Наманганда яна бир йирик текстиль корхона ишга тушди

13:34 23 Август 2022 Жамият
938 0

Фото: Халқ сўзи

Косонсой туманидаги “Barkas teks group “ масъулияти чекланган жамияти ўзининг навбатдаги истиқболли лойиҳаси доирасида йирик қувватга эга момиқ сочиқлар ишлаб чиқариш корхонасини фойдаланишга топширди. 60 миллиард сўм қийматли лойиҳанинг биринчи босқичи якунларига кўра, бу ерда 200 киши меҳнат фаолиятини бошлади. Яқин вақт ичида улар сони 600 нафарга етади.

Умуман олганда, бугунга келиб МЧЖда ишловчилар сони икки минг кишидан ортиб кетди. Улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар тўлалигича экспортга чиқарилмоқда. Ҳозирга қадар 15 миллион АҚШ доллари миқорида ташқи савдо амалларини баржарган тўқимачилар йил охиригача бу кўрсаткични 35 миллион АҚШ долларига етказишни мўлжаллашган.

— Зарур ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси билан барпо этилаётган кичик саноат зоналари ишбилармонларнинг истиқболли лойиҳаларини рўёбга чиқаришда қулай платформа вазифасини ўтамоқда, — дейди МЧЖ раҳбари, «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони соҳиби Анвархон Абдулҳаев.

Маълумот учун, “Barkas teks group «нинг янги корхонаси тумандаги «Намуна» кичик саноат зонасида жойлашган. Умумий майдони 26,2 гектар бўлган мазкур ҳудудда қиймати 350 млрд. сўмлик 28 та лойиҳани ишга тушириш ишлари давом эттирилмоқда. Улар ҳаётга татбиқ этилиши билан 2 минг 400 нафардан ортиқ иш ўринлари яратилади.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?