Матонат маликалари

15:58 03 Март 2021 Маданият
3055 0

Мулоҳаза

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега баҳор фаслини аёлларга қиёслашади?

Мафтункорлигу гўзалликни ўзида жамлагани учунми?

Шу фаслнинг об-ҳавосидек ўзгарувчан атворга эгалиги боисдир балки?

Аёллар байрами баҳорнинг илк тароватли кунларида нишонлангани учундир?

Не бўлганда ҳам аёл ҳусну латофатини баҳор гулларига, феъл-атворини эса об-ҳавосига қиёс этиш мумкин. Шу ўринда бир савол пайдо бўлди. Аёлнинг эгилса-да, букилса-да синмас иродаси, метин матонатини нимага менгзасак бўлади?

Келинг, шу саволга бирга жавоб излаймиз. Тасаввур қилинг, кўмир конида пайдо бўлиб қолдингиз ва кўмирлар орасида базўр кўринаётган нарсага кўзингиз тушди. То уни қўлга олиб, артиб, тозалаб кўрмагунингизча уларнинг оппоқ дурлар эканлигига ишона олмайсиз. Уларнинг нима учун денгиз тубида эмас, кўмирлар орасида қорайиб ётганига ҳайрон бўласиз.

Худди шунга ўхшаш ҳолатга реал ҳаётда ҳам дуч келиш мумкин, десак, ишонасизми?

Яқинда пойтхтимиздаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида жойлашган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига қилган саёҳатимизда шунга гувоҳ бўлдик. Музейни томоша қилар эканмиз, тарихнинг энг кир саҳифаларига ёзилган руслаштириш, динсизлаштириш, тилсизлаштириш сиёсати ҳақидаги даҳшатларни ўқиб тугатмаёқ, тизимнинг ифлосликларини тўла ҳис этиб улгурдик.

Худди қишнинг авжи бўрон чоғида, исён билан баҳорни дараклаб бош кўтарган бойчечак мисоли, бундай адолатсиз тузумга қарши чиққан миллат фидойиларига нисбатан эълон қилинган қатағон сиёсати адолатсизликларнинг айни авж нуқтасига етган йиллари сифатида нафақат тарих китобларига, балки хотирамизга ҳам муҳрланди.

Музейнинг бир четида турган мўъжазгина экспонат қаршисида туриб қолдик. Рус, ўзбек, қозоқ, тожик миллатларига мансуб 15 нафар аёлнинг сурати териб чиқилган экспонат нима сабабдан бу музейдан ўрин олганига ҳайрон бўламиз. Аммо фотокамера обективига ёки бошқа бир номаълум нуқатага мамнун, қувноқ, жиддий, хиёл мағзун боқиб турган нурли сиймолар сурати остидаги сатрларни ўқидигу барига тушундик. Иқтисодчи... газета муҳаррири... қишлоқ хўжалик бўлими мудири, тиббиёт билим юрти талабаси... ёшлар ташкилот раҳбари... Турли лавозимларда фаолият юритган аёллар, ҳатто ҳеч қаерда ўқимай ва ишламай, фарзанд тарбияси билан шуғулланган уй бекалари... Чиркин сиёсатнинг авж нуқтасига етган йилларда аксинқилобий ташкилот аъзоси сифатида ҳибсга олинган. Уларнинг айримларини қамоққа олиш учун, адолатнинг кўчасидан ҳам ўтмаган сиёсатга биргина сабаб етарли эди — у “халқ душманинг хотини”. Қаранг-а, бир оилани отасидан жудо қилганлари етмагандек, оналарига ҳам чанг солинган экан.

Тарихга эътибор берадиган бўлсак, ҳар бир буюк шахс ортида аёл сиймоси турганини кўрамиз. Чунки бутун бир миллатни аёл дунёга келтиради, аёл тарбиялайди.

У шундай улуғ ва машаққатли вазифани нозик елкасида кўтариб турган бир вақтда қамоққа олиш, музлаган ўлканинг совуқ лагерига сургун қилиш, ҳатто шафқатсизларча қатлга ҳукм қилиш бориб турган золимлик эмасми?!

Уларнинг гуноҳи нима эди? “Халқ душмани” деган ланати тамға билан айбланган, аслида эса халқни астойдил севганидан, аянчли аҳволига астойдил ачиниб, ғафлат уйқусидан уйғотишга ҳаракат қилиб, бу йўлда жонидан кечган миллат қаҳрамонига турмушга чиққаними?! Хайрли ва айни дамда ҳатарли йўлдан кетаётган йўловчининг ҳаёт йўлларида йўлдош бўлганими?!

Шундай “айбсиз айбдор” аёллардан бири сифатида Ҳикмат Фитратовани мисол қилиш мумкин. Ўзбек аёлларигагина хос иффатга қоришган гўзаллик суратидан ҳам яққол сезилиб турган бу аёл — истеъдодли шоир, фаол сиёсий арбоб, миллат жонкуяри ҳисобланмиш жадидчи Абдурауф Фитратнинг рафиқаси.

Умр йўлдоши қўлга олинган 1937 йилнинг 17 сентябрида Ҳикмат ҳам ҳибс этилади. Сабаб ўша-ўша — “халқ душманинг хотини”. У орадан 3 йил ўтгач (бу йиллар давомида масума аёлнинг бошига қандай оғир кунларни солишди экан?) яъни 1939 йилда озод қилинади.

Тарихнинг ўша жирканч саҳифаларини мажбур варақлаймиз, чунки бундай аёлларни эсламасликнинг, хотирасини эъзозламасликнинг иложи йўқ.

Яна бир аянчли тақдир билан танишамиз. Барчамизга Боту таҳаллуси билан таниш шоир Маҳмуд Ходиев 1930 йилда, орадан 10 йил ўтгач эса (яъни 1941 йилда) рафиқаси Валентина Васильева ҳам қамоққа олинган. Ўша вақтдаги Ўрта Осиё давлат университетида ўзбек талабаларига рус тилидан дарс бериб келаётган аёл ўқитувчилик лавозимидан ҳайдалиб, “халқ душмани” деган тамға билан 10 йил муддатга қамоққа ҳукм қилинган. Ниҳоят, 1950 йилга келиб қамоқдан озод этилган аёл умрининг сўнгги кунларигача турмуш ўртоғининг оқланиши ва асарларининг нашр этилишига интилиб яшади.

Яна бир ўхшаш қисмат соҳибаси Зинаида Расулованинг турмуш ўртоғи Али Расулов “Ўззаготхлоптрест”да иқтисодчи лавозимида фаолият юритган. Умр йўлдоши қамоққа олингач, у ҳам 1937 йилнинг 24 октябрида озодликдан махрум этилган ва қарийб 3 йил давомида қамоқда кун кечирган. 1939 йилда озодликка чиққан аёлнинг кейинги ҳаёти ҳақида ҳеч қаерда маълумот учрамаса ҳам у умрининг охиригача кўп жабру ситамларга дучор бўлгани ҳақиқатга яқин.

Матонатли бу аёллар орасида узоқ умр кўриб, қийинчиликлар олдида қаддини букмай мардона курашганлар ва алалоқибат ёруғ кунларга етиб келганлар ҳам бор.

Раҳбар Шермуҳаммедова шундай мардоналар орасида энг кўзга кўрингани. Марказком қишлоқ хўжалик бўлим мудири М. Шермуҳаммедов билан 1928 йилда оила қурган аёл турмуш ўртоғи қамоққа олинган йил “халқ душманинг хотини” деган бўҳтон билан 1939 йилгача қамоқда сақланди. Қарийб бир аср умр кўрган аёл 2001 йил вафот этди.

Агар эътибор берсак, аёлларнинг кўпчилиги асосли айбловларсиз қамоқхоналарнинг совуқ ҳужраларида сақланган.

Ҳақиқат эгилар, балки букилар ҳам, аммо асло синмайди.

Ёлғонлар, туҳматлар билан қамоққа олинган аёллар оқланиб, озод этилгач, эл-юрт орасида яна ҳурмат-эътибор топди.

Шундай ҳақиқат дилбандларидан бири Тожихон Шодиева “халқ душманлари била алоқада бўлган”ликда айбланиб, 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм этилади.

“Халқлар отаси” Сталин вафот этганидан сўнг у ватанига қайтиб, Марғилондаги узумчилик савхозида директор бўлиб ишлаган бўлса, саккиз йиллик қамоқ жазосини ўтаб, эсон-омон лагердан қайтган Раҳима Исломова 30 йил давомида Каттақўрғон туманидаги колхозда раислик лавозимида фаолият юритиб, юрт равнақига ўз ҳиссасини қўша олди.

Музейдан жой олган биргина экспонатни кузата туриб, қисқа сонияларда ўзбекистонлик аёлларнинг бошидан ўтган оғир дамларнинг бир қатрасини ҳис этдик.

Баҳорнинг илиқ нафаси сезила бошлаган кунларда аёллар байрамини нишонлаймиз. Унинг бунчалар эъзозланишига сабаб ҳам унинг гўзаллиги, нафосати, оқилалигию ибо-ҳаёси бўлиш билан бирга, матонати ҳамдир.

Шундай матонат соҳибаларининг порлоқ хотирасини фақат қатағон қурбонлари хотираси куни олдидан эмас, балки ҳар бир шодиёна ва шукрона кунлар арафасида ёд этишимиз лозим.

Инсон — азиз, унинг хотираси ҳам ўзи каби муқаддас!

Бугун арзимаган қийинчилигу муаммолар қаршисида ўзини йўқотиб, ҳаёт синовларига таслим бўлаётган ёш авлод қизлари шундай аёллардан ўрнак олиши керак. Улар қанчалар зулм ўтказилмасин, умр йўлдошидан, эътиқодидан кечишни хаёл ҳам қилмаган (Шу ўринда бу қисматга дучор бўлган Саида Зунуновани ҳам ёдга олиб ўтишимиз шарт). Барча жафоларни сабр билан, бардош билан енгиб ўтган...

Музейни тарк этар эканмиз, мўъжазгина экспонатдан жой олган 15 нафар аёлнинг, халқ қаҳрамонларининг нурли сиймоси билан хаёлан хайрлашамиз.

Уларни орадан қанча вақтлар оқиб ўтмасин, доимо эсда сақлаймиз. Пул илинжида дилбандини сотаётган “оналар”ни, ватанидаги тинч кунларнинг қадрига етмай, турли минтақалардаги жангари тўдаларга бориб қўшилаётган, минг пушаймон ила кафансиз кўмилаётган аёлларни, ўз юрти ривожига ҳисса қўшиш, халқ хизматида бўлишдан кўра нафси, ҳою ҳаваслари йўлида қулга айланиб қолаётган бахтиқора қизларни кўрганимизда Сизларни, албатта, ёдга оламиз.

Матонат маликалари!

Зиёда РАҲИМБОЕВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер