Минтақа касаба уюшмалари ҳаракати ва ҳамкорлигида муҳим платформа

Фото: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати
Қирғиз Республикаси пойтахти — Бишкек шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг VII йиғилиши бўлиб ўтди.
Минтақа касаба уюшмалари ҳаракати ва ҳамкорлигида муҳим ўринга эга мазкур нуфузли анжуманда миллий касаба уюшма ташкилотлари, давлат органлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Йиғилишда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши бош котиби Муродил Жумадилде уулу, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Исмоил Файзизода, Туркманистоннинг Лебоп касаба уюшмалари бирлашмаси раиси Амангелди Жумаев, Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси вице-президенти Баяраа Рагчаа иштирок этди.
Тадбирда кадрлар имкониятини ривожлантириш, ёшлар сиёсатини мустаҳкамлаш, касаба уюшмалари учун мутахассислар тайёрлаш тизимларини такомиллаштириш, ижтимоий ҳамкорлик механизмларини кенгайтириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов ўз маърузасида минтақадаги бугунги тинчлик ва барқарорлик, давлатлараро ҳамкорлик янгича маъно-мазмун ва моҳият касб этиб бораётгани замирида ҳудуддаги давлатлар раҳбарларининг биргаликдаги оқилона қарорлари, сиёсий ирода ва қатъият кўрсатаётганлари ётганини, яқиндагина Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Президентларининг учрашуви бунга ёрқин мисол бўла олишини қайд этди. Шунингдек, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳам ўз ечимини топаётгани, ўзаро ҳамкорликда йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Таъкидланганидек, Қирғизистон ҳукумати томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига Иссиқкўлдан ўн гектар ер майдони ажратилган бўлиб, ушбу ҳудудда халқаро талабларга жавоб берадиган касаба уюшмаси санаторий мажмуаси қурилмоқда.
Шу билан бирга, Қ. Рафиқов жорий йил июль ойи охирида Ўзбекистонда касаба уюшмалари ташкилотларининг дўстлик фестивали ўтказилиши, унда минтақадаги барча қўшни мамлакатлар, шунингдек, Туркий тилли давлатлар вакиллари иштирок этиши кутилаётганини мамнуният билан қайд этиб, ушбу тадбир қардош халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг VII йиғилиши ўзаро минтақавий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ушбу жараёнларда касаба уюшмаларининг ўрни ҳамда ролини ошириш, долзарб ижтимоий масалаларни ҳал қилишда ҳамкорликда ишлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг