“Мартин Иден”ни 20 соатда ўқиб чиққан китобхон

14:46 11 Ноябрь 2024 Жамият
371 0

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/“Халқ сўзи. Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг 10-синф ўқувчиси Зулҳаё Мингбоева Жек Лондонннинг машҳур “Мартин Иден“ романини 20 соатда ўқиб тугатди. Ўқиш учун тундан тушгача бўлган вақт танланди. Бинобарин, тунги сокинлик мутолаа учун энг қулай. Ушбу тажриба машғулоти асносида “Мутолаа завқи кучлими, уйқу хумори?” деган саволга ҳам жавоб топилди. Ҳайратланарлиси, кундузи ухламаган бўлса-да, ушбу дурдона асардаги воқеалар ривожи романнинг сўнгги нуқтасигача Зулҳаёнинг кўзидан уйқуни қочирди.

— Асарни ҳам тез, ҳам ёдда тўлиқ қоларли даражада ўқишим учун менга “Помидор” усули қўл келди, — дейди Зулҳаё Мингбоева. — Дастлаб 25 дақиқада диққатни бир жойга жамлаб ўқидим. Сўнгра тўхтаб 5 дақиқа давомида ўқиганларимни хаёлимда ўтказдим. Кейин 30 дақиқа ўқиб, тўхтадим-да, яна бояги жараённи такрорладим.

Мазкур ижод мактаби ўқувчилари ниҳоясига етган кузги таътилда ҳам китоб мутолаасини канда қилмади.

— Йил давомида ўқувчиларимизнинг китобхонлиги мунтазам давом этади, — дейди Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Моҳидил Зияева. — Улар мактабдан бўшаган вақтда, барча таътилларда мутолаани тўхтатмайди. Эътиборлиси, ўқувчиларимиз энг сара адабиётларни танлаб ўқийди. Бунда албатта, мактабимиздаги устозларининг тавсиялари асосий мезон ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?