МСК вакили: "Ўзбекистонда сайловчилар сони 20 млн.дан ошган"

16:35 10 Декабрь 2019 Жамият
1157 0


Бугун МСК Халқаро матбуот марказида брифинг бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари М.Истамов нутқ сўзлади. Қуйида ундаги энг муҳим маълумотларни келтириб ўтамиз.

2019 йил 22 декабрь куни бўладиган давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича Марказий сайлов комиссияси ва қуйи сайлов комиссиялари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан бугунги кунга қадар, турли даражадаги сайлов комиссиялари томонидан сиёсий партияларнинг 55 мингга яқин ваколатли вакиллари, сиёсий партияларнинг 50 мингга яқин ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан 10 мингдан ортиқ кузатувчилар, 80 мингга яқин номзодларнинг ишончли вакиллари, 777 нафар маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакили рўйхатга олинди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан ўз навбатида 266 нафар республика даражасидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари ва 69 та хорижий оммавий ахборот воситасининг 102 нафар журналисти аккредитациядан ўтказилди.

Бугунги кунга қадар 4 та халқаро ташкилот, яъни ЕХҲТ ДИИҲБ, ЕХҲТ ПА, ШҲТ ва МДҲ миссиялари сайловларни кузатиш бўйича ўз миссияларини юборишни тасдиқлади. Шунингдек, 54 та хорижий давлатдан 350 нафар кузатувчининг ташриф буюриши ҳам кутилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси ҳозирга қадар 187 нафар халқаро ва хорижий кузатувчини аккредитациядан ўтказди ва уларга тегишли мандатларни берди.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги маълумотлар ҳақида

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати бўйича 2019 йил 20 сентябрь куни сайлов кампанияси эълон қилинган куни Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида эълон қилинган сайловчилар сони 20 миллион 551 минг 914 нафарни ташкил этган эди.

Участка сайлов комиссиялари ўз фаолиятини бошлаганидан сўнг, яъни

15 ноябрдан бошлаб сайлов участкаси бўйича Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан олинган дастлабки сайловчилар сонига уйма-уй юриш орқали аниқлик киритиб борилди.

Натижада 9 декабрь ҳолатига умумий сайловчилар сони 20 529 590 нафарни ташкил этди. Бундан, республикамиз ҳудудидаги сайлов участкаларида овоз берувчи сайловчилар сони 18 739 551 нафарни ёки умумий сайловчилар сонининг 91,3 фоизини, хорижий давлатларда тузилган сайлов участкаларига бириктирилган сайловчилар 1 790 039 нафарни ёки 8,7 фоизни ташкил этмоқда.

Уйма-уй юриб сайловчилар рўйхатига аниқлик киритиш жараёни

8 декабрда тугади ва барча сайлов участкаларида сайловчилар рўйхати чоп этилиб, сайловчилар танишиб чиқишлари учун осиб қўйилди.

Фурсатдан фойдаланиб барча сайловчиларимизга мурожаат қилмоқчи эдим. Сайловчилар ўзлари истиқомат қилиб турган ҳудуддаги сайлов участкаларига бориб, сайловчилар рўйхати билан танишиб, ўзлари ҳақида маълумотлар бор/йўқлиги, тўғри/нотўғри киритилганлиги каби масалаларга аниқлик киритишлари мумкин.

Муддатидан олдин овоз беришнинг бошланиши ҳақида

Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Яъни, 12 декабрь куни соат 09-00дан бошланиб, 18 декабрь соат 18-00 га қадар ўтказилади.

9 декабрга қадар барча сайлов округларига ва участкаларига сайлов бюллетенлари етказиб берилди. Ўз навбатида муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш мақсадида барча сайлов участкаларига округ сайлов комиссияси раҳбарлари тегишли бюллетенларни етказиб берилишини таъминлаш зарур.

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза билан участка сайлов комиссиясига мурожаат қилади.

Сайловчидан сайлов кунида бўла олмаслигининг сабабларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Ушбу қоидага мувофиқ, ҳар бир сайлов участкасида рўйхати шакллантирилган сайловчилар сонининг 5 фоизи миқдорида, жами 936 мингдан ортиқ сайлов бюллетенлари тайёрланди ҳамда сайлов участкаларига тўлиқ етказиб берилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ташкил этилган 10 251 та сайлов участкаси муддатидан олдин овоз бериш учун тўлақонли тайёр.

Хорижда муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш бўйича

Республикамизнинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхона ва консуллик идораларида тузилган 55 та сайлов участкасида муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.

Хориждаги сайлов участкалари сайлов жиҳозлари, хусусан сайлов кабиналари ва қутилари, номзодларнинг таржимаи ҳоли ва дастури акс этган плакатлар, хорижда овоз бериш тартибини тушунтирувчи флаерлар, канцелярия моллари, давлат рамзлари, зарур миқдорда сайлов бюллетенлари билан тўлиқ таъминланди.

12 декабрдан бошлаб, хориждаги участка сайлов комиссияларимиз сайловчилар зич яшайдиган, ишлайдиган ёки ўқийдиган жойларда кўчма сайлов қутиларида муддатидан олдин овоз беришни ташкил қиладилар.

Хориждаги муддатидан олдин овоз бериш вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотлар Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик ва бошқа ваколатхоналарнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимиздан хорижда бўлиб турган ўзларининг яқинларини ўша мамлакатдаги сайлов участкаларига мурожаат қилиб, сайловда фаол иштирок этишга чақиришларини сўраймиз.

Хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари сайловчилар рўйхатига оид саволлари бўйича Марказий сайлов комиссиясининг +998 55 502 44 44 рақамли ишонч телефонига хориждан туриб мурожаат қилишлари мумкин.

Нимага бу ишга қўл урдик?

Комиссия аъзоларига иш ҳақи тўланиши бўйича

Жорий йил 9 декабрдан бошлаб, округ ва участка сайлов комиссиялари ишига жалб қилинган асосий иш жойига эга бўлган аъзоларга транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш учун компенсация тўловлари тўланмоқда. Хусусан комиссия раисларига 500 минг сўмдан, бошқа аъзоларга 250 минг сўмдан компенсация тўланиши белгиланди. Бу солиқ чегирилгандан кейин қўлга тегадиган миқдор.

Округ ва участка комиссия аъзолари 12 ноябрдан бошлаб доимий равишда ўзининг фаолиятини олиб бормоқда. Сайловчилар томонидан бўлиши мумкин бўлган барча мурожаатлар ва сайлов билан боғлиқ маълумотларни сайловчиларга тақдим этишга тайёр.

Умуман олганда, жорий йилдаги сайлов кампанияси учун Давлат бюджетидан 230 миллиард сўм ажратилган бўлса, шундан 70 миллиард 600 миллион сўми, яъни 30,6 фоизи сайлов комиссиялари ишига жалб қилинган комиссия аъзоларига қўшимча компенсация тўловлари учун сарфланади.

Комиссия аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш масалалари вилоят, туман шаҳар сайлов комиссиялари раисларининг шахсан назоратида.

 Сайловолди ташвиқоти мониторинги оралиқ натижалари ҳақида

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан ўтказилаётган депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари ва сайловолди ташвиқот тадбирлари мониторинги ҳам олиб борилмоқда.

Жумладан, сиёсий партияларимиз томонидан жами 863 маротаба митинглар ўтказилди. Улар томонидан жами 2 мингга яқин ташқи реклама воситаларида баннерлар жойлаштирилди. Номзодлар тўғрисида 1 млн. дан ортиқ плакатлар ва 7 млн.га яқин флаерлар тарқатилмоқда.

Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар томонидан жами 21 571 маротаба, уларнинг 6 минг нафардан ортиқ ишончли вакиллари томонидан эса 21 минг 295 маротаба сайловчилар билан учрашувлари ўтказилган.

Бугунга қадар оммавий ахборот воситалари, Интернет мессенжерлар, веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда партия ва номзодларнинг сайловолди ташвиқотига оид 25 мингдан ортиқ материаллар чоп этилди ва эфирга берилди.

Ҳозирги кунга қадар, Марказий сайлов комиссиясига сиёсий партиялар ва номзодлардан сайловолди ташвиқоти қоидаларини бузганлик тўғрисида шикоятлар келиб тушгани йўқ.

Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда олиб борилаётган мониторинг натижалари, шунингдек “Ишонч телефони”га келиб тушаётган мурожаатлар шуни кўрсатмоқдаки, сиёсий партиялар ва номзодлар томонидан олиб борилаётган сайловолди ташвиқоти ишлари ҳар бир сайловчигача етиб бормаган. Жойларда сайловчиларимиз депутатликка илгари сурилган номзодлар, уларнинг дастурий йўналишлари тўғрисида етарлича маълумотга эга эмас.

Бугунги кунда номзодлар хусусида кўргазмали кенг кўламдаги тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан номзодлардан томонидан аҳоли билан учрашувларни кучайтиришни талаб этади.

Сайловолди ташвиқоти энг қизғин палласига кириб келмоқда, 11 кундан сўнг сайловолди ташвиқоти вақти тугайди.

Шундан келиб чиқиб, сиёсий партиялар ва номзодларга сайловолди ташвиқотини янада фаоллаштириш, жойларда сайловчилар билан учрашувларни кўпайтиришни тавсия қиламиз. Зеро, бундан авваламбор сиёсий партиялар ва номзодлар манфаатдордир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?