Лангар ота зиёратгоҳи сайёҳлар учун муҳим объектга айланади

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2023 йил 24 – 25 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қамаши туманидаги Майданак обсерваторияси жойлашган ҳудудда туризм зонаси барпо этиш лойиҳаси билан танишиб, уни амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берганди. Айни пайтда ҳудудда лойиҳа доирасида қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Зарур инфраструктура тизимлари барпо этиляпти. Бу эса «Қизилтепа — Майданак» йўли бўйида жойлашган Лангар ота зиёратгоҳини «Майданак баланд тоғ туристик маркази» йўналишидаги муҳим объектлардан бирига айлантириши, зиёратгоҳга сайёҳлар оқимининг янада кўпайишига замин яратиши табиий.
Тарихий манбаларда келтирилишича, Лангар ота зиёратгоҳи бундан 500 йил аввал, яъни 1520 йилларда бунёд этилган бўлиб, ушбу мажмуада тасаввуф таълимотининг йирик вакиллари абадий қўним топган.
Лангар ота зиёратгоҳи, бу ердаги мақбара ва масжид ўзининг тарихи, сиру синоатларга бойлиги, ноёб архитектура ечимларга эгалиги билан сайёҳларни, зиёратчиларни ўзига чорлаб келган. Бу масканга ҳар гал келганингизда янги маълумотларга эга бўласиз, зиёратгоҳ жойлашган ҳудуднинг гўзалликларидан ҳайратингиз ошади. Буни сафаримиз давомида яна бир бора ҳис этдик.
Зиёратгоҳ ходими Жўрахон Назиров бизни мақбара ва унинг тарихи билан таништирди.
— Лангар ота зиёратгоҳи бунёд этилиши шайх Муҳаммад Содиқ номи билан боғланади, — дейди у. — Мақбаранинг ичида бешта қабр бўлиб, улардан учтаси ўз ўлчами ва қўйилган ёдгорлик тошлари билан алоҳида ажралиб туради. Тошлар сиртига моҳирлик билан араб имлосида ёзувлар битилган. Мақбара ичидаги қабрларнинг жойлашиши ҳам ўзига хос. Шайхлар хонадонига мансуб бўлмасада, ижтимоий мавқеи билан юқори лавозимлардан бирини эгаллаган Амирбек Содиқ ибн Баҳодирнинг қабри шайх Муҳаммад Содиқ қабрининг жануб томонида, яъни унинг оёқ учида жойлашган.
Жўрахон Назировнинг қўшимча қилишича, ушбу мақбаранинг Лангар қишлоғида бунёд этилиши бежиз эмас. Кўп йиллар давомида бу ҳудуд диний ва дунёвий илмлар масканларидан бири бўлиб келган.
Қадимшунос олим Абдисобир Райимқуловнинг қайд этишича, ўрта аср муаррихи Ибн Хавқал мазкур қишлоқ ҳудуди қадимда Кеш вилоятига бўйсунувчи Сиям туманига қарашли бўлгани, туманнинг номи, айниқса, милодий 776 йилдан сўнг жуда машҳур бўлгани ҳақида ёзади. Шунингдек, археологик қазишма ишлари пайтида сомонийлар даврига оид ғиштлар топилгани бу манзилгоҳ ушбу сулола ҳукмронлиги даврида ҳам фаолият кўрсатганидан далолат беради.
XIV-XVI асрларга келиб бу ҳудуд ислом дини ривожига катта ҳисса қўшган илм марказларидан бирига айланганини бу ерга олис юртлардан келган илмга ташна кишилар тасаввуф алломаларидан сабоқ олишганида кўриш мумкин.
Шу билан бир қаторда, Лангар ота зиёратгоҳида жойлашган мақбара ва масжид ҳудудда архитектура ва шаҳарсозлик илми, тажрибаси ҳам ниҳоятда ривожланганини кўрсатади. Биргина Лангар ота масжидини оладиган бўлсак, у ўзининг ҳайбати ва ноёб меъморий ечимларга эгалиги билан ҳамон кўпчиликни ҳайратга солиб келмоқда.
Ушбу масжид 2 та хонақоҳ, 1 айвон, 4 меҳроб, 19 та устун ва 7 эшикдан иборат бўлиб, унинг баландлиги 11, бўйи ва эни эса 32 метрни ташкил этади. Қурилиш услубидан тортиб, ишлатилган ашёларига қадар сиру синоатга бурканган.
— Масалан, бир неча йил аввал масжидни таъмирлаш режаси билан Тошкент шаҳридан мутахассислар келишган эди, — дейди Лангар ота масжиди имом-хатиби Абдураҳмон Холиқов. — Шунда бу ерга таъмирлаш учун зарур бўладиган айрим қурилиш материалларини қандай олиб чиқиш муаммоси юзага келди. Анча маслаҳатлашувдан сўнг мутахассислардан бири «Биздаку шунча қудратли техникалар бор. Лекин аждодларимиз бу улкан устунларни қандай қилиб бу баланд тепаликка олиб чиқишган экан?» деб қолди. Ҳақиқатан ҳам бу жумбоқ. Ахир бу устунларни на от, на туя кўтара оладида.
Абдураҳмон Холиқовнинг таъкидлашича, Лангар ота масжиди мамлакатимиздаги бугун ҳам фаолият юритаётган ва асл ҳолида сақланиб қолган жоме масжидлари ичида энг қадимийларидан бири ҳисобланар экан. Бу масжид беш аср давомида деярли ўзгаришларсиз сақланиб келинган.
Айни вақтда эса масжид олдида қўшимча хоналар қурилиб, зиёратчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Шунингдек, масжид девори ва айрим безакли қисмлари АҚШ ва италиялик мутахассислар томонидан тарихийлик кўринишига зарар етказилмаган ҳолда таъмирланмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда туризмни ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли амалий саъй-ҳаракатлар Қамаши туманидаги Лангар ота зиёратгоҳига ҳам сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг