“Маърифат” китобхонлари аниқланди

14:51 19 Декабрь 2019 Маданият
1711 0

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Маърифат” газетаси томонидан Ўзбекистон Либерал Демократик партияси ҳамда Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида илк бор ташкил этилган “Маърифат” китобхони” танловининг ғолиблари тақдирланди. Тақдирлаш маросимида ҳамкор ташкилотлар вакиллари, таниқли шоир-ёзувчилар, ёш ижодкорлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Танлов шартига асосан бир йил мобайнида ҳар ой таҳририят томонидан ўқиш учун турли китоблар эълон қилиб борилди. Ўқувчилар ўн икки ой давомида босқичма-босқич ўн иккита бадиий асарларни ўқиб борди. Якунда эса ана шу мутолаа қилинган китоблар асосида ёзилган эсселар қабул қилинди. Энг таъсирли ва ибратли эссе муаллифлари ва фаол мактаблар танлов ҳайъати аъзолари томонидан маъқулланиб, ғолиб деб эътироф этилди.

— Бугун халқимизни, айниқса, ёшларимизни китобхонликка, газетхонликка тарғиб қилиш ҳар биримизнинг вазифамизга айланиши керак. — дейди Ҳусан Нишонов “Маърифат” газетаси бош муҳаррири. — Бу борада айниқса муаллимлар доимо илғор бўлишган. Янги ташкил этилган ушбу танловда ҳам республикамизнинг турли ҳудудларидаги энг фаол, энг газетхон, энг билимдон ўқитувчиларнинг ўқувчилари ғолиб чиқди. Бугунги ёшларимизни олдидаги имкониятлардан келиб чиқиб айтсак, уларни бундай шиддатли даврда китобхонликка, газетхонликка жалб қилиш ниҳоятда қийин вазифага айланиб қолди. Шундай вазифани ўқитувчилар аввало ўзлари ўрнак бўлган ҳолда амалга ошириб келишмоқда. Бу танловни келгусида анъанавий тарзда давом эттиришни режалаштирдик.

Танловнинг якуний босқичига кўра, учта асосий, ўнта рағбатлантирувчи ўринлар ҳамда “Энг фаол китобхон мактаб” ва “Китобхонликни тарғиб қилган энг фаол ўқитувчилар” номинацияларда ғолиблар тақдирланди. Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом, кўплаб бадиий китоблар ҳамда ҳамкор партия томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Юлдуз ЎРМОНОВА, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?