Мурожаатнома: эришилган натижалар ва янги марралар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакатнинг сўнгги тўққиз йиллик ижтимоий-иқтисодий тараққиётини тизимли равишда сарҳисоб қилган, шу билан бирга, ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини аниқ устувор йўналишлар асосида белгилаб берган муҳим сиёсий воқелик ҳисобланади. Ушбу нутқда Ўзбекистонни даромади ўртадан юқори бўлган давлатлар қаторига олиб чиқишга қаратилган устувор вазифалар белгиланиб, унга эришиш йўллари аниқ вазифалар билан асослаб берилди.
Мамлакатда иқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 2025 йилда Ўзбекистон тарихида илк бор ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошди. Экспорт ҳажмининг 23 фоизга ўсиб, 33,4 миллиард долларга етиши, олтин-валюта захираларининг 60 миллиард доллардан ошгани мамлакат иқтисодий салоҳияти мустаҳкамланиб бораётганининг яққол ифодасидир.
Мазкур кўрсаткичлар фақат статистик натижалар эмас, балки бозор муносабатларини чуқурлаштириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ҳамда очиқ ва прагматик ташқи сиёсат олиб бориш самарасидир. Етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингининг “BB-” даражадан “BB” поғонасига кўтарилиши, хорижий инвестициялар ҳажмининг 43,1 миллиард долларга етиши, инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этиши мамлакат иқтисодиётига бўлган халқаро ишонч сезиларли даражада ошганини кўрсатади.
Мурожаатномада ижтимоий сиёсат ва камбағалликни қисқартириш йўналишида ҳам муҳим ютуқларга эришилгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, 2025 йилда 5 миллион аҳолининг даромадли бўлгани, ишсизлик даражасининг 4,9 фоизга тушгани, камбағаллик кўрсаткичининг 8,9 фоиздан 5,8 фоизга қисқаргани олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг амалий самарадорлигини тасдиқлайди.
Айниқса, 8,5 миллиондан ортиқ фуқаронинг камбағалликдан чиқарилгани давлат томонидан жорий этилган янги ижтимоий ҳимоя тизимининг энг муҳим натижаси сифатида баҳоланиши мумкин. Маҳалла даражасида ижтимоий хизматларнинг йўлга қўйилиши, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг давлат боғчаларига қабул қилиниши жамиятда тенг имкониятлар муҳитини мустаҳкамлаб, ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мурожаатноманинг концептуал жиҳатдан муҳим ғояларидан бири — маҳалла тизимини жамият тараққиётининг таянч бўғини сифатида эътироф этилишидир. 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш ташаббуси ушбу ёндашувнинг мантиқий давоми бўлди. Ижтимоий сўровларга кўра, аҳолининг 90 фоизи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб ҳисоблаши маҳалла институтининг кучли ижтимоий капиталга эга эканини яққол кўрсатади.
Маҳалла бугунги кунда нафақат тарихий қадрият, балки замонавий бошқарувнинг самарали модели сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Агар маҳаллалар инфратузилма, ижтимоий хизматлар ва иқтисодий ташаббуслар билан тизимли қўллаб-қувватланса, жамиятда бирдамлик, масъулият ва ишонч муҳитини янада мустаҳкамлаш мумкин. Шу билан бирга, ушбу жараёнларнинг шаффоф ва коррупциясиз ижро этилиши алоҳида аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, Мурожаатномада мамлакат тараққиётининг янги марралари ва стратегик вазифалари аниқ белгилаб берилди. Хусусан, 2026 йилда иқтисодий ўсиш суръатини 6,6 фоиз даражада таъминлаш, ялпи ички маҳсулотни 167 миллиард долларга етказиш, 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасини амалга ошириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш каби устувор вазифалар илгари сурилди. Шунингдек, сунъий интеллект, дата-марказлар ва космик дастурларни ривожлантириш режалари мамлакатни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ушбу режалар Ўзбекистонни хомашё етказиб берувчи давлатдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи замонавий иқтисодиётга эга мамлакатга айлантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, экологик мувозанатни сақлаш, сув ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларининг Мурожаатномада алоҳида ўрин эгаллагани давлат сиёсатининг узоқ муддатли ва барқарор ривожланишга қаратилганини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси эришилган натижалар ва янги марраларни уйғунлаштирган, мамлакат тараққиётининг кейинги босқичини белгилаб берувчи стратегик дастурдир. Ушбу ҳужжат нафақат ўтган даврга холис баҳо беради, балки Ўзбекистоннинг келажак тараққиёт йўлини аниқ мақсадлар ва вазифалар асосида белгилаб, жамиятни умумий мақсад сари сафарбар этади.
Искандар ЎРОҚБОЕВ,
Барқарор ривожланиш маркази эксперти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
- Пойтахтга автомобиллар киришига ҳеч қандай тақиқ йўқ — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг