Наманган — Хитой инвестиция форуми бошланди
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Наманган вилояти иқтисодий тараққиётида хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларининг ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. Буни биргина Хитой Халқ Республикаси билан ўрнатилган сармоявий муносабатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда мингга яқин наманганлик тадбиркор Хитой ишбилармон доиралари билан икки томонлама манфаатли келишувлар асосида иш олиб бораётир. Жорий йилнинг ўтган даврида бу ерда ўзлаштирилган 500 миллион АҚШ долларидан кўпроқ чет эл инвестициясининг 80 фоизга яқини айни давлат ҳиссасига тўғри келаётгани фикримизга тасдиқ бўла олади.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг январида давлатимиз раҳбарининг Хитойга олий даражадаги ташрифи икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий-маданий муносабатларни янги босқичга кўтарди. Ўша кунлари Наманган вилояти делегацияси ҳам Пекин, Гуандон, Шинжон, Урумчи шаҳарларидаги кичик, ўрта ва йирик компаниялар вакиллари билан музокаралар олиб бориб, 3,2 миллиард доллар миқдорида келишувларга эришилган эди. Жойларда имзоланган шартномалар ижросига киришилиб, янгидан-янги натижаларга эришилмоқда. Гуллар шаҳрида бошланган Наманган — Хитой халқаро инвестициявий форуми бундан уч ой аввал Хитойда белгилаб олинган вазифаларнинг узвий давомига айланиши мақсад қилинган.
Бугун эрталаб халқаро форумга вилоят марказидаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида ташкил этилган «Made in Namangan» миллий маҳсулотлар кўргазмаси билан старт берилди. Унда енгил саноат, чарм пойабзал, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва мебелсозлик соҳасидаги 300 дан ортиқ корхоналар 2500 дан кўпроқ турдаги маҳсулотларини намойиш этишди.
— Хитойликлар билан сармоявий ҳамкорлик вилоятимизда металлургия саноатининг йўлга қўйилишида пойдевор бўлди, — дейди Чуст туманидаги «Tai Chahg special steel» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси савдо бўлими менежери Нозимжон Исоқжонов. — Биргаликда амалга оширилган 50 миллион АҚШ доллари қийматидаги йирик лойиҳа ижроси билан «Наманган» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида йилига 300 минг тонна металлни қайта ишлаш қувватига эга замонавий заводни ишга туширганимизга уч йилдан ўтди. Айни пайтда бу ерда тайёрланаётган катанка сим, турли ўлчамдаги арматура ва ярим тайёр маҳсулотлар ички бозорни тўлдиришга хизмат қилмоқда. Январь ойида Хитойда ўтказилган тадбирларда бир қатор янги маҳсулотлар турларини ўзлаштириш бўйича келишувга эришгандик. Бугун бошланган анжумандан ҳам умидимиз катта.
Форумда иштирок этаётган Хитой компаниялари вакиллари вилоятда яратилган бизнес муҳити, тадбиркорлик субъектлари салоҳияти билан танишиб, кўплаб йўналишларда ҳамкорлик ўрнатиш таклифини билдирмоқдалар.
— Наманганда ўз соҳамиз бўйича биргаликдаги ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш ниятидамиз, — дейди инвесторлардан бири, «Xinhmachen Elektronics Co.LTD” раҳбари Янг Гу Пи. — Унда ишлаб чиқариладиган электроника воситалари ички бозор эҳтиёжини айни маҳсулотлар билан тўлароқ қондиришга йўналтирилади.
Наманган туманидаги «Наммоторс» масъулияти чекланган жамияти, Янги Наманган туманидаги «Kadeer parts indistry» хорижий, Уйчидаги «Uychi chemikal» қўшма корхонаси ва бошқа ишлаб чиқариш субъектларининг маҳсулотлари ҳам кўргазма иштирокчилари эътиборини тортди. Шу куни ўтказилган В2В форматидаги учрашувларда қатор ўзаро манфаатли келишувлар имзоланди. Шунингдек, вилоят туманлари иқтисодий ва бизнес имкониятлари билан яқиндан танишувларда ҳам янгидан-янги таклифлар ўртага ташланди.
Икки кун давом этадиган анжуман дастуридан Наманганинг иқтисодий салоҳиятини намойиш этувчи, бундан ташқари маданий ва сайёҳлик тадбирлари ўрин олган. Жумладан, эртага Наманган шаҳридаги «Маънавият ва маърифат маркази»да асосий учрашувлар ташкил этилиб, эркин ва кичик саноат зоналари тақдимоти, вилоятда хитойлик ҳамкорларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақидаги маълумотлар билан таништирилади. Хитой компаниялари вакилларининг нутқи тингланиб, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ўтказилади. Дастлабки ҳисоб-китоблар, тайёрлаб қўйилган инвестиция пакетларига кўра, жами 3 миллиард АҚШ долларидан зиёд келишувларга эришиш кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг