“Нефтчи“ чемпион, “Насаф“ кумуш медалдан қуруқ қолиш арафасида
19–22 ноябрь кунлари Ўзбекистон Суперлигасининг 29-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу баҳсларда қуйидаги натижалар қайд этилди:
“Шўртан“ 1:1 “Бухоро“
“Сурхон“ 0:0 ОКМК
“Пахтакор“ 1:0 “Насаф“
“Машъал“ 0:0 “Навбаҳор“
“Динамо“ 0:0 “Қўқон-1912”
“Андижон“ 3:2 “Хоразм“
“Сўғдиёна“ 0:2 “Бунёдкор“
“Нефтчи“ 4:1 “Қизилқум“
Жами 8 та ўйиндан 1 тасида меҳмонлар ғалаба қозонди. 3 та баҳсда мезбонлар устун келди ва яна 4 та учрашув дуранг билан якунланди. Энди айрим ўйинларга тўхталамиз.
Марказий ўйин
Турнинг марказий ўйини Тошкентдаги “Жар“ стадионида бўлиб ўтди. Унда мусобақанинг кумуш медаллари учун асосий даъвогар бўлиб келган “Пахтакор“ ва “Насаф“ клублари ўзаро тўқнаш келишди.
Чемпионликни ҳимоя қилишга чорланган “Насаф“ клуби чемпионликни бой бермаслик учун ушбу ўйинда ғалаба қозониши талаб этиларди. Аммо амалда бундай бўлмади.
Ўзбекистон кубогида зафар қучган “Пахтакор“ ушбу ўйинда ғалаба қозониш орқали кумуш медалга ҳам дадил қадам ташлади.
Ўйин олдидан “Пахтакор“да бир муҳим ўзгариш кўзга ташланди. Терма жамоа йиғинидан ҳолдан тойган ҳолда қайтган Ҳожиакбар Алижонов захирада қолдирилди. Унинг ўрнини Дилшод Саитов эгаллади. “Насаф“да эса терма жамоадан қайтган футболчиларнинг ҳолатига деярли эътибор қаратилмади ва асосий таркиб тўлиқ майдонга туширилди.
Учрашувда ягона гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Игорь Сергеев “Насаф“ дарвозасини ишғол қилди. Қолган дақиқаларда жамоалар қанча ҳаракат қилмасин, бошқа гол урилмади. Якунда “Пахтакор“ муҳим 3 очкони қўлга киритди. “Насаф“ эса энди катта эҳтимол бронза медал учун курашади.
“Андижон“дан ўзига хос ғалаба
Бундан бир нечта кун олдин “Андижон“ жамоаси қониқарсиз натижалар туфайли бош мураббийи Максим Шацкихни истеъфога чиқарди. Шацких даврида жамоа мудофааси анча яхши ўйнаган бўлса-да, ҳужум чизиғи талаб даражасида эмас эди. Унинг бошқаруви даврида “Андижон“ сўнгги 6 та ўйинда жами 2 та гол урганди.
Жамоани Акмал Шоаҳмедов қабул қилиб олганидан сўнг, “Андижон“ биринчи ўйиндаёқ 3 та гол киритди.
Ушбу турда “Бургутлар“ ўз майдонида “Хоразм“ни қабул қилишди. Учрашувда ҳисоб 24-дақиқада Дониёр Абдуманнобов томонидан очилди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, Усмонали Исмоналиев ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Тайм сўнггида Абдулвоҳид Ғуломов жамоанинг учинчи тўпини киритди.
Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Асадбек Саитхонов ҳисобни қисқартирди. Биринчи бўлим 3:1 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимда “Андижон“ темпни пасайтирди. Бундан фойдаланган “Хоразм“ 66-дақиқада Хазрат Турсунқулов орқали иккинчи голни урди.
Қолган дақиқаларда ҳар икки жамоа бир қатор хавфли вазиятлар яратган бўлса-да, ҳисоб ўзгармади. Якуний ҳисоб — 3:2. Акмал Шоаҳмедов учун омадли дебют.
“Нефтчи“ — чемпион
Фарғонага катта футбол қайтганига 3 йил бўлди. 3 йилдан бери вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров “Нефтчи“ клубига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бу йил жамоага қилинган сарф-харажатлар рекорд даражада ошди. Натижа эса 24 йиллик танаффусдан сўнг “Нефтчи“ клубининг Суперлига чемпиони бўлиши билан якунланди.
Ҳал қилувчи 29-турни Левченко шогирдлари ўз майдонларида Навоийнинг “Қизилқум“ клубига қарши ўтказди. Чемпионликдан умид қилган бошқа жамоалар “Қизилқум“ футболчиларига ғалаба учун 40 миллион сўмдан мукофот пули таклиф қилгани ҳақида матбуотда хабарлар тарқалди. Бироқ бу мукофот ҳам уларнинг ғалабасига олиб келмади.
Учрашув 3-дақиқасидаёқ ҳисоб очилди. Билолхон Тошмирзаевнинг узатмасидан сўнг Алишер Одилов ҳисобни очди. Орадан 15 дақиқа ўтиб, Одиловнинг ўзи ҳисобни 2:0 қилди.
Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунланди. 60-дақиқада Шоҳруз Норxонов ҳисобни қисқартирди. 65-дақиқада эса Жамшид Искандеров ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди. 87-дақиқада Иброҳимҳалил Йўлдошев ўйиндаги сўнгги голни киритди. Якуний ҳисоб — 4:1.
Мухлисларнинг стадионларга ташрифи
29-тур ўйинларини жами 42 624 нафар мухлис стадионларда томоша қилди. Бу эса ҳар бир учрашувни ўртача 5 328 нафар футбол ихлосмандлари кузатганини англатади.
Турда энг кўп мухлис тўплаган баҳс — “Нефтчи“ ва “Қизилқум“ ўйини бўлди. “Нефтчи“ жамоаси билан бирга чемпионликни нишонлаш учун “Истиқлол“ стадионига 18 867 нафар мухлис ташриф буюрди.
Энг кам томошабин йиғган ўйын эса “Сўғдиёна“ ва “Бунёдкор“ баҳси бўлди. Зоминда ўтган ушбу учрашувни жами 479 нафар мухлис жонли томоша қилди.
Кейинги тур
Ўзбекистон Суперлигада 30-тур учрашувлари 29–30 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Ушбу тур доирасида бўладиган ўйинлар рўйхати билан танишинг:
“Насаф“ – “Динамо“
“Қизилқум“ – “Шўртан“
“Қўқон-1912” – “Сўғдиёна“
“Хоразм“ – “Нефтчи“
“Навбаҳор“ – “Пахтакор“
“Бунёдкор“ – “Андижон“
“Бухоро“ – “Сурхон“
ОКМК – “Машъал“
Муҳаммадамин Зуҳуриддинов, “Халқ сўзи“.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг