“Монтаж” фильми Австриядаги кинофестивалда ҳам иштирок этади

15:21 31 Октябр 2022 Маданият
788 0

Кинематография агентлиги “Ёшлик” киностудияси томонидан “Debut start 2021” кинофестивалида ғолиб бўлган сценарий лойиҳалари асосида суратга олинган “Монтаж” қисқа метражли бадиий фильми Австрия пойтахти Вена шаҳрида бўлиб ўтадиган “Vienna International Film Awards” кинофестивалининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. Тақдирлаш маросими 10 декабрь куни бўлиб ўтади.

Шунингдек, мазкур фильм Ҳонг Конгда олий ўқув юртлари ўртасидаги “Global University Film Awards 2022” фестивалининг кенгайтирилган рўйхатидан жой олди.

“Монтаж” фильми аввалроқ “Москва премьераси” халқаро кинофестивали ҳамда Марокашда ўтказиладиган VII “Tetauon” халқаро фильм мактаблари кинофестивали финал босқичига йўлланмани қўлга киритгани ҳақида ҳам хабар берган эдик.

Кинокартина ҳақида қисқача: Фильм oиланинг муқаддас эканлиги ҳақида. Кимки уни қадрламаса, охир-оқибат йўқотади. Фильмда бир-бирини тушуна олмаган ва ҳозир алоҳида яшаётган оила аъзоларининг ҳаёти ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Оиланинг барча аъзолари ҳам мукаммал эмас. Тақдир ғилдираги уларни турли манзилларга сочиб юборган бўлса-да, улар оилавий учрашувни кутишади ва хоҳлашади. Фильмда фотограф Исломнинг бузилган оилани тиклашга уриниши акс этган. Ислом ҳаётдан ҳақиқий санъат асарини излайди - бинолардан, табиатдан ва турли нарсалардан. Лекин уни топа олмайди ва у ҳар бир қариндошининг олдига бориб, уларни суратга олади. Шундан сўнг, у дунёдаги энг гўзал санъат бу оила эканлигини тушунади.

Фильм сценарий муаллифи Ҳуснулло Жомонқулов, постановкачи режиссёр Дилшодбек Усмонов, постановкачи оператор Камолиддин Зиёвуддинов, постановкачи рассом Рустам Шоянов, картина директори Илҳом Абсаломов, бадиий раҳбар Тўйчи Аҳмедов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер