Мирзо Улуғбек мадраса дарвозасига ёздирган машҳур китоба қаерда?

13:05 22 Октябр 2021 Маданият
842 0

Фото: Истам Иброҳимов / «Халқ сўзи»

Тарихимиздан хийла хабардор  киши яхши билади: Мирзо Улуғбек буйруғи билан Бухоро, Самарқанд ва Ғиждувонда мадраса бунёд этилган. Даставвал Бухоро шаҳридаги мадраса  қад ростлаган. Манбаларда унинг 1417 йилда қурилгани айтилади. Мадраса қурилишига Уста Исмоил ибн Тоҳир Исфахоний бошчилик қилган.

Шарқ меъморчилигининг ажойиб намунаси саналган  икки қаватли бу даргоҳда толиби илмлар диний ва дунёвий илмлардан сабоқ олишган. Мадрасанинг ўз кутубхонаси ҳам бўлган. Булар ҳақида узоқ тўхталиш мумкин, албатта. Қизиғи, мадраса дарвозаси табақида ( айрим манбаларда мадраса пештоқида дейилган) Мирзо Улуғбек  “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” деган ҳадисни ёздирган.

– Биргина мана шу китобани ўқибоқ буюк аждодимизнинг ақлу заковатига таҳсин айтасан киши,– дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори К. Раҳимов. - Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки,  ота-боболаримиз 600 йил муқаддам ҳам илму маърифатга нажот йўли сифатида қарашган.

Табиийки, Мирзо Улуғбек мадрасаси жуда кўп кечмишлар гувоҳи бўлди. Ташқи таъсирлар оқибатида таъмирталаб ҳолга келди. Аммо улуғворлигини йўқотмади ва бизнинг давримизгача етиб келди. Машҳур ҳадис туширилган китоба-чи, деган савол туғилади.

Шаҳарда узоқ йиллар меъморлик қилган марҳум архитектор Исмат Муҳсиновнинг ёзиб қолдиришича, 1980 йилда бу битик эскиргани учун қайтадан ёзилган ва эскиси Бухоро давлат музей-қўриқхонасига экспонат сифатида топширилган.

Бу осори атиқанинг кейинги тақдири билан ҳам қизиқдик. Маълум бўлишича, Мирзо Улуғбек хоҳиш-иродаси билан ёғочга дарж қилинган бу ёзув ҳозирда музей-қўриқхонанинг Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида жойлашган филиалида сақланмоқда. У бу ерда 200 га яқин экспонат орасидаги энг нодир буюмлардан бири саналади.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?