Мозийдан сўзловчи бебаҳо хазина
Фото: Ҳотам Мамадалиев, «Халқ сўзи»
Бугун – Халқаро музейлар куни. Бу сана 1977 йилдан буён анъанавий тарзда нишонланиб келинмоқда. Ҳозирги кунда музейлар фаолиятини ривожлантириш, маданий меросимизни асраб-авайлаш, жаҳон миқёсида тарғиб этиш, ўсиб келаётган ёш авлод онгида фахр-ифтихор туйғуларини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш давлатимиз эътиборидаги муҳим вазифалардан бирига айланган. Буни, мамлакатимиз пойтахтидан тортиб, вилоят, туман марказлари, ҳатто, олис қишлоқларгача узоқ мозий ва яқин тарихдан ҳикоя қилувчи экспонатлар билан тўлдирилган мазкур йўналишдаги муассасалар сони кўпайиб бораётгани ҳам тасдиқлайди. Улардан бири - Тўрақўрғон туманининг Яккатом маҳалласида жойлашган Ахси осори-атиқалар музейи икки мингдан ортиқ ноёб экспонатларни ўзида жамлаган бўлиб, ушбу манзил Марказий Осиё туризм йўл харитасига киритилган, шуниндек, 1300 дан ортиқ ашёлари «Миллий мулк» сифатида рўйхатдан ўтказилган.

– Музейимизда милоднинг илк асридан XX аср бошларигача бўлган даврда фойдаланувда бўлган ноёб топилмалар сақланмоқда, - дейди муассаса раҳбари Билолхон Рустамов. – Улар орасида икки минг йиллик сувдон, минг йиллик шамшир ва қилич, бир минг икки юз йиллик муҳр алоҳида ўринга эга. Айни пайтда бугунга келиб анча торлик қилиб қолган хазинахонамиз учун янги жой ҳозирланмоқда.
Наманган вилоятидаги ноёб тарихий ёдгорлик Ахсикентнинг узоқ тарихидан ҳикоя қилувчи ушбу музейга маҳаллий аҳоли, яқин атрофдаги қизиқувчилардан ташқари хорижлик қадимшунос ва сайёҳлар ҳам тез-тез келиб туришади.

Халқимизнинг тарихий, илмий-маданий ва маънавий қадриятларини тўпловчи, сақловчи ва намойиш этувчи шундай масканлардан яна бири Чортоқ туманининг Короскон қишлоғида тадбиркор Жамолиддин Низомов томонидан ташкил этилган. Бу ерда миллий анъана ва қадриятлар, матбуот ва техника бўлимлари мавжуд. Босма нашрлар бўлимида 2000 га яқин турли китоблар, жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналаридан тортиб, кўплаб соҳаларга оид маълумотларни ўзида жамлаган энциклопедияларгача сақланмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг барча вилоятларига тегишли бўлган тарихий обидалар ҳақида маълумот берувчи китоблар тўплами ҳам мавжуд. Музейдаги 700 дан ортиқ ноёб экспонатлар, асори-атиқалар, ҳужжат, фотосуратлар, мингдан ортиқ танга ва қоғоз пуллар, 10 га яқин тарихий автомашиналар кўргазма тарзида намойиш этилмоқда. Шунингдек, бу ерда Короскон қишлоғидан Иккинчи жаҳон урушига сафарбар этилган собиқ жангчиларга тегишли бўлган буюмлар жойлаштирилган.
Вилоятдаги музейлар бугун янада гавжумлашган. Соҳа ходимлари байрамга айланган санани муносиб нишонлаётган бўлсалар, бошқа ташриф буюрувчилар узоқ ва яқин тарихга оид маданий мерос ашёлари билан яқиндан танишмоқдалар.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- ICCI 2026: Янги Ўзбекистоннинг қурилиш салоҳияти – ғоялардан кенг кўламли ечимларгача
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг