Намангандаги мактабда ўқитувчи ва унинг шогирдлари ҳаво тозаловчи қурилма ихтиро қилди

17:09 18 Декабрь 2025 Жамият
525 0

Бугун инсоният тараққиёт деб атаётган жараён атроф-муҳитга жиддий босим ўтказмоқда. Саноат чиқиндилари, транспорт воситалари кўпайиши ва беэътиборлик оқибатида ҳаво тобора ифлосланиб, инсон саломатлиги учун хавфли даражага етмоқда. Тоза ҳаво эса оддий неъмат эмас, балки ҳаётнинг ўзи экани кун сайин яққол намоён бўляпти. Атроф-муҳитни асраш фақат катта корхоналар ёки давлат миқёсидаги вазифа эмас, балки ҳар бир фуқаронинг масъулиятига айланган. Ана шундай мураккаб ва ташвишли даврда ҳавони тозалашга қаратилган ҳар қандай амалий ташаббус жамият учун ўта муҳим аҳамият касб этади.

Шу маънода Наманган туманидаги ихтисослаштирилган мактабда яратилган “Эко ҳаво тозаловчи қурилма” бугунги экологик муаммоларга жавоб бўла оладиган амалий ечим сифатида эътиборни тортмоқда. Физика фани ўқитувчиси Илёсхон Ғуломов ва унинг шогирдлари икки ойлик изланишлар орқали лаборатория ғоясини ҳақиқий ишлайдиган қурилмага айлантиришга муваффақ бўлди. Бу ишланма мактабнинг тўрт девори ичида қолиб кетмасдан илм-фаннинг ҳаётга татбиқ этилиши мумкинлигини яққол кўрсатди.

Қурилма 220 вольт кучланишида ишлаб, бир соатда 80 куб метр ҳажмдаги ҳавони чанг заррачалари ва айрим радиоактив изотоплардан тозалай олади. Ультрабинафша лампалар орқали ҳаводаги бактерияларни деярли тўлиқ зарарсизлантиради. Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, у ўрнатилган махсус пластинкалар ёрдамида ўзини ўзи қувватлайди, бу эса электр энергияси сарфини кескин камайтиради. Содда тузилиши ва экологик хавфсизлиги уни мактаблар, шифохоналар ва бошқа жамоат жойларида қўллаш имконини беради.

Айни пайтда лойиҳа устида иш олиб борган жамоа қурилмани янада такомиллаштириш, техник жиҳатдан янгилаш ва патентлаш устида ҳаракат қилмоқда. Бу ташаббус ёшларда илмга ишонч уйғотиб, экологик муаммоларни маҳаллий имкониятлар билан ҳал этиш мумкинлигини исботлайди. Тоза ҳаво учун қадам мактабдан бошлангани эса бу ишланманинг энг катта ютуғидир.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер