Мактаб битирувчи касб эгаси бўлса...

16:47 27 Январь 2023 Жамият
1114 0

Фото: Халқ сўзи

Навоий вилояти Кармана туманидаги 15- умумтаълим мактабининг 11- синф ўқувчиси Низомиддин Исаев асли Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидан. Таътильда Кармананинг Зиёкор маҳалласида яшовчи аммасиникига меҳмонга келиб, шу атрофдаги заргарнинг ҳунарига қизиқиб қолган. Хорижда меҳнат қилаётган отаси билан маслаҳатлашиб, дарсдан бўш вақтларида заргарга шогирд тушишига розилик олган. Шу тахлит, мана олти ойдирки, у маҳалладаги мактабда ўқиш билан бирга қадим шаҳарнинг олди ҳунарманди Меҳриддин заргардан санъат даражасидаги ҳунарнинг сир-синоатини ўрганмоқда.

— Мактабимизни жорий йил Меҳриддин қатори 55 нафар ўғил-қиз битиради, — дейди 15- умумтаълим мактаби директори Юлдуз Ўроқова. — Шуларнинг 23 нафари уста-ҳунармандларга шогирд тушиш орқали ёки оиласида ота-онасининг ёрдамида турли ҳунарларни ўрганмоқда. Очиғи, таниқли усталарга шогирд тушган йигитларимиз пул тўлаб, дурадгорлик, автотеххизмат устачилиги, маиший техникаларни таъмирлаш каби касбларни, қизларимиз эса қандолатчилик, бичиш-тикиш, пазандалик ва кейинчалик ҳам рўзғор, ҳам оилавий бизнесда қўл келадиган ҳунарларнинг эгаси бўлишмоқда. Шу жиҳатдан олсак, мамлакатимиз Президентининг ўқувчи-ёшларга умумтаълим мактабларида туман ва маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб 64 та касб-ҳунарни ўргатишни йўлга қўйиш ташаббуси ҳар бир ота-онанинг орзу-нияти рўёби йўлида муҳим қадам бўлди.

Кармананинг Зиёкор маҳалласида қадим-қадимдан ҳунармандлар истиқомат қилишган. Айтайлик, бугун 15- умумтаълим мактабининг 11-синфида ўқиётган Отабек Кенжаевнинг ота-боболари темирчи ўтишган. Замон талабидан келиб чиқиб, отаси Толиб Кенжаев темирчилик билан бирга дурадгорлик ва мебелсозликни ҳам ўзлаштирди. Бугун фарзанди Отабекни ёнига олган.

— Қўли анча келиб қолди, — дейди Т. Кенжаев. — Уч-тўрт йилдан буён ёнимда, буюртма олиб, рўзғоримизга бирга даромад олиб кирамиз.

Давлатимиз раҳбари умумтаълим мактаблари битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига бирор-бир касбни эгалламасдан кириб келаётганлигини, уларга касб ўргатилса, бу бир қатор ижтимоий муаммоларга ечим бўлишини таъкидлади. Аслида бу узоқ йиллар мутасаддилар билиб-билмасликка олиб келган муаммо.

— Коллежни тугаллаганман, — дейди яна бир битирувчи — Азизанинг онаси Дилфуза Қаюмова. — Кейин курсга қатнаб мана шу қандолатчилик касбини ўргандим. Аввалига катта қизим шогирд эди (ҳозирда оила қурган). Бугунги кунда Азиза билан уйда буюртма олиб, оиламизга қўшимча даромад келтирамиз. Гап даромадида ҳам эмас. Қиз бола ота уйида бирор касб-ҳунарни ўрганса, кейинчалик ҳаётда ҳеч ҳам қийналмайди.

Мактабнинг яна бир битирувчиси Севинч Пармонова тикувчи онасига шогирд. Икки дугонаси ҳам Нафиса Пармоновадан тикувчилик касбини ўрганмоқда. Хуллас, биргина маҳаллада бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин. Мамлакатимиз Президенти ташаббуси асосида умумтаълим мактабларида касб ўргатишнинг йўлга қўйилиши ота-оналар орзусини рўёбга чиқариш билан бирга, битирувчилар дилида мактаб партасидаёқ эртанги кунга ишончларини мустаҳкамлаши тайин.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер