Мўъжизанинг минг бир қирраси
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Пешкўлик Истам Қулжонов тасодифан Россия Федерациясининг Приморский ўлкасида яшовчи бир онахон билан учрашиб қолди. Шунда аёл бетакрор табиатимиз, ноз-неъматларимиз ҳақида сўз очиб, “Серқуёш юртингиздаги ширин-шакар мева-чева, хусусан, асалдан тўйиб тановул қилган кишининг саломатлиги жойида бўлади. Шу боисдан ҳам ҳар йили қизимни асал тортиш мавсумида атайин Ўзбекистонга дам олгани жўнатаман”, деди .
— Шу биргина мисолнинг ўзиёқ асаларичиликнинг битмас-туганмас хазина манбаи эканини кўрсатади, — дейди И. Қулжонов. — Дарҳақиқат, асал – шифобахш неъмат. Асаларичилик эса ҳаётдаги энг керакли касблардан биридир.
Истам аканинг бу ҳақда алоҳида тўхталиши бежиз эмас. У қатор йиллардан буён асалари парвариши билан шуғулланиб, катта тажриба тўплаган. Табиатнинг бу митти ҳашаротлари тўғрисида сўз очилса, суҳбатдошини асло зериктириб қўймайди. Таъкидлашича, асалари бир килограмм бол йиғиш эвазига табиатга ўн сўм фойда келтиради. Бу ўринда гап аввало, асаларининг дарахтлару ўсимликларни табиий чанглатиши ортидан ҳосилдорликнинг ошиши, шундан келадиган даромад ҳақида бормоқда.
— Асаларининг заҳматли меҳнатига ақл бовар қилмайди, — давом этади у. — Кузатганим шуки, улар жуда аҳил жамоа. Ҳар бири ҳаётини хавф остига қўйиб нектар йиғади. Парчаланмаган нектарни қайта ишлайди. Нафақат асали, унинг заҳри, сути, прополиси, муми, гулчанги кўплаб хасталикларга даво саналади.
Истам ака Бакфаст зотли асалари парвариши билан банд. Бу зотли жонзотлар совуққа чидамли, нектар йиғишда тинмайди, уларга ҳатто майин ёққан ёмғир ҳам писанд эмас. Беш километргача радиусда учиб, бол йиғади. Шу билан бирга қаҳрамонимиз Миср зотли асаларини парваришлаш орзусида. Буни у шу зотли ҳашаротлар тонг саҳардан “ишлаши”, кушандаси йўқлиги, қизил ари-ю, қушлар ҳам уларни емаслиги билан изоҳлади.
Одатда, асалари оиласининг бир қутисидан 18-19 килограмм асал олинади. Аммо уни тез-тез кўчириш эвазига бу миқдорни анча кўпайтириш мумкин. Истам ака шу боисдан эринмайди. Уни мавсум пайтида гоҳ Самарқанднинг Қўшработи, гоҳ Сурхондарё, баъзида Қоровулбозорда кўриш мумкин.Таъкидлашича, юртимизда етиштирилган асал жуда қадрланади. Хусусан, янтоқ гулидан олингани дунёдаги энг шифобахш асаллар қаторида туради.
Шундай экан, маҳсулотни хорижга экспорт қилиш борасидаги имкониятлар қандай? Ахир, асаларичиликка бежиз “Етти хазинанинг бири” дея таъриф беришмаган.
— Фикримча, бунинг учун аввало ихтисослашган ростмана наслчилик хўжалиги ташкил этиш, соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлаш керак, — дея мулоҳаза юритади суҳбатдошимиз. — Дейлик, бу хўжалик ихтиёрига 1250 гектар ер ажратилса, у ҳар бир оилага 40 сотихдан бўлиб берилса ва ишга илмий ёндашув асосида киришилса, ўйлайманки, асалимиз жаҳон бозоридан мустаҳкам ўрин эгаллайди. Қолаверса, юртимиздаги барча ариқ ва захкашлар бўйига оқ акация, павлония каби манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш керак. Улар асаларининг нектар йиғиши учун энг яхши манба вазифасини ўтайди. Масалан, оқ акация бошқа дарахтларга нисбатан анча кўп — 15 – 20 кун давомида гуллаб туради. Ундан нектар йиққан бир асалари оиласи 25 – 30 килограммгача асал беради.
Бу масалага урғу берилишининг боиси бор. Жаҳон бозорида асалари харидидан аввал мижозлар у ёки бу юртда қанақанги дарахту ўсимликлар парвариш қилинаётгани, улар қанча майдонни эгаллагани билан албатта, қизиқиб кўришади.
Яна бир томони борки, асаларичилик билан уйда туриб ҳам шуғулланиш мумкин. Бандлик, камбағалликни қисқартириш, оилалар рўзғорини бут қилиш каби долзарб масалалар ечимида у жуда асқатади. Дейлик, соҳа учун ноқулай келган 2024 йилда Истам ака етти тонна асал олди.
Бу тиниб-тинчимас, ўқиб-ўрганишни канда қилмайдиган инсон билан хайрлашар эканмиз, у соҳадан даромад олишнинг яна бир воситаси ҳақида тўхталди. Биз асалари павильонини назарда тутаяпмиз. Истам ака кўп қаватли, тортмали павильондан фойдаланишни йўлга қўйган. У қулай ва тежамкор. Бу павильондан 1,5 тонна асал олиш мумкин. Эскисидан фойдаланилганида эса бу миқдор 800 килограммни ташкил этади, холос.
Хулоса шуки, ҳар қандай юмуш профессионал ёндашувни талаб қилади. Ҳамма гап иш кўзини билишда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг