Нукусга дастлабки электробуслар етиб келди
Нукус шаҳри қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифати янги босқичга кўтарилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан шаҳар жамоат транспорти паркини янгилаш ва соҳага замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Яқинда Нукус шаҳрига илк бор замонавий электробуслар олиб келинди. Хитойдан келтирилган 12 дона электробус учун жами 24 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бу нафақат йўловчилар учун қулайлик, балки шаҳар экологиясини муҳофаза қилиш йўлидаги муҳим қадамдир.
- Янгидан олиб келинган электробусларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича бир неча имкониятлар яратилган, — дейди «Sapsan Trans Nókis» корхонаси иш бошқарувчиси Узақбай Қурбаниязов. – Шу ўринда мазкур замонавий транспортлар энг аввало, экологик тоза ва тежамкор техникалар эканлигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Электробусларда имконияти чекланган йўловчилар чиқиб тушишлари учун пандуслар мавжуд. Шунингдек, ҳозирда деярли барча йўловчилар қўлида бўлган мобил телефонларини қувватлаш жиҳозлари ҳам ўрнатилган. Тез орада Нукус шаҳридаги йўловчилар электробуслар хизматидан фойдаланадилар.
-Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ҳамда Нукус шаҳрида жамоат транспортини сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар доирасида жами 200 та янги автобус олиб келиниши белгиланган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлигининг сектор раҳбари Муратбай Жиемуратов. — Тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу техникаларни босқичма-босқич етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Ўтган йилдан бошлаб соҳада туб ислоҳот амалга оширилиб, йўловчи ташиш хизмати «брутто-шартнома» тизимига ўтказилди. Бу тизимда асосий эътибор режа ортидан қувишга эмас, балки «босиб ўтилган йўл» ва «хизмат сифати» мезонларига қаратилади.
Бугунги кунда шаҳар бўйлаб жами 20 та йўналиш ташкил этилган бўлиб, уларни замонавий транспорт воситалари билан тўлиқ таъминлаш режалаштирилган. Ушбу жараённинг амалий ифодаси сифатида, ўтган йили «Sapsan Trans Nókis» МЧЖ томонидан 11 миллиард сўмлик лизинг асосида 13 та замонавий автобус олиб келиниб, фойдаланишга топширилган эди.
Хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш мақсадида корхона томонидан Нукус шаҳрида 200 та автобус сиғимига эга бўлган замонавий парк барпо этилмоқда. Бу эса транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва ҳайдовчилар учун муносиб шароит яратиш имконини беради.
Ҳозирда электрон тендер савдолари орқали бириктирилган 7-А-сонли (“Нукус савдо мажмуаси – Шимоли-ғарбий автовокзал“) йўналишида автобуслар брутто-шартнома асосида мунтазам қатновини давом эттирмоқда. Бу каби ислоҳотлар пировардида халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат қилади.
Ғайрат Отажонов, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг