Миллий контент: ўзбекнинг ўз сўзи

12:47 20 Июнь 2025 Жамият
115 0

Инсоният эволюциясида маданий билимларни узатишнинг ривожланиш босқичларини археологик маълумотлар асосида ўрганиб чиққан Италиянинг Понтифик Муқаддас хоч университети ва Франциянинг Бордо университети тадқиқотчилари яқинда бир қизиқарли хулосага келишди. Уларнинг таъкидлашича, одамлар ўзларидаги билимларни бошқаларга ўргатишни тахминан 2 миллион йил олдин бошлашган экан. Бунда устозлар шогирдларининг янги кўникмаларни эгаллаши осон бўлиши учун ўз ҳаракатларини атайлаб секинлаштирган.

Бу илмий хулосанинг аҳамияти шундаки, айнан билимларнинг авлоддан-авлодга ўтиб, мукаммаллашиб бориши инсоният тараққиётини таъминлаган асосий омилдир. Шу нуқтаи назардан, бугунги ахборот даврида биз қайси манбалардан қанақа маълумотларни олишимиз нафақат дунёқарашимизнинг шаклланишига, балки келажагимизнинг қандай бўлишига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

Бундан бор-йўҚи 10 — 20 йил муқаддам биз учун асосий тезкор ахборот манбалари телевидение, радио ва газета-журналлар эди. Бугунга келиб эса интернет энг юқори мавқени эгалламоқда. Ҳатто анъанавий оммавий ахборот воситалари ҳам рақамли форматларга ўтяпти. Дунёқарашимиз, тарихга ва сиёсатга, атрофимизда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабатимиз асосан интернетдан олаётган маълумотлар асосида шаклланяпти.

Шундай бир вазиятда турли сиёсий қарашлар ўртасида кескин рақобат юзага келмоқда. Томонларнинг ҳар бири бу рақобатда устун келиш учун яна ўша интернетдан фойдаланишяпти — ўз қарашларини асословчи аудио, видео ва матн кўринишидаги контентларини тобора кўпайтирмоқда.

Хўш, бизчи? Биз ўз миллий манфаатларимизни ифодалайдиган маълумот ва ахборотларни интернет орқали етарли даражада тарқата оляпмизми? Дунё ҳамжамиятига ўз сўзимизни айта оляпмизми?

Бу саволга жавоб бериш учун баъзи бир фактларга тўхталиб ўтишга тўғри келади. “Рокетперевод” сайти берган маълумотга кўра бугунги кунда интернетда тарқатилаётган контентнинг 27 фоизи инглиз, 20 фоизи хитой (мандарин диалекти), 8 фоизи испан, 5 фоизи араб тилида. Бу — энг катта кўрсаткичга эга бўлган тиллар. Мана шу маълумотларни эълон қилган сайт рус тилида бўлиб, бу тилнинг интернетдаги улуши 3 фоизни ташкил этади. Маълумотларни нега бошқа тилда юритиладиган сайтдан олганимга келсак, очиғини айтиш керак — уларни ўзбек тилида топиш амримаҳол. Бутунжаҳон интернет тармоғида она тилимизда яратилган контент шу қадар камки, юқорида келтирилган рўйхатда бизнинг тилимиз “бошқа тиллар” сирасига киритиб юборилган.

Шу жиҳатдан, 2024 йил 12 январда бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз замонавий таҳдидларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, бу таҳдидларга муносиб курашиш учун ахборот маконида миллий контент яратиш зарурлигини куюнчаклик билан гапиргани бежиз эмас. “Агар биз Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишни ўз қўлимизга олмас эканмиз, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берган бўламиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумотлар, реал воқеаларга бўлган эҳтиёжни биз тўлдирмас эканмиз, буни бошқалар қилади. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”, деган эди давлатимиз раҳбари.

Қисқа ва аниқ қилиб айтилган бу сўзларнинг замирида аслида олам-олам маъно бор. Бугунги глобаллашаётган дунёда нафақат геосиёсий зиддиятлар, қуролли тўқнашувлар, балки ахборот хуружлари ҳам тобора авж олмоқда. Бир сўз билан айтганда, ахборот бошқаларга таъсир кўрсатишнинг қудратли воситасига айланмоқда. Аниқ мақсадларга йўналтирилган ахборотларни тарқатиш орқали бутун бир халқларнинг ахлоқий қарашларини, миллий анъаналари ва қадриятларини ўзгартириб юбориш мумкин. Бундай хуружлардан эса фақат миллатнинг ўз манфаатларига хизмат қиладиган контент яратиш йўли билан ҳимояланиш мумкин.

Мамлакатимизда бу йўналишда саъй-ҳаракатлар бошланганига анча бўлди. Масалан, 2019 йилдаёқ Вазирлар Маҳкамасининг “Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган мазкур қарор билан Интернет жаҳон ахборот тармоғида интеллектуал ва ижодий салоҳиятни ривожлантиришга кўмаклашадиган замонавий веб-ресурсларни шакллантириш, шунингдек, ахборот маконида Ўзбекистоннинг тарихи, фани, маданияти ва санъатини тарғиб қилишни қўллаб-қувватлаш, миллий контентни ривожлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифларни шакллантириш ва бошқа бир қатор мақсадларни назарда тутувчи комплекс дастур қабул қилинган.

Дастур кенг қамровли бўлиб, унда, жумладан, миллий веб-ресурслар сонини кўпайтириш ва уларни интернетда тарғиб қилиш, мессенжерларда ҳудудий журнал ва газеталарнинг ахборот каналларини ташкил этиш, илмий ва таълим соҳаларида плагиатга қарши курашиш бўйича рефератлар, мақолалар ва диссертациялар банкини шакллантириш, “Википедия” интернет энциклопедиясида Ўзбекистоннинг машҳур спортчилари ва спорт ташкилотлари ҳақида саҳифалар очиш, “Спорт — болалар нигоҳида” порталини яратиш каби вазифалар қўйилган.

2025 йилнинг 15 май куни эса “Болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Унда болалар учун мўлжалланган миллий контентлар, жумладан, аудиовизуал ва санъат асарлари, ноширлик ва рақамли маҳсулотларни ривожлантириш ва оммалаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Булар қаторида болаларнинг интеллектуал ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, уларда соғлом турмуш тарзи кўникмаси, табиатни асраб-авайлаш, миллий қадриятларга ҳурмат ва она Ватанга садоқат ҳиссини тарбиялашга хизмат қилувчи контентлар яратиш ҳамда уларни таълим ва тарбия дастурлари билан интеграциялаш, чет эл контентларининг болаларнинг онги ва қалбига таъсирини мунтазам таҳлил қилиб бориш, зарарли трендлар, хатарли челленжларни аниқлаш ва уларга қарши контентлар ишлаб чиқиш, болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш ва уларни реализация қилишни изчил қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда юқори билим ва малакага эга кадрлар тайёрлаш каби вазифаларни қамраб олган. Ҳужжатда, шунингдек, болалар учун мўлжалланган контентлар яратувчиларга бир қатор солиқ имтиёзлари ҳам берилган.

Шу ўринда, мамлакатимизда интернет нашрлари журналистлари ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари (блогерлар) ўртасида “Энг яхши миллий контент” танлови ўтказилаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Албатта, бир мақола доирасида бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни санаб ўтиш имконсиз. Бу муҳим ҳам эмас. Муҳими — мана шу ишлар қай даражада самара бераётганида.

Бугунги кунда интернетда ўзбек сегменти тобора кенгаяётганини тан олган ҳолда, бу борада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам кўплигини кўриб турибмиз. Масалан, кўп ҳолларда ўзимизга керак бўлган маълумотни интернетдан излаганимизда, қидирувга саволни инглиз ёки рус тилида киритишга мажбурмиз. Чунки ўзбек тилида бизни қониқтирадиган жавоб жуда кам ёки умуман йўқ бўлади. Дунёда бўлаётган воқеаларни билиш учун ҳам кўп ҳолларда хорижий каналларга мурожаат қилишимизга тўғри келади. Боиси — маҳаллий оммавий ахборот воситалари ўша хорижий каналларнинг ахборотларини ўзбек тилига таржима қилиб беришдан нарига ўтмаяпти. Бир-иккита ҳолатни ҳисобга олмаганда, ҳеч бири хорижий давлатларда ўз мухбирларига эга эмас. Натижада биз бундай ахборотларни ё “Euronews”, ё “Россия 24” призмаси орқали қабул қиламиз. Ваҳоланки, халқимизни турли ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш учун биз дунёда кечаётган жараёнларга ўз манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда баҳо беришимиз керак.

Ўзбекистон — бой тарихга, бетакрор маданиятга, замонавий билимларга эга мамлакат. Бугун дунёда юртимизга бўлган қизиқиш тобора ортмоқда. Биз яратаётган контент ҳам шунга яраша сифатли ва кенг қамровли бўлиши керак. Токи, интернет кенгликларида Ўзбекистоннинг овози баралла янграсин!

Жамолиддин ТЎХТАШЕВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?