Марказий банк сенаторларга 2022 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисобот берди

Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида Марказий банкнинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Қайд этилганидек, Марказий банк 2022 йилдаги фаолиятини пул-кредит сиёсати ва макропруденциал чораларини инфляцияга монетар омиллар таъсири даражасини қисқартириш, банк тизимида потенциал хатарларни молиявий барқарорликка таъсирини минималлаштириш ҳамда мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадларига йўналтирган.
2022 йил март ойида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 17 фоизгача кўтарилган бўлса, II чоракдан бошлаб макроиқтисодий шароитларнинг барқарорлашуви ва айрим инфляцион хатарларнинг пасайиши ҳисобига асосий ставка 15 фоизгача туширилди.
Ҳисобот йилида иқтисодиётни молиялаштиришда хусусий инвестицияларни рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва юқори қўшилган қийматли янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилди.
Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 203 трлн сўм ёки 2021 йилга нисбатан 22 фоизга кўп кредитлар ажратилган.
Аҳолига ажратилган кредитлар 2021 йилга нисбатан 1,6 баробарга ўсиб, 65,3 трлн сўмни ташкил қилди. Ушбу ажратилган кредит маблағларининг 25,6 фоизини микроқарз, 22 фоизини ипотека кредити, 33 фоизини истеъмол кредити, 14 фоизини микрокредитлар ташкил этган.
Шунингдек, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 424 мингдан ортиқ лойиҳаларга жами 9,9 трлн сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
2022 йилда банкларнинг капиталлашув даражаси 12 фоизга ошиб, йил якунлари бўйича қарийб 80 трлн сўмга, устав капитали миқдори 9 фоизга ўсди.
Шу билан бирга 2022 йилда банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси доирасида давлат иштирокидаги банкларни трансформация қилишга қаратилган ишлар давом эттирилиб, Ипотекабанк ва Ўзагроэкспортбанкдаги давлат улушини хорижий инвесторларга сотиш бўйича жараёнлар якунланди.
Натижада давлат улуши мавжуд банк активларининг банк сектори активлари умумий ҳажмидаги улуши 2021 йилдаги 81,5 фоиздан 2022 йилда 78,2 фоизгача пасайган.
Аҳолига республика ва хорижий тўлов тизимлари инфратузилмасида бир карта орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятини берувчи кобейджинг банк карталари сони 2021 йилга нисбатан 2,7 баробарга ошган.
Шу билан бирга, сенаторлар Марказий банк томонидан амалга оширилиши лозим бўлган айрим масалаларга эътибор қаратдилар.
Жумладан, банкларда рақамлаштириш билан боғлиқ белгиланган қатор вазифалар ижроси қолиб кетаётгани, тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида шаффофликнинг тўлиқ таъминланмаганлиги, инсон омилининг юқорилиги кредит олиш жараёнини қийинлаштириб, бюрократик тўсиқларнинг юзага келишига омил бўлаётгани қайд этилди.
Шунингдек, Марказий банкнинг 2023 йилги фаолиятида нархлар барқарорлигини таъминлаш, пул-кредит сиёсати инструментларини ҳамда аҳолининг банклардаги омонатларини ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш, инфляцияга номонетар омиллар таъсирини пасайтириш ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш борасида ишларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Муҳокамадан сўнг сенаторларнинг Марказий банк фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлари акс этган тегишли қарор қабул қилинди.
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлиси 29 сентябрь куни чақирилади
- Чустда боғча тарбияланувчилари доридан заҳарланганмиди ёки... Вазиятга аниқлик киритилмоқда
- Ҳанжоуда Осиё ўйинларига старт берилди. Очилиш маросимидан фоторепортаж
- Шавкат Мирзиёев Италия собиқ президенти вафоти муносабати билан таъзия йўллади
- Астраханда VIII Каспий медиафоруми бўлиб ўтди
- Самарқанд давлат университети — Марказий Осиёдаги ноёб олий таълим даргоҳи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг