Мамлакатимизнинг махсус иқтисодий зоналари рақобатбардошлигини ошириш юзасидан парламент сўрови юборилди

17:40 20 Ноябрь 2020 Сиёсат
72 0

Бугун, 20 ноябрь куни ўтказилаётган Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида мамлакатимиз махсус иқтисодий зоналарининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинаётган чоралар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Муҳокамада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва диверсификациялаш, иқтисодиётга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацияларни жалб қилиш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини ошириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган вазифаларни амалга оширишда махсус иқтисодий зоналар муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Сўнгги тўрт йил ичида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича кўрилган муҳим чора-тадбирлар туфайли 13 та минтақада 21 та махсус иқтисодий зона ва 143 та кичик саноат зонаси фаолият кўрсатмоқда. Республикадаги махсус иқтисодий зоналарда умумий қиймати 2,91 млрд. АҚШ долларига тенг 368 та лойиҳа рўёбга чиқарилди, шундан 726,8 млн. АҚШ долларини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш якунларига кўра, 29 351 мингта янги иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, мажлисда Марказий Осиёда ривожланишнинг ҳозирги босқичида миллий иқтисодиётга хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш бўйича рақобат кучаяётгани қайд этилди. Минтақадаги бешта давлатдан тўрттасида махсус иқтисодий зоналар очилиб, ҳозирда муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Таҳлиллар ушбу махсус иқтисодий зоналар қатор геосиёсий, солиқ ва божхона устунликларига эга эканлигини кўрсатди.

Шу билан бирга, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан махсус иқтисодий зоналар фаолиятини ўрганиш пайтида аниқланган салбий фактлар Сенат аъзоларининг жиддий танқидлари ва хавотирларига сабаб бўлди.

Жумладан, мамлакатимиздаги махсус иқтисодий зоналар фаолиятини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини таҳлил қилиш, инвесторлар ўртасида ўтказилган сўровнома асосида Қўмита тезликда ҳал қилишни талаб қиладиган бир қатор муаммоли нуқта ва камчиликларни аниқлади.

Биринчи навбатда, бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршилик ва номувофиқликлар, шунингдек уларнинг давлат органлари томонидан ўзбошимчалик билан талқин этилишидир. Махсус иқтисодий зоналарни ривожлантиришга доир узоқ муддатли стратегиянинг йўқлиги, ваколатли давлат органлари томонидан инвестиция аризаларини кўриб чиқиш жараёни чўзилиб кетиши, асоссиз бюрократик тўсиқлар ва маъмурий чекловларнинг мавжудлиги шулар жумласидан.
Муҳокама доирасида сенаторлар махсус иқтисодий зоналар ҳудудида ваколатли давлат органлари томонидан ҳозирги вақтга қадар муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергияси, газ, совуқ сув, канализация) ва ижтимоий инфратузилма сифати, хорижлик инвесторлар, ишчилар ва уларнинг оила аъзолари учун кўп марталик визалар олишнинг соддалаштирилган тартиби билан боғлиқ масалалар ҳал этилмаганлигини қайд этди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари ташаббуси билан яратилган қулай шарт-шароитларга қарамай, махсус иқтисодий зоналар, афсуски, хорижий инвесторлар ва тадбиркорларни ўзига жалб этувчи марказларга айланмаганлиги, улар томонидан илғор технологиялар асосида инновацион лойиҳалар кутилган даражада амалга оширилмаганлиги танқид остига олинди.

Шу жиҳатдан мамлакатимиз махсус иқтисодий зоналарининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинаётган чоралар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақида Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?