Мавлоно Муқимийни ҳайратлантирган қишлоқ

14:05 19 Сентябр 2020 Маданият
1285 0

«Ултарма»га қилдим юруш,

Йўлдош эди бит читфуруш.

Етдим жадаллаб вақти тушь,

Бир дам қизиқ бозор экан.

Муқимийнинг «Саёҳатномаси»да Фарғона вилоятининг ўнлаб қишлоқлари ва у ерда яшовчи инсонларнинг турмуш тарзи, ўзига хос жиҳатлари бирда қувноқ ҳазил, баъзан аччиқ киноя билан ёзилган. Мақолага пешлавҳа бўлган ушбу тўрт сатр Бағдод туманининг Ултарма қишлоғи ҳақидаги ажойиб хотираларни эсга солади.

Ултарма қишлоғида шоирга ҳамроҳ бўлган ўша читфурушнинг авлодлари бугун ҳам ҳунармандчилик қилиб, қора қозонини қайнатади. Қўқон томонларда машҳур Ултарма бозори ҳали ҳам бор. Нарх-навоси ҳамёнбоплиги, рўзғор учун зарур истаган нарсангизни топиш мумкинлиги, савдолашишнинг оддий ва чапани усуллари сақланиб қолгани учун бозорга бағдодликлардан ташқари, қўшни туманлардан ҳам кўпчилик келади.

Ултармаликлар танти, дагари феъли билан машҳур. Нуронийлар бағдодчашевада қишлоқдан чиқиб Қўқон хонларининг хос полвонлари билан курашда марду майдон бўлиб юрган ота-боболари ҳақида фахр-ифтихор билан сўзлашади. Яқин йилларда эса Рустам полвон Тожиев қишлоқ номини бутун мамлакатга достон қилди. Полвонлар юртнинг ори, ғурури саналади.

Табаррук масканлар, қадимий булоқлар қишлоқ ҳаёти кўзга кўринмас қандайдир илоҳий ришталар билан чамбарчас боғлиқдек таассурот уйғотади. Буни қарангки, Қўқон шамоли Ултармани четлаб ўтади. Қишлоқ аҳлининг деҳқончилиги, уй-жойига таъсир кўрсатмайди. Эрта кўкламда қўшни қишлоқлар деҳқонлари Қўқон шамолидан зада бўлиб, ҳовли бўйлаб югургани югурган. Бундай пайтда йўғон чўзиладиган, ингичка узиладиган илик узилди давридан қутилиб, офтобда тобланишни хуш кўрадиган ултармаликлар ялпиз ҳидли ариқлар бўйида Фарғонача аския, гурунгни қойиллатишади.

— Айни пайтда қишлоқда учта маҳалла бўлиб, савдо ва ҳунармандчилик, деҳқончилик яхши ривожланган, — дейди Ултарма МФЙ раиси Муқимжон Эркаев.  — Аҳоли томорқаларидаги иссиқхоналарда лимон етиштирилади. Хонадонларнинг ўртача 30 фоизи лимончиликка ихтисослашган. Ултарма ёнғоғи юртимиз бозорларида жуда ҳам харидоргир. Ҳамқишлоқларимиз чорҳунар, тирикчилик учун бакор келадиган ҳар қандай ишни уддалаб кетишади. Шу боис Ултармадан олимлар, ижодкорлар, ҳунармандлар, миришкор деҳқонлар кўп чиқади. Болаларимизни ҳам ҳаётий, пишиқ-пухта қилиб тарбиялашга ҳаракат қиламиз.

Бағдодни бутун дунёда билишади, «Бағдодда ҳаммаёқ тинчми?» деган машҳур иборанинг ўзи ҳам бу ном замирида қандайдир жаҳонгашталик борлигидан далолатдир. Бугун ҳам бу юрт фарзандлари она сайёрамиз бўйлаб ўз ризқ-насибаларини териб юргани бежиз эмас.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?