Намангандаги хотира турнирида нуронийлар майдонга тушишди
Инсон хотираси билан азиз. Наманганликлар мустақилликнинг дастлабки йилларида вилоятга раҳбарлик қилган Бургутали Рапиғалиев номини яхши эслашади. Ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожида ўзига xос из қолдирган фидойилар қаторида Дилшода Дадажонова, Сайфидддин Тошпўлатов, Бўри Алламуродов, Абдуллажон Ҳасанов, Носир Отахонов, Мадамин Обидшоевлар исми шарифи ҳам алоҳида эҳтиром билан тилга олинади. Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда «Кексаларни эъзозлаш» жамоат фонди ана шундай азиз инсонлар ёди учун спортнинг шахмат, стол тенниси, минифутбол ва белбоғли кураш турлари бўйича хотира турнири ўтказди. Унда ҳамон ғайрати жўшиб турган 153 нафар нуроний майдонга тушди.
Дастлабки кунги шахмат ва стол тенниси баҳсларида Наманган шаҳри ва Янгиқўрғон туман жамоалари ғалаба қилган бўлса, минифутболда ҳам вилоят маркази вакилларининг қўли баланд келди. Айтиш лозимки, белбоғи кураш турнирнинг энг қизиқарли беллашуви сифатида кўпчиликда ёрқин таассурот қолдирди.Унда ўз даврида маҳорат билан бел олишиб, кураги ерга тегмаган 48 нафар полвон отахон гиламга тушиб, спортнинг ушбу тури сир-асрорларини ҳамон унутмаганликларини намойиш этдилар. Айниқса, тўрақўрғонлик кекса курашчилар - Алижон Латипов ва Неъматилла Тўйчиев, янгиқўрғонлик Бахтиёр Юсуббеков, поплик Солижон Умаровнинг барча рақиблари устидан ғалабаси томошабинларнинг давомли қарсаклари билан олқишланди.
Хотира турнирининг якунловчи қисмига ёдга олинган табаррук инсонларнинг фарзандлари, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди. Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Ш. Абдураззоқов ўз даврида Наманган тараққиётининг устуни бўлган юртдошларнинг фидокорона меҳнатини яна бир карра тилга олди. Турнир ғолибларига ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари тантанали суръатда топширилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 1 март — Зулфия таваллуд топган кун. «Бугун тунда келармиш баҳор»
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг