Конституциявий одил судлов самарадорлигини ошириш давр талаби

10:25 29 Декабрь 2025 Сиёсат
153 0

Конституциявий одил судлов – демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим институтидир. Конституциявий одил судлов замонавий демократик давлатнинг алоҳида зарурий институти бўлиб, Конституциянинг устунлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда конституциявий қонунийлик муҳитини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини яратишга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаро ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда конституциявий одил судловни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилмоқда. Фуқароларга Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш имконияти яратилди.

Конституциявий суднинг фаолияти Конституцияни ҳимоя қилиш, унинг нормалари ва принципларини ҳамда унда қатъий мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган. Бинобарин, Конституциявий суднинг мавжудлиги Асосий қонуннинг махсус тарзда муҳофаза қилинишидан далолат беради.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтиришга оид вазифалар, шунингдек давлат ҳокимияти тизимини такомиллаштириш ва уни мунтазам ўзгараётган ижтимоий муносабатлар билан уйғунлашиб бориши Конституциявий суд фаолиятини ҳам такомиллаштиришни тақозо қилмоқда.

2025 йил 18 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–253-сонли Фармони мамлакатимизда конституциявий назоратнинг самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишга замин яратади. Конституциявий суд фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш, конституциявий одил судловга эришиш кафолатларини кучайтириш ҳамда Конституциявий суднинг қонун устуворлигини таъминлашдаги ролини янада оширади. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Фармон Конституциянинг 55-моддасида мустаҳкамланган ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган.

Маълумки, Конституциявий суд конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур ахборотда кўрсатилган конституциявий қонунийликни таъминлаш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш давлат органлари учун тавсиявий характерга эга. Конституциявий суднинг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотдаги таклиф ва тавсияларни ижросини таъминлаш тартиби белгиланмаганлиги натижасида таклиф ва тавсиялари ижросини тўлақонли таъминлаш имкони мавжуд эмас.

Эндиликда янги қабул қилинган ҳужжат билан Конституциявий суднинг ҳар йилги ахборотида давлат органлари фаолиятига оид тавсияларни улар томонидан кўриб чиқилишини мажбурий этиб белгиланиши ҳамда парламент назоратини ўрнатилиши, давлат органларининг масъулияти оширилишига, шунингдек белгиланган чора-тадбирлар ижросини тўлиқ таъминлашга эришилади.

Шу билан бирга, Конституциянинг 133-моддасига мувофиқ фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилишга ҳақли.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи субъекти бўлмаган фуқаро ва юридик шахс томонидан судга тааллуқли масала юзасидан мурожаат қилишмоқда.

Фармон билан Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи субъекти бўлмаган фуқаро ёки юридик шахс томонидан Конституциявий судга тааллуқли масала юзасидан йўлланган мурожаатни Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектга юбориш, шунингдек, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъект томонидан фуқаро ёки юридик шахснинг мурожаатидаги масала Конституциявий судга киритилмаган ҳолатларда муаллифга унинг мурожаатидаги масалани Конституциявий судга киритишга асос мавжуд эмаслигини тушунтирган ҳолда хабар бериш ва Конституциявий судга ахборот тақдим этиш амалиётини жорий этиш белгиланган.

Юқоридаги нормаларнинг амалиётга тадбиқ этилиши, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъект томонидан фуқаро ёки юридик шахс манфаатида Конституциявий судга масала киритилишини таъминлайди. 

Бу эса, ўз навбатида, фуқаро ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, конституциявий нормаларни мустаҳкамлашга ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлашга кенг имконият яратади.

Хулоса ўрнида айтиб ўтиш жоизки, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари тўлақонли таъминлашга, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлашга, конституциявий назоратнинг самарадорлигини оширишга ҳамда Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

 

Шохрух МАЖИДОВ, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди катта эксперти

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?