Мен бу кунни гўёки юз йиллик урушлар тугашини кутгандек кутдим...

17:24 05 Июнь 2025 Спорт
301 0

Гарчи бу воқеа фронтдаги жанг эмас, балки яшил майдондаги кураш бўлса-да, юрагимда кечаётган туйғулар гўёки йиллаб тўпланган орзулар, эзилган умидлар ва ниҳоят, бош кўтарган ишонч билан йўғрилган бир тарихий лаҳза кабидир. Ўзбекистон миллий терма жамоаси агар бугун бор-йўғи битта очко олса, илк бор жаҳон чемпионатининг шонли саҳнасига қадам қўяди.

Ҳа, жаҳон чемпионатига чиқиш Франция, Англия ёки Бразилия учун “оддий янгилик” бўлиши мумкин. Аммо биз учун бутун халқ орзусининг ушалиши, бир авлод умидининг шарафли якунидир.

Осмон қулаб, тоғлар силкинса керак, деб ўйлардим. Висолга узоқ курашдан сўнг эришилса, ширинроқ бўлади, дейишади. 1994 йилда ФИФАга аъзо бўлар эканмиз ўша йили ўтказилган жаҳон чемпионатини ўтказиб юборишимиз аниқ эди. Аммо 1998 йилда Франция, 2002 йилда Япония ва Жанубий Корея, 2006 йилда Германия, 2010 йилда Жанубий Африка Республикаси, 2014 йилда Бразилия, 2018 йилда Россия, 2022 йилда эса Қатар мезбонлик қилган мусобақадан қолиб кетишимиз…

Орадан 31 йил ўтиб яна тўрт йилликнинг энг нуфузли турнири остонасида турибмиз. Тақдир ҳазилини қарангки, 2026 йилги турнир ҳам биз ФИФАга аъзо бўлганда ўтказилган давлатда бўляпти. Ҳа, биз учун футбол тарихи эҳтимол шу нуқтадан бошланар.

Йиллар давомида биз шундай лаҳзани кутиб яшадик – гўёки Улуғбек юлдузлар ҳаракатини кузатиб, келажакни башорат қилгандек, ҳар сафар термамиз ҳаракати бизда “энди бўлади” деган ишончни уйғотар, аммо охири яна кўзларимизда ёш билан қолаверардик.

Аламдан қизиқчиларимиз футболчилар устидан кулар, биз эса янги жаҳон чемпионатида яна Бразилияга, Аргентинага, Италияга мухлислик қилиб ўтираверардик. Футболда мамлакатимиз ёмон натижалар кўрсатмаган, аммо тан олиб айтайлик, ҳеч қачон бугунгидай ҳаяжон устида эмас эдик.

1… Бу натурал сонларнинг энг кичиги бўлиши мумкин. Аммо айнан шу сондаги очко бизни узоқ кутган орзумизга етиштиради. Бугунги очко – бу фақат рақам эмас. Бу – “мен ўзбекистонликман” деб фахр билан айтадиган янги авлод учун ўзини кўрсатиш имконидир.

Бугун муродимиз ҳосил бўлса, минглаб оммавий ахборот воситаларида жаҳон чемпионатига чиққанимиз ҳақидаги хабарларни қайта қайта, худди ошиқ йигит маъшуқасининг мактубини минг қайта ўқигандай ўқишимиз тайин. Бу ўзгача ҳиссиёт бўлса керак. Ҳозирдан уни ҳис қилаётгандайман. Қандайдир нафасим тиқилиб турибди.

Шундай кунлар бор – бутун халқ бир юрак бўлиб, экранга, стадионга, осмонга, соатига, онасидан қолган тошойнасига қарайди. Ва бугун ана шундай кун. Ҳа, инсоннинг ўзини бахтли ҳис қилиши учун кўп нарса керак эмас.

Олға, Ўзбекистон!

Санжар Шомуродов

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?