Нега газетадан узоқлашдик?

Кундалик матбуот бизга нечоғлик керак? Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига ўтказилган сайлов натижалари, энг кўп овоз олган номзодлар рўйхати билан батафсил танишиш зарурати туғилган паллада бу саволга яна бир марта жавоб топгандек бўлдим. Бу рўйхатни газетада аниқ-тиниқ, қайта-қайта ўқиш имконияти бемалол. Бугина эмас, босма нашр ўқувчига жамият ҳаётига доир мавзуларни чуқур таҳлилга асосланган ҳолда ёритиши, сўз юритилаётган объект ёки субъектнинг фаолияти ҳақида фикр бера олиши билан бошқа ахборот воситаларидан фарқланади. Энг муҳими, уйингиз, ишхонангиз ёки ўқиш жойингизда тахлам газетани вақтлар ўтганда ҳам варақлаб, исталган мақолага қайта мурожаат қила оласиз. Масалан, бир неча йил олдин номи улуғ бир газетада миллий қадриятларимизнинг бир бўлаги – дўппи ҳақида чиройли мақола ўқигандим. Ундаги маълумотлар муҳимлиги учун ўша нашрни сақлаб қўйгандим. Яқинда орадан олти йил ўтиб қарангки, ўша газета китобларим орасидан чиқди. Дўппи ҳақидаги мақолани яна қизиқиш билан ўқидим. Мана, газетанинг ўзига хос томони. Ўша материални интернетга ҳам бердик, дейлик, нари борса бир соат «яшайди». Ундан сўнг ўрнини бошқа маълумот эгаллайди.
Биз нега шундай ишончли ва қулай маънавий кўмакчидан узоқлашдик? Яқинда ўқувчиларим ва ҳамкасбларим ўртасида жажжи тадқиқот ўтказдим. “Қайси газеталарни биласиз (ўқийсиз эмас)” – деган саволни ўртага ташладим. Айримлар икки-учтагина нашрнинг номини санади. Ваҳоланки, бугунги кунда юртимизда 600 дан ортиқ газета-журнал бор. Хўш, газета номини билмаслик фожиами сизнингча?
Бугунги ҳаётимизда катталар ҳам, ёшлар ҳам ҳар қандай маълумотни осонгина интернетдан билиб олади, деган дунёқараш шаклланган. Юқоридаги саволга дарров ушбу жавобни рўкач қиладиганлар етарли. Лекин фикрлаш-чи, таҳлил-чи? Тўғри, интернет материаллари ахборотни “иссиғи”да беради. Аммо уларда газетадагидек таҳлилий, танқидий материаллар етарлича ёритиляптими? Ижтимоий тармоқдан фойдаланувчиларнинг аксарияти интернетга фақат хабар ўқиш учун киради. Кўпчилик вақтини видеохабарларга сарфлайди.
Тарихдан маълумки, жадидлар ўз ҳаракатларида миллат маънавиятини ислоҳ этиш, одамларни маърифатли қилиш, оламга очиқ назар билан боқишга ўргатиш ва мудроқ тафаккурни уйғотишнинг энг асосий омили сифатида матбуотдан фойдаланган. Матбуотнинг кучи, кўп нарсага қодирлиги ундан кейинги яқин тарихимизда ҳам амалда ўзини исботлаган.
Биз қимматбаҳо ресторанларда овқатланамиз. Юқори нархда уст-бош сотиб оламиз. Ҳар бир оилада беш-олтиталаб фойдаланилаётган уяли телефоннику айтмай қўя қолай. Шунинг ўзига сарфланаётган маблағ ойига бир неча юз минг сўмгача бориб қолади. Нега бирор бир газетага обуна бўлмаймиз? Фарзандининг “обунага пул беринг” деган гапи кўпчиликни чақиб олади. Дарров қонун-қарорларни варақлашга “обуна мажбурий эмас” деган важни рўкач қилади.
Хўш, вақтли босма нашрлар мутолаасига бошқа давлатларда қандай қарайди? Масалан, ўз қадриятларини севувчи кунчиқар Японияда аҳолининг 89 фоизи мунтазам равишда газета ўқиб боради. Уларнинг 50 фоиздан ортиғи ҳар тонгни газета мутолаа қилишдан бошлайди. Нафақат уй ёки ишхона балки, метро, автобус, ҳатто йўл-йўлакай ҳам. Нима, японларда интернет йўқми? Бор, фақат асрлик анъана ва қимматга эга газеталар қадрини асло унутмаган.
Тўғри, танганинг иккинчи томони бўлганидек, газетадаги мақолаларнинг ҳам ижтимоий юки бўлиши, халқчил тилда ёзилиши, ўқувчига нимадир бера олиши лозим. Ўз тамойилига садоқатли таҳририятларимиз бунинг уддасидан чиқяпти. Лекин юртдошларимизнинг кўпчилиги таниқли хонанда-ю актёрларнинг шахсий ҳаётини безаб кўрсатадиган ижтимоий тармоқларни кўздан кечириш билан вақтини йўқотаётгани кишини ташвишга солади. Нима бўлганда ҳам газеталар ўқиб бўлингач, пистачи холанинг ўров ашёси ёки меваларга заха етмаслиги учун фойдаланилмаса, фақат ўқиш, маърифат улашиш учун яраса – маънавиятимиз ривожига фойда бўлади.
Саидахон БОЛТАЕВА,
Наманган вилояти Чуст туманидаги
2-касб-ҳунар мактаби ўқитувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг