Миллат, халқ ва минтақа манфаатлари йўлидаги музокаралар
Архив фото
Танзила НОРБОЕВА,
Олий Мажлис Сенати Раиси
Аслида АҚШ ва Марказий Осиё дипломатик платформасини яратиш ғояси 2015 йилда БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясида юзага келган. Ўтган йиллар давомида мамлакатлар ўртасидаги алоқалар ўша даврдаги сиёсий муҳитга хос тарзда турлича кечганини кузатишимиз мумкин.
Орадан ўн йил ўтиб Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик бутунлай янги форматда — ўзаро манфаатдорлик, дўстона муносабатлар ҳамда қатъий ишонч асосига қурилди.
Яқинда Вашингтонда олий даражада бўлиб ўтган “C5+1” форматидаги саммит Марказий Осиё ва АҚШ ҳамкорлигида янги даврнинг бошланиши бўлди.
Бунда АҚШ ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ташқи сиёсат бобидаги қатъий позицияси асосий омил бўлганини исботлашнинг ҳожати йўқ.
Учрашувда давлатимиз раҳбари минтақавий савдо, транспорт ва энергетика алоқаларини ривожлантиришнинг самарали механизмига айланган “С5+1” форматидаги саммит Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги стратегик мулоқотни ривожлантиришда янги босқични бошлаб беришини таъкидлар экан, бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Ушбу ташаббуслар инвестиция ва савдо, транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, муҳим минералларни қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни глобал етказиб бериш занжирларига киритиш масалаларини қамраб олди.
Шунингдек, мамлакатларнинг ўзаро алоқаларини янада чуқурлаштиришга қаратилган ташкилий масалаларга доир таклифлар “C5+1” форматини сиёсий мулоқот майдонидан иқтисодий, технологик ва маданий ҳамфикрликнинг амалий платформаси даражасига олиб чиқишда муҳим роль ўйнади.
Ушбу ташаббуслар нафақат Ўзбекистон, балки минтақанинг барча давлатлари учун ҳам бирдек аҳамиятли эканини назарда тутсак, Президентимизнинг ташқи сиёсатда Марказий Осиё ўзаро рақобатлашмайдиган, балки бир-бирини кучайтирадиган ягона иқтисодий макон, деган ғояга содиқлигини яна бир бор намоён этганига гувоҳ бўламиз.
Ҳақиқатан ҳам, ушбу форматни замонавий сиёсат архитектурасидаги муҳим восита, деб аташ мумкин. Бу, биринчи навбатда, минтақа ресурс ва стратегик имкониятларининг юқорилиги билан боғлиқ. Қозоғистон ва Ўзбекистонда уран ва нодир металлар, Қирғизистон ва Тожикистонда сув-энергетика қувватлари, Туркманистонда эса йирик газ захиралари мавжуд. Бу ресурслар “яшил” иқтисодиёт ҳамда юқори технологиялар саноатида асосий аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, Марказий Осиё стратегик жиҳатдан қулай жойлашган минтақа. Бу ерда Қўшма Штатлар ўзини ишончли, узоқ муддатли ҳамкор сифатида кўрсатиши учун ноёб имкониятга эга. “C5+1” саммити бунинг учун идеал платформа яратади — келгуси ўн йиллик учун АҚШ — Марказий Осиё муносабатларини стратегик асосда мустаҳкамлайди. Энг муҳими, формат ўз мақсадларини савдо ва иқтисодий манфаатларга таянган ҳолда ташкил этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Оқ уйда Президент Дональд Трамп билан ўтказган музокаралари чоғида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Учрашувда жорий йилнинг сентябрь ойида Нью-Йоркда эришилган келишувларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг Вашингтонга ташрифи муҳим сиёсий воқелик сифатида мамлакатимиз ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашда тарихий аҳамият касб этади.
Президентимизнинг АҚШ етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молия институтлари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашуви ҳам ниҳоятда самарали кечди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликнинг устувор йўналишларига батафсил тўхталиб ўтди. АҚШ компанияларининг инвестиция ташаббусларини шахсан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини, Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун ишончли ҳамкор ва муваффақият кафолати бўлиб қолишини таъкидлади.
Албатта, учрашув якунида геология, нодир металлар, қишлоқ хўжалиги ҳамда рақамли технологиялар каби муҳим соҳалар бўйича имзоланган икки томонлама битимлар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида мамлакатларимиз тараққиёти, халқларимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи кун тартибида парламентлараро ҳамкорлик масаласи ҳам асосий ўринни эгаллади. Ўзбекистон раҳбари ташриф давомида Конгресснинг нуфузли вакиллари билан учрашди.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари Билл Хайзенга, Кэрол Миллер ва Сидни Камлагер-Давни қабул қилар экан, Конгресс олий даражада эришилган, аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга доир келишувларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиши муҳимлигини таъкидлади.
