Маданий мерос объектлари давлат ҳимоясида

16:10 21 Октябр 2020 Маданият
345 0

Бугунги кунда мамлакатимизнинг моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар салмоғи катта. Айни пайтда ЮНEСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондаги 4 та меъморий мажмуа – Хива, Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари киритилган.

ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига эса, мамлакатимиз номоддий маданий меросининг 8 та объекти (Бойсун маданий макони, Шашмақом мумтоз мусиқаси, Катта ашула, Аския санъати, Наврўз, Палов маданияти ва анъаналари, Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази: адрас ва атлас тикиш, Хоразм рақси – Лазги) киритилган.

Мамлакатимизнинг ЮНEСКОга аъзо бўлган 1993 йилдан бошлаб соҳага оид барча асосий халқаро ҳужжатларига қўшилиш чораларини кўрди, уларнинг нормалари миллий қонунчиликка имплементация қилинмоқда.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон ҳудудидаги ноёб маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, тарихий шаҳарларнинг бош лойиҳаси ва менежмент режасини ЮНEСКО халқаро стандартлари ҳамда талабларига мувофиқ ишлаб чиқишда мазкур тузилманинг халқаро экспертлари ҳам кенг жалб этилмоқда. ЮНEСКО билан яқин ҳамкорликда моддий ва номоддий мерос объектларини асрашга доир турли халқаро анжуманлар ташкил қилинмоқда.

Мазкур тадбирлар маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш йўлидаги долзарб муаммоларни кўриб чиқиш, халқаро тажрибани ўрганиш, тарихий-маданий мерос сақланишини таъминлашга доир миллий тизимни такомиллаштириш, бу йўналишдаги давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишларини аниқлаш имконини бермоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этишда, хусусан, ЮНEСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг тавсияларини бажаришда айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Шундан келиб чиқиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси маданий мерос объектларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, сақлаш ва тиклаш бўйича Ҳукумат томонидан белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишига алоҳида эътибор қаратиш мақсадида парламент сўрови юборилган эди.

Айтиш мумкинки, Президентимизнинг 2018 йил 19 декабрдаги «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори бу борада янги босқични бошлаб берди.

Қарорнинг 10-бандига асосан ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра киритилган республикадаги ҳудудлар алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланиши белгиланди. Уларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Маданий мерос департаменти ҳамда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширишига оид тартиб ўрнатилди.

Шунингдек, «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида VI боби алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларга оид қатор нормалар белгиланган.

ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра киритилган республикадаги ҳудудлар алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар сифатида белгилаб қўйилиши ушбу ҳудудларнинг ҳуқуқий мақомига аниқлик киритилди ва уларни муҳофаза қилишнинг қонуний асослари яратилди.

Таъкидлаш жоизки, режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишиб олиш йўлга қўйилди. Масалан, 2020 йилда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишиб олиш учун 11 та лойиҳа Умумжаҳон мероси марказига юборилган. 2020 йил сентябрь ойида Бухоро тарихий марказида режалаштирилган объектнинг лойиҳаси юзасидан Умумжаҳон мероси марказининг ижобий хулосаси олинди.

«Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Жиноят кодекси ҳамда «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексига Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларга тааллуқли жавобгарлик белгиланди.

Умуман олганда Ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузишга оид республика бўйича 2020 йилнинг ўтган даврида 39 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилди ва кўриб чиқиш учун судларга юборилди.

ЮНEСКО Умумжаҳон қўмитасининг миллий қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги тавсияларини бажариш билан бир қаторда Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларни халқаро мезонлар бўйича бошқариш режалари ва ҳисоботларни тайёрланмоқда.

Умуман олганда, Маданият вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан мамлакатимиздаги моддий маданий мерос объектлари ва ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлари бўйича ҳисоботларини эшитиб бориш ва қўшимча чора-тадбирлар кўриш, бу борада белгиланган вазифаларни тўлиқ ва самарали бажариш ҳамда мутасаддилар масъулиятини кескин ошириб бориш каби ишларни амалга ошириш белгиланган.

Абдулло АСЛАНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?