«Мутахассислар зўр бўлса, сифат ҳам, экспорт ҳам ошади» — Президент автосаноат корхонасида бўлди

15:14 14 Октябр 2024 Сиёсат
216 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Technologies of real time” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонаси фаолияти билан танишди
 
Автомобилсозлик мамлакатимиз саноатида йирик тармоқ. Сўнгги йилларда автомобиль ишлаб чиқариш қарийб 3 баробар кўпайиб, жорий йил якунида 460 минг донага етиши кутилмоқда. 2030 йилгача бу кўрсаткични 1 миллионтага етказиш режалаштирилган.

Соҳада монополияни йўқ қилиш ва рақобатни ривожлантириш мақсадида 2 та янги хусусий корхона ва нуфузли хорижий брендлар жалб этилди. Умуман, бугун 20 дан зиёд заводда ўнлаб турдаги автомобиллар, юк ва йўловчи ташиш транспортлари ишлаб чиқарилмоқда.

Шу боис тармоқда эҳтиёт қисмларга ҳам талаб кўп. Бу борада 300 дан зиёд корхона яхлит кооперацияга боғланган. Зангиотадаги “Technologies of real time” шулардан бири. 
 
Президент 2019 йилда “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган халқаро саноат ярмаркасида мазкур корхона маҳсулотлари билан танишиб, зарур кўрсатмалар берган эди. Шу асосида модернизация ишлари амалга оширилди. Корхонадаги 12 та цехга Хитой, Россия, Корея Республикаси, Япония ва АҚШдан келтирилган ускуналар ўрнатилди. Бугунги кунда 118 хил русумдаги автомобилларнинг юриш, трансмиссия ва бошқарув тизимлари учун 750 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.

Кўп деталлар маҳаллийлаштирилгани ҳозирча маъқул. Мутахассислар зўр бўлса, сифат ҳам, экспорт ҳам ошади, деди Президент.

Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга корхонада эҳтиёт қисмлар қаторини кенгайтириш бўйича топшириқ берилди.

Маҳсулотлар буюртма асосида Ўзбекистон бўйлаб етказиб берилади. Хусусан, “Ўзавто моторс”нинг Хоразм вилоятидаги заводига “Damas” ва “Labo” автомобиллари учун 773 минг дона эҳтиёт қисмлар етказиб берилган. 
 
Товарларни техник текширув ва синовлардан ўтказиш учун замонавий лаборатория ташкил этилган. Корхона маҳсулотлари IATF 16949:2016, ISO 9001:2015, ISO 45001:2020 ҳамда “Женерал Моторс”нинг BIOS халқаро сифат сертификатларига эга. 
Шу боис уларга хорижда ҳам талаб бор. 
Хусусан, ўтган йили Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Украина, Бирлашган Араб Амирликларига 3 миллион долларлик эҳтиёт қисмлар етказиб берилган. Жорий йилнинг тўққиз ойида 2 миллион доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинган.

Шунингдек, корхона Германия, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой ва Россияда бўлиб ўтадиган халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда.

Корхонада 220 та иш ўрни яратилган. Ходимлар шу ердаги курсларда ўқитилиб, кейин ишга қабул қилинади.

Давлатимиз раҳбари заводдаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, мутахассислар билан мулоқот қилди. Корхона шоурумида тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.

Шу ерда келгуси режалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, 2025 йилда 1,15 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Натижада BYD, Chery, Changan, Geely avto, Dongfeng каби янги автомобиль брендлари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Лойиҳа самарасида 43 та янги иш ўрни яратилади, ишлаб чиқариш қувватлари 180 мингдан, 280 минг донага етказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?