҳий ва жисмоний зўравонлик сабаб бола онаси (аёл)дан мажбуран олиб қолингани ҳолати бўйича мазкур тоифадаги фуқаролик ишлари ўрганилганида баъзан бола онасидан мажбуран олиб қўйилгани ҳолатлари ҳам учраб туради. Хусусан, даъвогар Ё.Д. судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда 2004 йилдан бери бирга яшаган турмуш ўртоғи - жавобгар ажримга ариза бергани, суд ўйлаб кўриш учун муҳлат тайинланганини таъкидлайди. Шу муҳлат ичида у бир ой болаларини олиб ота уйида яшаб турган. Шу вақт ичида жавобгар келиб болаларни олиб кетган. Лекин «Сен билан яшамайман» деб даъвогарни уйга қўймаган. Аёл ишга бориб-келиб, азбаройи болаларини кўриш учун ертўлада яшаган. Соғлиғини йўқотгач, ота-онаси участка нозирини, маҳалла маслаҳатчиларини олиб келиб, яшаётган жойини кўрсатганида турмуш ўртоғи уйга қўймаслигини турли туҳматлар билан «оқлаб», аёлни ахлоқан бузуққа чиқарган. Суд даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантирган бўлишига қарамасдан, суд қарорининг ижроси таъминланмасдан қолмоқда. Жавобгар қизларини даъвогарнинг тарбиясига бермасдан, уларнинг мулоқотини ҳам чеклаб қўйган.
Маълумки, қиз бола балоғатга етгани сайин она маслаҳати ва кўмагига муҳтож бўлади. Юқорида биз келтирган мисолда эса онадан қизларнинг ажратиб қўйилиши моҳиятан бола манфаатларига зиддир. Қиссадан ҳисса шуки, болалар иштирокида фуқаролик ишларини кўришда бола ва ота-онанинг умуман, оилавий муносабатларнинг табиатига аниқлик киритишда суд махсус билимларга эга бўлган эксперт ва мутахассис хизматига эҳтиёж сезади.
Маълум масала бўйича боланинг фикрини билиш муҳим бўлган суд низолари, яъни болани ўз тарбиясига олишда (бола ким билан яшамоқчи) боланинг фикридан ташқари педагог ва психолог ёрдамида боланинг таъсирчанлиги, ўзгалар таъсирига қай даражада тушиб қолиши, мустақил қарор қабул қилиш салоҳияти, ўз қарорларини онгли қабул қилиш ва тушуниш салоҳиятини текшириш лозим бўлади. Шунга кўра судлар таркибида махсус оилавий психологлар фаолияти ташкил қилиниб, улар бевосита мустақил эксперт ҳисобланиши жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Шунингдек, болани олиб бериш билан боғлиқ суд қарорини ижро этишда турли жанжалларнинг юзага келиши, ота ёки онанинг болани бермаслиги, бола психологиясига руҳий, жисмоний тазйиқлар, боланинг соғлиғи ёки ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган турли ҳолатларнинг содир этилиши ижрони қийинлашишига ёки тўхтатиб турилишига олиб келишини назарда тутиб, суд ижрочилари болани олиш ва уни бошқа шахсга бериш билан боғлиқ суднинг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этишда, албатта, болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси вакиллари ҳамда ички ишлар органи вакили ва оилавий психологлар иштирокида амалга ошириши лозимдир.
Бундан ташқари судлар болани олиш билан боғлиқ суд қарорлари ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш ҳамда судга ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар билан мурожаат қилиш ҳолатларини камайтириш мақсадида ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида:
* боланинг кимга олиб берилаётгани, яъни отаси ёки онасига, васийлик ва ҳомийлик органига ёки у қонунда белгиланган тартибда тайинланган бўлса, васийга (ҳомийга) берилаётгани,
*ижро этиш усули ва тартиби,
* бола манфаатларидан келиб чиқиб, қаерда ижро амалга оширилиши,
* дарҳол ижро этиш зарур деб топилса, (бир ёшга тўлмаган бола масаласи бўлса) болани олиш жойи ва вақти кўрсатилиши шарт.
Чунки мазкур тоифадаги ишлар бўйича амалиётда ижроси таъминланмай қолиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда.
Мазкур тоифадаги ишларни судда кўриш учун 10 ёшга тўлган боланинг фикри талаб қилинади, шу сабабли суд биноларида психологлар хоналари билан биргаликда болалар махсус хоналарининг ҳам ташкил қилиниши айни муддаодир.
Юқоридаги бўшлиқларни бартараф этиш, табиийки, судда шу каби ишлар ҳажмининг камайишига ва низоларни тез ҳамда қонуний ҳал қилинишига замин яратади.
Гулнафис ХУДАЙБEРДИЕВА,
Навоий вилоят суди судьяси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг