Кон-металлургия корхоналари учун махсус вагонлар қуриш ўзлаштирилди

17:39 12 Июнь 2025 Жамият
307 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

«Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамияти томонидан кон-металлургия корхоналари учун махсус вагонлар қуриш йўлга қўйилди. «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ буюртмаси асосида ана шундай вагонларнинг дастлабки 15 таси ишлаб чиқарилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Кеча замонавий дизайнга эга янги авлод вагонларини буюртмачиларга тошириш маросими бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар алоҳида таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистон тимсоли кўринишидаги мазкур вагонлар мамлакатимиз вагонсозларининг навбатдаги ютуғи бўлди. Шубҳасиз, бу давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан заводнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш, йўловчилар учун қулай, сифатли ва хавфсиз вагонлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Дарҳақиқат, Президентимиз 2024 йил 19 март куни Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводига ташрифи чоғида вагонсозликни бугунги замон талаби асосида ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган вагонлар дизайнини ўзгартириб, йўловчиларга қулайликни ошириш зарурлигига эътибор қаратди. Айниқса, кон-металлургия корхоналари учун махсус вагонлар қуришни қўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар берар экан, уни кўрган одамлар Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларини сезиши, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ҳаётий ўзгаришлардан руҳланиши кераклигини айтган эди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

«Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» АЖ бошқаруви раисининг маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда ахборот технологиялари масаласи бўйича биринчи ўринбосари Дилмурод Нигмановнинг айтишича, янги 61-933 русумдаги вагонлар ана шу кўрсатмалар асосида қурилган бўлиб, улар бугунги замон талабларига тўлиқ жавоб беради. Муҳташам кўриниши, замонавий интерьери, энг асосийси, қулай ва хавфсизлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Навоий кон-металлургия комбинатига тақдим этилаётган вагонлар умумий 160 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, 110 та ўриндиққа эга. Ҳаво совитиш ва иситиш тизими билан жиҳозланган.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

— Корхонамиз ишчи-ходимларини ташишда фойдаланилаётган вагонлар эскириб, янгилашга эҳтиёжи туғилган эди, — дейди «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ Темир йўл транспорти бошқармаси вагон хизмати бошлиғи Самат Умаров. — Шу боис махсус вагонлар сотиб олиш бўйича шартнома тузиб, заводнинг 2025 йилги ишлаб чиқариш режасига киритган эдик. Буни қарангки, завод жамоаси буюртмамизни жуда қисқа фурсатларда бажариб, атиги беш ой ичида янги вагонларни тақдим қилди. Вагонларни кўриб, хурсанд бўлиб ўтирибмиз. Кутганимиздан ҳам аъло экан. Аввалгилари билан таққосланганда ҳаракатланиш тезлиги юқори бўлсада, шовқинсиз. Бу юртимизда ишчи-ходимларга қулай меҳнат шароити яратиб бериш борасидаги ишларнинг ёрқин намунаси, дейиш мумкин.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Бир сўз билан айтганда, Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводининг саноат корхоналари учун махсус вагонлар қуриш лойиҳаси юртимиз темирйўл инфратузилмасини янада ривожлантириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш ва юқори иқтисодий самарадорликка эришишни таъминлаш йўлида ташланган навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Ҳуснора АҲМАДАЛИЕВА,

Тўмарис САГИНДИКОВА,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон

Миллий университети журналистика ва

ўзбек филологияси факультети 1-курс талабалари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?