Медведевнинг баёноти, Ғазодаги болалар ва ЕИнинг янги санкциялари (+видео)
Ассалому алайкум, халқаро майдонда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг қисқача шарҳи «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг таҳлилий-информацион дастурида
Медведевнинг баёноти
Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев Украина қўшинларининг Севастополга ракета ҳужуми ортидан Америка Қўшма Штатларини кескин қоралади.
Қрим ярим оролига қилинган ҳужумда камида беш киши ҳалок бўлган ва 100 нафардан ортиқ киши жароҳат олган. Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, АҚШ томонидан етказилган тўртта ракета ҳавода уриб туширилган, бироқ ракета бўлаклари қурбонлар бўлишига сабаб бўлган.
Медведев «Телеграм»даги каналида ҳужумга жавоб бериб, АҚШ ва Украинани тинч аҳолини нишонга олганликда айблаган. У айбдорларнинг «дўзахда ёниши»га умид билдириб, «иккаласи ҳам дўзахда ёнади», деган.
ЕИ Ташқи ишлар вазирлари Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадларни Украинага қурол-яроғ учун Европа тинчлик жамғармасига ўтказишга келишиб олишди.
Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили раҳбари Жозеп Боррел маълум қилди.
Альянс яқин орада Украинага Россиянинг музлатилган маблағларидан олинган фойдадан 1,4 миллиард евро, шунингдек, йил охиригача ўқ-дорилар, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва қурол ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард евро ажратади.
Ғазодаги вазият
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўтган йилнинг октябрь ойидан буён давом этаётган урушни тўхтатувчи ҳар қандай келишувга рози бўлмаслигини яна бир бор таъкидлади. Унга кўра, ҲАМАС билан сулҳ битими келишилган тақдирда ҳам уруш давом этади. Қўшма Штатлар эса Исроил таклифи ҳужумни тугатиш йўли бўлишини таъкидлаган эди.
«Мақсад ўғирланганларни қайтариш ва Ғазодаги ҲАМАС режимини йўқ қилиш», деган Нетаняҳу. Шунингдек, у Ғазо жанубидаги Рафаҳга қаратилган кескин ҳарбий ҳужумлар деярли якунланганини, аммо бу урушнинг бутунлай тугаши эмаслигини қўшимча қилган.
«Биз иложи бўлса, маҳаллий фаластинликлар ва минтақадаги давлатларнинг ташқи кўмаги билан гуманитар таъминотни ҳамда ҳудуддаги фуқаролик бошқарувини яратмоқчимиз. Охир-оқибатда биз, яъни Исроил ҳарбийлари томонидан демилитаризация қилиш ҳамда фуқаролик бошқаруви ўрнатилиши керак», деган Исроил Бош вазири.
Аммо Бош вазир Ғазода ушлаб турилганларнинг бир қисмини бўлсада озод қилиш учун баъзи келишувларга тайёр эканлигини маълум қилган.
Бенямин Нетаняҳунинг айтишича, Яҳудий давлатининг аскарлари тез орада Ливан билан шимолий чегарада мудофаа учун жойлаштирилади.
«Кейинчалик эса биз кучларнинг бир қисмини шимолга кўчириш имкониятига эга бўламиз. Бу биринчи навбатда мудофаа мақсадида. Иккинчидан, фуқароларимизни уйларига олиб келиш учун. Иложи бўлса, буни дипломатик йўл билан қиламиз. Агар имкони бўлмаса бошқача йўлни тутамиз», деган Нетаняҳу.
Буюк Британиянинг «Save the Children» ёрдам гуруҳи Ғазода 21 мингга яқин бола бедарак йўқолганини маълум қилди. Гуруҳ ҳисоботида минглаб болалар вайроналар остида қолиб кетгани, портловчи моддалар таъсирида таниб бўлмас даражага келгани ва маълум бир қисми оммавий қабрларда кўмилгани айтилган.
БМТнинг Болалар ташкилоти йил бошида 14 мингдан ортиқ бола ўлдирилгани, қолганлари эса тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётгани ҳатто уларнинг йиғлашга ҳам кучи қолмаганлигини ёзган эди.
Дональд Трамп коммунистми?
Ел университетининг профессори Жеффри Зонненфелд собиқ президент Дональд Трампнинг иқтисодий сиёсатидан хавотир билдириб, бунинг коммунизмга ўхшашлигини иддао қилди.
Зонненфелднинг таъкидлашича, Трампнинг ғоялари капиталист Адам Смитдан кўра коммунист Карл Марксга кўпроқ мос келади. Профессор собиқ президентнинг йирик бизнес раҳбарлари томонидан кучли қўллаб-қувватланиши яхшиликка олиб келмайди, деб ҳисоблайди.
Унинг сўзларига кўра, Трампнинг иккинчи муддатга президентликка сайланиши хавотирли, номзоднинг таклифлари барча импортларга универсал 10 фоизлик бож жорий этиш ва Федерал захира кенгашини мустақилликдан маҳрум этишни ўз ичига олишини билдирган.
Хитойнинг 19 та компанияси Европада санкцияга учради. Уларнинг «гуноҳи» нима?
Европа Иттифоқи Хитойнинг 19 та компаниясига санкция киритди. Бу ҳақда «France 24» нашри хабар бермоқда.
Россиянинг Украинадаги уруш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаганликда айбланаётган бу ширкатлар Европа Иттифоқининг Москвага қарши санкцияларининг 14-тўпламининг бир қисми сифатида расмийлаштирилган. Шу тариқа, ЕИ томонидан санкция қўйилган фирмаларнинг умумий сонини 675 тага етди.
Компаниялар Россия ҳарбий-саноат комплексига ёрдам беришда айбланмоқда. Рўйхатга Гонконгнинг бир нечта фирмалари ва иккита йирик глобал сунъий йўлдош компанияси киритилган. Хитой бу айбловларни ёлғон маълумотларга асосланганлигини таъкидлаб, рад этади.
Санкцияланган Хитойнинг сунъий йўлдош саноатининг баъзи компаниялари Россиянинг «Вагнер» ёлланма гуруҳи билан 2022 йилнинг ноябрида 30 миллион доллардан ортиқ бўлган муҳим битим тузишган.
Европа Иттифоқининг янги санкциялари Туркия, Қирғизистон, Ҳиндистон, Қозоғистон ва БАА компанияларига ҳам тегишли.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг