Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш — давр талаби

10:03 05 Январь 2024 Маданият
1501 0

Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижасида халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгаряпти. Ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишда «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган ҳаётбахш ғоянинг аҳамияти ҳам ортиб бормоқда.

Бироқ бугун дунёда рўй бераётган иқтисодий, мафкуравий, ғоявий қарама-қаршиликлар, шу билан бирга, тараққиёт суръатларининг шиддатли тус олгани, ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири мамлакатимизда ҳам сезилаётгани эришилган натижалар ва тўпланган бой тажрибадан келиб чиққан ҳолда белгиланган мақсадларни яна бир бор қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

2023 йил 22 декабрда Президентимиз раислигида маънавият ва маданият фаоллари, адабиёт ва санъат намояндалари, шунингдек, ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигига масъул раҳбарлар иштирокида илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият масалаларининг бугунги ҳолати таҳлилига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бу йўналишдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Сабаби, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг юксак чўққисига қараб ривожланаётган давлат ва жамиятларда маънавий-маърифий жараёнларнинг тўғри ташкил қилинганлиги муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари — уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиқади.

Мазкур учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби Ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур эканлиги таъкидланди.

Шу ўринда эътироф этиш керакки, сўнгги етти йилда маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, мамлакат аҳолиси, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштиришнинг ягона тизими яратилди.

«Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва бойитиш мақсадида Мақом, Бахшичилик ва Аския санъати марказлари ташкил этилди. Шунингдек, «Баҳор» рақс ансамбли, Давлат филармонияси, Давлат симфоник оркестри каби 20 дан ортиқ муассасалар фаолияти йўлга қўйилди, 11 та янги музей, 2 та театр, 28 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 5 та олий таълим муассасаси очилди.

Соҳанинг мустаҳкам иқтисодий асосларини яратиш мақсадида 2016 йилдагига нисбатан маблағ ажратиш кўрсаткичи 5,6 баробардан зиёдга оширилди. Хусусан, бу йил ижтимоий соҳага энг кўп — 134 трлн. сўм маблағ ажратилди. Бундай иқтисодий имкониятларнинг яратилганлиги, ушбу йўналишда талаб ва эҳтиёж юқори бўлган кадрларни тайёрлаш имконини беради.

Шунингдек, учрашувда соҳа ривожи учун алоҳида Президент қарори қабул қилиниши, Бухородаги тарихий масканда Жадидлар мероси давлат музейи очилиши ҳамда «Жадид» номли янги газетага асос солиниши айтилди. Бу ўз ижросини топди.

Гап шундаки, Янги йилнинг илк кунларида уйғоқ қалбли юртдошларимиз учун яна бир минбар бўлган ушбу газетанинг биринчи сони чоп этилди.

Давлатимиз раҳбарининг «Жадид» газетаси жамоаси ва муштарийларига йўллаган табригида таъкидланганидек, ўтмишда жадидчилик ҳаракати марказларидан бири сифатида шуҳрат қозонган Ватанимизда бугун шу номда янги газетанинг фаолият бошлаётгани бу борадаги ишларимизнинг яна бир амалий натижаси, тарихий адолат тантанаси, десак, айни ҳақиқат.

Нашрда Ўзбекистон халқ шоири, атоқли ижодкор Иқбол Мирзонинг «Муҳаррир минбари» рукни остидаги «Бирлашмоқ даври» сарлавҳали бош мақоласида мазкур янги нашрнинг мазмун-моҳияти, мақсад-муддаолари, йўналиши ўз ифодасини топган. Унда: «Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари — уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар», деган сўзлари шунчаки тарихий маълумот эмас, балки биз учун жиддий чақириқ эканини ҳар биримиз теран англашимиз шарт», деб ёзади муаллиф.

Янги нашрнинг айнан ана шундай вазифани кўп йиллар адо этиб келган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси негизида ташкил этилганида нафақат рамзий, аввало, чуқур тарихий маъно, ворисийлик туйғуси бор. Шу маънода, икки жилға бирлашиб, катта бир дарёга айланади, деб ишонамиз.

Шу билан бирга, маданий-маърифий соҳадаги ишларда ҳокимларнинг масъулияти оширилиб, туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканлари ишга туширилади. Ҳудудлардаги 4 та секторга қўшимча равишда маънавият сектори ташкил этилиб, улар жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида фаолият кўрсатади.

Келгуси йилдан ҳар бир туманда саҳнали зал, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари бўлган биттадан маданият маркази фаолияти йўлга қўйилади. Жойлардаги 600 дан зиёд бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг моддий-техника базасини яхшилаш бўйича дастур қабул қилиниб, бунга 100 млрд. сўм йўналтирилади. Мақом ва бахшичилик санъатини илмий асосда ўрганиш ва ривожлантириш кучайтирилади.

Шу билан бирга, жамиятимизда китобхонлик маданиятини ошириш қўллаб-қувватланади. Ижодий буюртмалар, муаллиф ва таржимонларга тўланаётган қалам ҳақи кўпайтирилади. Нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш мақсадида улар 5 йилга солиқлардан озод қилинади. Мусиқа ва санъат мактаблари муаллимларининг ойлик маошлари оширилиб, ушбу муассасаларнинг коммунал харажатлари бюджетдан қоплаб берилади.

Умуман олганда, белгилаб олинган мақсад ва вазифалар, аввало, оилада, қолаверса, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш имкониятини яратиб беради.

Севара Ботирова,

Наманган давлат педагогика институтининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?