Мамлакатимиз раҳбари АҚШ Сенатидаги Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраиси, сенатор Стив Дэйнс билан бўлиб ўтган мулоқотда мазкур тузилма фаолиятига юқори баҳо берди ва у вакиллик қилаётган Монтана штати билан фаол ҳамкорликни давом эттириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Мулоқот чоғида штат ишбилармонлари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
АҚШ Конгресси аъзоларининг давлатимиз раҳбари юритаётган прагматик ташқи сиёсат ҳамда унда парламентнинг ролига қаратилаётган катта эътибордан бевосита воқиф бўлиши иккала давлат вакиллик органлари ўртасидаги алоқаларнинг изчил ривожланишига кучли туртки бўлмоқда. Конгрессда Ўзбекистонга хайрихоҳ бўлган аъзоларнинг кўпайиб бораётгани олий даражадаги келишувларнинг тўлақонли ижросини таъминлаш ҳамда юқори натижадорликка эришишимизда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун икки давлат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқалар жадал ривожланмоқда. АҚШ Конгрессида Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус самарали фаолият олиб боряпти. Ҳар йили Конгрессда кокус кўмагида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган Ўзбекистон кунлари ўтказиб келинмоқда.
Албатта, бундай тадбирларни ташкил этишда фаоллик кўрсатаётган Стив Дэйнс ҳақида гап кетганда, унинг Ўзбекистон ва минтақа учун муҳим бўлган қатор ташаббусларни илгари сурганини айтиб ўтиш лозим. Жумладан, у ва Крис Мёрфи бошчилигидаги сенаторлар гуруҳи Марказий Осиё давлатлари учун Жексон-Вэник тузатишини узил-кесил бекор қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Сенатга киритган.
Ушбу ҳужжат бир вақтнинг ўзида Вакиллар палатасида ҳам рўйхатга олинган бўлиб, бу ташаббуснинг икки партиявий қўллаб-қувватланишини билдиради. Мазкур тузатишнинг бекор қилиниши Марказий Осиё мамлакатларининг АҚШ бозорига киришини кенгайтириш, Америка инвестицияларини жалб этиш, минтақанинг Вашингтон билан стратегик шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Миллий парламентимиз, хусусан, Сенат АҚШ Конгрессининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокуси билан биргаликда ушбу тарихий ташриф давомида эришилган олий даражадаги келишувларнинг тўлақонли ижросини таъминлаш ва ўзаро муносабатларнинг бошқа йўналишлари бўйича режа-дастурларини тузиб олади. Ўзаро ташрифларимиз орқали мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга, халқларимиз ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳиссамизни қўшишимиз зарур.
* * *
Нафақат АҚШ ва Ўзбекистон, балки жаҳоннинг кўплаб давлатлари жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотган ушбу ташрифлар ҳамда уларнинг доирасида бўлиб ўтган музокараларда миллат, халқ ва минтақа манфаати учун, деган тамойил устуворлик касб этиб турди.
Ташриф давомида ўтказилган тадбирларни халқимиз ҳам ниҳоятда катта қизиқиш билан кузатиб боргани, улар бугун очиқ минбар ҳисобланган ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айлангани бор гап. Хусусан, уларда Ўзбекистон йирик давлатлар ўртасидаги глобал қарама-қаршиликда қайси томонда, кимнинг позициясини қўллаб-қувватлайди, деган мулоҳазалар муҳим ўрин тутади.
Фикр — уйғоқликдан, дахлдорликдан далолат. Бугунги глобал ўзгаришлар даврида, жаҳонда геосиёсий рақобат кучайиб, транспорт-коммуникация йўналишлари ва энергия таъминоти занжирлари ўзгараётган бир вақтда халқнинг ўз тақдирига қизиқиши, кечаётган жараёнларга бефарқ бўлмаслиги ҳам табиий ҳолдир. Шу ўринда Президентимизнинг қуйидаги сўзлари ёдга келади: “Замон жуда мураккаб. Ҳозир катта-катта давлатлар “Ўзбекистон, сен ким томондасан?”, деяпти. Қаттиқ-қаттиқ айтиб, вакиллари ҳам келиб, ўзлари ҳам шунга даъват қиляпти. “Ўзбекистон аҳолиси 36 миллион бўлди, уч-тўрт йилда 40 миллионли катта давлат бўлади, сизлар ким томондасиз?”, деб сўраяпти. Бундай оғир саволга жавоб битта — мен халқим томондаман. Миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун жонимни беришга ҳам тайёрман”.
Аслида бу туйғу “шу Ватан фарзандиман, унинг тақдири — менинг, келгуси авлодларимнинг тақдири”, деб яшаётган ҳар бир юртдошимизнинг қалбидан чуқур жой олиши зарур.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг