Нейлон матоли қўлқоп ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

10:45 27 Февраль 2026 Жамият
266 0

Бухоро вилоятидаги Ромитан инновацион ҳудудида “Revmo Gloves” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Артрит билан касалланган беморларни ультратовуш орқали даволаш учун нейлон матоли қўлқоп ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилди. У Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилди.

Шифокорлар бўғимларнинг яллиғланиши билан кечадиган ҳолатни умумий ном билан артрит деб аташади. Бу хасталик одатда, бўғимлардаги ҳаракатни чегаралаб қўяди.Оғриқ ҳам беради. Корхона маҳсулотига келсак, унинг воситасида артрит билан касалланган беморларни ультратовуш орқали даволаш мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, қўлқоп учун танланган нейлон матоси ҳаво ўтказувчи, иссиқликни сақловчи эластик хусусиятга эга. У беморда қон айланишини яхшилайди. Қизариш, шиш, оғриқ каби патологик жараёнларни даволашда асқатади.Бундай нохуш ҳолларнинг олдини олишда ҳам қўл келади.Корхонада йилига 50 минг жуфт шундай қўлқоп тайёрлаш қуввати яратилган. Айни пайтда “Revmo Gloves” маҳсулоти дорихоналар орқали сотилмоқда.Тез орада уни шифохоналарга ҳам етказиш йўлга қўйилади.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ҳаётга тадбиқ этилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?