Меъморий шакли Қуръон китобини эслатувчи мадрасани биласизми?

09:04 11 Октябр 2020 Маданият
728 0

Юртимиз, жумладан Бухорои шарифдаги ҳар бир осори атиқа, тарихий обида халқимизнинг бой ўтмишидан, юксак тафаккуридан дарак беради.Бунёд этилганига салкам 500 йил бўлган Мир Араб мадрасасини бунга далил сифатида келтириш мумкин.

— Бу мадраса нақшбандия тариқатининг улуғ пири муршиди, соҳибкаромат авлиё ҳазрат Мир Араб қоддасаллоҳу сирраҳу Яманий томонидан милодий 1530 — 1536 йилларда қурдирилган, — дейди Мир Араб ўрта махсус билим юрти мудири ўринбосари Асатулло Ҳабибулло ўғли. — 1536 йилнинг бошида Мир Араб ҳазратлари вафот этганлари боис, у зотнинг васиятларига кўра, қурилишни куёвлари Шайх Закариё охирига етказган.

Шу ўринда «Нега айнан қадимий шаҳарнинг қоқ марказида шундай мадраса қуриш фикрига келинган», деган савол туғилиши тайин.

Айрим тадқиқотчилару муаллимлар, жумладан, мударрис Эркинжон Қудратовнинг билдиришича, асли яманлик бўлган Мир Араб Самарқандга келиб, Хожа Аҳрор Валийга шогирд тушган. Тасаввуфни ўрганган. Хожа Аҳрор Валийнинг вафотларидан кейин Бухорони манзил тутади. Хон Убайдуллахон ҳузурига келади. Бу орада Мовароуаннаҳрга Эрон қўшинлари бостириб келади. Убайдуллахон билан Мир Араб ўз ҳарбий санъатларини ишга солиб, босқинчилар аҳволини танг қиладилар. Ёв ортга қайтади. Шунда Убайдуллахон Мир Арабнинг ғалабага қўшган ҳиссасини тақдирламоқ ниятида «Тилагингизни тиланг», дейди. Тасаввуф илмини чуқур эгаллаган, маънавий дунёқараши кенг бўлган Мир Араб хондан мадраса қурмоқ учун Шаҳристондан ер ажратиб беришни сўрайди. Тилаги бажо келтирилади.

Айтишларича, мадрасанинг меъморий тузилиши Мир Арабнинг тушида зоҳир бўлган. Уйқусида кўрган кошона тасвирини қурувчи-усталарга сўзлаб бериб, қиёмат қойим бўлгунга қадар илму маърифат зиёсини тарқатадиган мадраса бунёд этмоқни буюрган. Қўли гул усталар буни қиёмига етказиб бажаришган.

— Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, мадрасанинг меъморий шакли Қуръон китобини эслатади, — дея давом этади Асатулло Ҳабибулло ўғли. —Бу ердаги ҳужраларнинг 114 талиги эса Қуръон суралари сонига мос келади.

Айтиш ўринлики, ортда қолган салкам 500 йил давомида мадрасада сон- саноқсиз толиби илмлар сабоқ олишди. Бу гўшадан кўплаб буюк зотлар етишиб чиқди. Масалан, Марказий Осиё, Кавказорти ва Россия мусулмонларининг деярли барча муфтийлари шу гўшада илм олиб, ислом дини ва маданияти равнақига ҳисса қўшдилар, десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, бу даргоҳда ҳозир ҳам Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти фаолият кўрсатиб келмоқда. Таълим масканида диний фанлар билан бир қаторда умумтаълим фанлари ҳам ўқитиляпти. Талабаларга араб, инглиз, рус, форс тиллари ўргатилади. Сабоқлар ўзбек ва араб тилларида олиб борилади. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Мир Араб олий мадрасаси ҳам ташкил этилганидан хабардорсиз, албатта. Ўрта махсус ислом билим юртини тугатганлар мазкур олий мадрасада ўқишни давом эттиришлари мумкин.

Айтмоқчи, Мир Араб мадрасаси маданий ёдгорлик сифатида давлатимиз томонидан кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинмоқда. Зеро, салкам беш асрга тенгдош бу гўша аллақачон маърифатпарвар ота-боболаримизнинг боқий тимсолига айланиб улгурди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?