«Кўзгудаги мўъжиза»ни кўрганмисиз?

17:40 19 Ноябрь 2020 Маданият
783 0

Бухородаги Cитораи Мохи Хосса мажмуаси ҳақида соатлаб сўз юритиш мумкин. Бухоро амирларининг ёзги қароргоҳи вазифасини ўтаган бу масканда халқимиз ақл-заковати маҳсули бўлган осори атиқларни ҳар қадамда учратасиз. Биз улардан бири – «Кўзгудаги мўъжиза» дея таърифланган Хонаи Сафед — Оқ уй ҳақида қисқача сўз юритмоқчимиз.

— Оқ уй сарой хоналари ичида ўзининг бетакрор безаклари билан алоҳида ажралиб туради, — дейди Cитораи Мохи Хосса халқ амалий безак санъати музейи илмий ходими, санъатшунос Наргиза Жумаева. — У 1912 — 1914 йилларда машҳур ҳунарманд Уста Ширин Муродов ва унинг 25 нафар шогирди томонидан қуриб, пардозланган.

Айтишларича, уста хонани қандай безаш устида узоқ ўйлайди. Кунлар, ҳафталар ўтади. Бир эмас, икки ой ортда қолади. Ёз оқшомларининг бирида устанинг кўз ўнгида юлдузларга тўла осмон, тўлин ой намоён бўлади. Бу манзарадан бениҳоя таъсирланган Уста Ширин йўқотган буюмини топган кишидек суюниб кетади. Тасаввурида ўзи пардоз бермоқ ниятидаги залнинг қиёфаси пайдо бўлади ва эртасигаёқ ишга киришади.

Кўз ўнгида ойнадай равшан тортган манзарани яратиш учун у икки йил вақт сарфлайди.Безаш ишларида заминкор пардоз, чока пардоз, табақа пардоз каби жами беш услубдан фойдаланади. Шу жараёнда ўзи ҳам янги бир услуб яратади. Бу ойнапардоз услубидир. Унга қадар миллий ганчкорлик санъатида ҳеч ким кўзгу устига ўймакорлик йўли билан пардоз бериш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмаган.

— Хона деворларида безаклар ойна устида ганчдан ўйиб безалган, — дея давом этади Н. Жумаева. — Хонанинг қордай оқлиги, безак ишларида ойнанинг кўп қўлланилгани унга ўзгача кўрк ва жозиба бахш этган. Девордаги токчаларни устанинг шогирдлари безашган. Безаклар бир-бирига сира ўхшамайди. Чунки бир шогирд ишини иккинчиси такрорламаган. Энг мураккаб безакларни эса Уста Шириннинг ўзи бажарган. Гуллар ва нақшлар хона деворларида ойна устига шундай жойлаштирилганки, кўзгулар минг-минглаб бўлакларга ажралиб кетган. Сарой шоири Анбарийнинг бу гўзаллик олдида лол қолиб, форс тилида араб ёзувида битган байтидаги «Лойи олдида Чин нақши узр сўрасин» мисрасини ўқиб ҳам кўп нарсани англаш мумкин.

Ганч ўймакорлигининг нодир намунаси саналган бу гўшага ўша вақтда қандиллар Полшадан, чинни гулдонлар Япония ва Хитойдан келтирилган. ”Қизил оёқ” гилами эса хона кўркига кўрк қўшган. Эртаклардаги қасрларни ёдга солувчи бу маскан мана, бир асрдан зиёд вақт ўтибдики, томошабинлар, хусусан, хорижий сайёҳларни ўзига мафтун этиб келмоқда.

«Кўзгудаги мўъжиза»ни яратган халқимизнинг ардоқли фарзанди Уста Ширин Муродов бу каби яна кўплаб ўлмас ишлар ижодкори сифатида тарихда қолган. Бу ҳақда мавриди келганида бафуржа сўз юритамиз, албатта.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?