Мозий ҳақиқатнинг тарозусидир
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида жорий йилда улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланишини таъкидлади.
Хўш, ҳозирги кунда ушбу маърифатпарвар бобомиз меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга қандай эҳтиёж бор? Беҳбудий ўзи ким эди?
Бутун ҳаётини эл-юрт хизматига сарфлаган бу инсон кенг қиррали шахс эди. У Туркистонда биринчилар қатори усули -жадид — янгича таълим методига асосланган мактабларни ташкил этган. Ўқувчилар учун дастлабки дарслик ва ўқув қўлланмаларни ҳам ўзи ёзган. Биринчи ўзбек драмасининг муаллифи ҳам Беҳбудий.
Муаллим, ношир, драматург, журналист, сиёсий арбоб, ¬қисқача айтганда, Беҳбудий ¬фаолиятининг негизи жадидларга хос маърифат тушунчаси ана шундай серқирра асосга қурилгандир.
Беҳбудий 1913 йили “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналини ташкил этади. Газетанинг жами қирқ бешта, журналнинг эса олтмиш саккизта сони чиқади, сўнг ёпилади. Ҳар икки нашрдан мақсад дунё билан танишмоқ, илмга даъват, мусулмонларнинг замон билан ҳамнафас ва ҳамқадам бўлишларига тарғиб-ташвиқ эди, албатта.
Маърифатпарвар бобомиз ўзига маслакдош, эзгу дастурлари ижрочиси, миллат тараққиёти йўлидаги асосий куч сифатида уламони кўради, уларнинг холис фаолиятидан умид қилади. “Ҳар миллат ва дин аҳлининг бошчи ва ҳодийси уламодурлар. Уламо ҳазрати, албатта, туллаб (талабалар — Б.К.) ичидан етишиб чиқади. Уламо ҳазрати миллат учун диний ва дунёвий ишларға йўл кўрсатувчи ва тарбия этувчидирлар...”
Беҳбудий “Оҳ ва ҳасрат” мақоласида халқнинг турмуш тарзини уламо ислоҳ этишига, таълим-тарбия учун улар масъул эканига урғу бериб, олимларга “варасаи анбиё” — пайғамбарларнинг ворислари сифатида қарайди. Таъсир учун мақсадига мос таъбирни кучайтириб ёзади: “Халойиқни ҳеч ким гўридан чиқариб ислоҳ этмас. Уламо, мактаб ва мадраса ислоҳ этар...” Илмсизлик, қолоқлик, бепарволик, дангасалик, фикрсизлик, лоқайдлик — буларнинг барчаси Беҳбудийнинг “оҳ ва ҳасрати”га сабабчи омиллар. Ислоҳот ва билим, ҳақиқат ва тараққиёт тушунчалари унга жон бағишлайди, қувонтиради, қалбида умид уйғотади. Шу боис ўз орзулари учун, биринчи нав¬батда, олимларга умид боғлайди.
Бобомизнинг чин зиёли, ориф ва олимнинг жамиятдаги ўрни ҳамда вазифаси борасидаги қарашлари Президентимиз томонидан 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном берилиб, таълим, фан намояндалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган бугунги кунимизга нақадар ҳамоҳанг! Бугун орзулар, истаклар, умидлар рўёбга чиқмоқда.
Бироқ Беҳбудий замонасида ҳали ёруғ тонглар отмаганди. Шу боис жадидчилар раҳнамоси тараққиёт учун миллат моддий ва маънавий жиҳатдан юксалиши, ўртадан нифоқлар кетиб, ёшлар билан катталар бирлашиши лозим, деган эзгу ғояни илгари сурди. “Халқимизнинг ҳозирги ихтилофи мени дилхун этар, маъюс этар. Бошқа миллатлар иттифоқ ила ишлаганда, биз бир-биримиз ила душманлиқға турсак, вой бизнинг ҳолимизға...”, деб ўртаниб ёзади у ўтли мақолаларининг бирида.
Беҳбудий шогирдларини ҳам миллат равнақи йўлида дин ва дунё илмларини эгаллашга чақирар эди. Ёшлардан умид этиб, уларнинг билим олишига зарур имкониятларни яратишга ҳаракат қиларди.
Мутафаккир театрни ибратнамо, ойина, ибратхона деб атади. Мушаххас-артистларнинг диалоги ва монологлари, хатти-ҳаракатлари ва имо-ишораларидан саҳнада турли табиатли инсонлар пайдо бўлади, воқелик яхлитлашади, табиийки, ундан ибрат олинади. Беҳбудий таъкидича, театрда “Қулил ҳаққа валав кана мурран”, яъни “Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни сўзла” ҳадиси шарифининг “мазҳари”, яъни зоҳир бўлиш жараёни кузатилади. Ибратхона — театр шу зайлда ўзининг маънавий-маърифий, ижтимоий-маиший вазифасини бажаради. Бир мақоласида самарқандлик кўнгилли мушаххаслар “Падаркуш”ни саҳнага қўйиб, “ҳосили маблағлари”ни мактаблар учун сарф қилганини мамнуният билан қайд этади.
Беҳбудий дунё халқлари илм-маърифат билан фавқулодда бир ривожланиш босқичларига кирганидан мудраб юрган аҳли илм, аҳли тужжорларни огоҳлантирди. Уларни уйғоқликка чорлаб, теварак-атрофидаги халқларнинг ҳолига бир назар ташлашга, теграсида айланаётган оламнинг шиддатли аҳволини тафаккур кўзи билан кўришга даъват этади.
Беҳбудий ўз замонасида кўтарган ижтимоий-маиший ва маърифий масалалардан яна бири бугун ҳам кун тартибида турибди. Бу тўйлардаги исрофлардир. У ёзади: “Катта тўй қилиб, хотун олган бир қисм бечораларни ҳолиға йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйнинг азаси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто бир умр сурар, балки беватан ва хонавайронликға сабаб бўлур” (“Ойина” 1913 йил, 6-сон). Тўй ва маъракаларга қилинган сарф-харажатни болаларни ўқитиш учун харжлаш керак. “Ақчалик оталар, албатта, тўй ва маъракаға қизғонмаганларидек болани ўқутишға ҳам қизғонмаса керакдур”.
Бошқа бир мисол. Дейлик, ХХ аср бошларида замонга мос қайта шаклланаётган адабий тил, халқ тилининг қисмати ҳам Беҳбудийни ўйлантирган эди. Тил софлиги масаласи кўтарилганда ҳар қандай тил қўшни тиллардан сўз олиши табиийлигини айтади: “Бегона тилдан сўз олмоқдан қутулган тил йўқ”. Аммо унинг меъёрини билиш лозим. Беҳбудий 1915 йили “Тил масаласи” мақоласида арабчадан ўзбек тилига кўчган сўзларнинг кўплик шаклини, дейлик, “улум, фунун, уламо, қуззо” тарзида эмас, балки ўзбекча табиатига мос равишда “фанлар, ¬илмлар, олимлар, қозилар” деб ёзиш кераклигини таклиф этади. Фикр ифодаси учун ҳамма вақт ёзма адабий тил баёни тушунарли бўлиши лозим.
1917 йилнинг ёзида “Улуғ Туркистон” газетасида босилган “Баёни ҳақиқат” мақоласи “Билмоқ керакки: “Ҳақ олинур, берилмайдур!” деган беҳбудиёна ҳикмат билан бошланади. Мазкур таъбир кейинроқ “Ҳақ олинур, берилмас” тарзида бошқа бир мақоласига сарлавҳа бўлади ва унинг таркибида уч марта такрор келади. Унда муаллиф замона аҳлини қадим ва жадид низоларини бир ёнга қўйиб, қўлни қўлга бериб, бирлашишга чақиради. Мақолалардан яна бирида боболарнинг содда, аммо пурмаъно ҳикматини келтиради: “Бир даста таёқни бирга боғласангиз, кимса синдиролмас. Агарда ажратсангиз, бир-бирин ҳар ким синдирар”. Тинчлик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик ҳар қачонгидан долзарб¬лашиб бораётган ҳозирги кунимиз учун ҳам бу огоҳлик қўнғироғи бўла олади.
Умуман, ўз вақтида улкан ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий фикрларни ўртага ташлаган Маҳмудхўжа -Беҳбудий фаолиятига эътибор берсак, бугун ҳақиқий ¬ватанпарвар, миллатпарвар, эл-юрт келажаги учун қайғурган фикри тиниқ зиёли, қарашлари кенг фидойи инсон кўз олдимизда гавдаланади. Тасаввурга эрк берилса, “Мозий — ҳақиқатнинг тарозусидир”, деган бу инсон гўё тарих қаъридан бизга қараб, бугунги мустақил, ҳурриятли, озод кунларни, ўзининг муаззам орзуси рўёбга чиққан замонани ғойибона кўриб, қувониб тургандек бўлади.
Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг