Нотариат соҳасидаги муаммолар халқаро анжуманда кўриб чиқилди

12:53 12 Сентябр 2024 Жамият
203 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Нотариал палатаси томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Халқаро нотариуслар иттифоқи раҳбарлари ва иттифоққа аъзо мамлакатлар вакиллари, ўттиздан ортиқ давлат нотариал идоралари масъуллари ва маҳаллий экспертлар иштирок этди.

Конференциянинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов сўзга чиқиб, анжуман ишига муваффақият тилади. Шунингдек, Халқаро нотариуслар иттифоқи президенти жаноб Лионель Галлиезга ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.

Тадбирда нотариат соҳасига қўшган ҳиссалари учун қатор хорижий ҳамкорлар Ўзбекистон Нотариал палатаси томонидан таъсис этилган «Нотариат соҳасига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан тақдирланди.

— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мерос ҳуқуқларига оид 8 та янги модда киритилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти шуъба мудири Комил Рашидов. — Меросни қабул қилишга келсак, бу муаммоли савол, меросни қабул қилиш муддати тўғрисида ўйлаб кўришимиз керак. Мерос қачон қабул қилинган деб ҳисобланади? Бу борада биз Ўзбекистон Нотариал палатаси билан тез-тез муҳокамалар қилиб, такомиллаштириш бўйича иш олиб боряпмиз.

Халқаро нотариуслар иттифоқи Осиё ишлари бўйича комиссияси вице-президенти Денг Жиаминг, Халқаро нотариуслар иттифоқи бошқарув қўмитаси аъзоси Давид Фугиеро Маркез, Венгрия миллий нотариал палатаси президенти Адам Тотнинг ва бошқалар ҳам ўз маърузаларида мазкур йўналишдаги ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш масалаларини ўртага ташлади.

Қизғин муҳокамалар остида ўтган анжуман сўнггида Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамда Мексика, Португалия ва Уругвай нотариуслари ассоциациялари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер