Коронавирус билан гриппнинг фарқли аломатларини биласизми? — мутахассис жавоб беради

18:44 05 Октябр 2020 Жамият
3772 0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди Севара УБАЙДУЛЛEВА шу ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

Савол: Коронавирус билан гриппни қандай фарқлаш мумкин?

Жавоб: Коронавирус ва гриппнинг бир-биридан ажратувчи бир неча белгилари мавжуд. Жумладан, касалланган бемор билан мулоқотда бўлсангиз, грипп касаллигининг яширин даври 5-7 кун, коронавируснинг яширин даври эса 2-14 кун.

Икки касаллик ҳам тумов, кўз ёшланиши, бурун оқиши, акса уриш, тана ҳароратини кўтарилиши билан кечади.

Лекин грипп касаллигида:

— умумий белгилар 1-3 кунгача бўлади. Енгил даражасида тана ҳароратининг 38 С дан юқори бўлиши бир марта кузатилади, 3-кундан бошлаб бемор аҳволи яхшиланишни бошлайди;

— гриппнинг оғир кечувида, агарда касаллик бронхлар ва ўпкаларни жароҳатлаган бўлса, унда грипп оқибатида кузатиладиган тана ҳарорати 5 кундан ортиқ ҳам 38 С дан юқори бўлиши мумкин, ундан кўп муддат кузатилмайди. Грипп касаллигида йўтал биринчи 3-4 кун қуруқ, сўнгра эса балғамли бўлади ва даволашда асосий мақсад балғамни парчалаш ёки кўчиришга кўмаклашишдир;

— грипп касаллигидаги пневмонияда ўпканинг яллиғланиши касалликнинг реабилитация жараёнида қайта тикланиши мумкин. Грипп касаллиги фақат юқори ва пастки нафас йўлларини зарарлайди. Грипп касаллигида асаб тизимининг жароҳатланиши кузатилмайди.

Коронавирус касаллигида эса:

— умумий белгилар 1-3 кун кузатилади, тана ҳарорати енгил кечувида 38 С даражага бир марта кўтарилади. Сўнгра 37 даражада бўлади. Енгил кечувида тўғри давони сақлаган ҳолда олиб борилса, бемор аҳволи касалликнинг 5-7 кунларида яхшиланиб боради;

— касалликни оғир кечувида эса, 8-кундан бошлаб тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилади. Умумий ҳолсизлик кучаяди, қуруқ йўтал зўраяди, нафас етишмовчилиги, яъни ҳансираш ҳам кучаяди. Коронавирусда йўтал балғамсиз бўлади ва у касалликни кечувига боғлиқ ҳолда 2-3 ҳафтадан 1,5 ойгача кузатилиши мумкин;

— коронавирусдаги йўтални даволашда кўпроқ нафас машқларини ўтказиб, альвеолаларнинг фаолиятини тўлиқ таъминлаш билан организмнинг тўқима ва ҳужайраларига кислород таъминотини тиклашга қаратилган бўлади;

— коронавирус касаллигининг оғир ва ўта оғир кечувида ўпкалар интерстицияси, альвеолаларининг фиброз тўқима билан қопланиши ойлар давомида тикланиши ёки маълум қисми умуман тикланмаслиги ҳам мумкин;

— коронавирус касаллигида инсон организмининг бир неча аъзолари (нафас аъзолари, ошқозон ичак тизими аъзолари, юрак қон томир тизими аъзолари, буйрак тизими, эндокрин безлар тизими, марказий ва периферик асаб тизими касалликлари жароҳатланади. Айниқса, асаб тизими ва руҳиятнинг зарарланиши кузатилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер