Кўчатлар экилгани эмас, тутгани ҳисобда

17:54 20 Ноябрь 2025 Жамият
220 0

Учкўприк туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бугунги кунда оддий кўчат экиш тадбири эмас, балки бошқарув, парвариш, назорат ва жамоат иштирокини бирлаштирган бир бутун экологик тизим сифатида шаклланмоқда. Кузги мавсумда қарийб 600 минг туп кўчат экиш режаси белгиланган. Бу ишлар самарали бўлиши учун жорий йилдан бошлаб туманда ер танлашдан тортиб кўчат парвариши, суғориш тизими, ўғит билан таъминлашгача бўлган жараёнлар ягона тизимга бирлаштирилди. Бундай ёндашув аввал кузатилган “сон учун экиш” амалиётидан воз кечиб, сифатли ва ўсиб қолиш даражаси юқори бўлган яшил муҳит барпо этишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий иқлим шароитига мос мевали ва манзарали дарахт турларини танлашда ҳам аниқ илмий асосланган ёндашув қўлланилмоқда.

Учкўприк тумани марказий кўчаларида ноёб манзарали каштан кўчатларини экиш ишлари бошлаб юборилди. Кузги мавсум учун белгиланган 600 мингдан зиёд кўчатнинг салмоқли қисми Қува туманидан етказилмоқда. Маҳаллий фермерлар эса 35 мингдан ортиқ тут ниҳолини тайёрлаган. “Қораянтоқ” ва “Наврўз” маҳаллалари аҳолисининг терак кўчатчилиги бўйича тажрибаси эса эндиликда Марказий Фарғона ҳудудидаги маҳаллаларга ҳам татбиқ этилмоқда.

– Тумандаги 51 та маҳаллада 487 та кўча ва 50 мингдан зиёд хонадон мавжуд, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Учкўприк туман бўлими бошлиғи Сатторхўжа Акбаров. – Айни пайтда ҳар бир хонадонда, ҳар бир кўчада дарахт экиш ишлари оммавий тус олмоқда. “Катта Қашқар” маҳалласининг ўз боғи ташкил этилгани, яқин кунларда яна ўндан ортиқ маҳаллада янги боғлар барпо этилиши, лойиҳанинг ҳақиқий жамоавий жараёнга айланганини кўрсатади. Бу нафақат кўкаламзорлаштириш, балки аҳолида экологик маданият ва ўз ҳудудига масъулиятни ҳам кучайтиради.

Ўтган йили “Боғу бўстон” маҳалласининг 20 сотих майдонида “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида аҳоли ҳордиқ чиқариши учун қулай яшил ҳудуд барпо этилганди. Қўқон ўрмон хўжалиги мутахассислари бу ердаги ниҳолларнинг мунтазам парваришини таъминлаб келмоқда. Маҳаллада “Яшил жамоат парки”нинг ташкил этилгани жамоавий боғ барпо этиш маданиятини янги босқичга олиб чиқди. Келгуси йили “Меҳнатобод” маҳалласини ҳам ана шундай лойиҳалар кутиб турибди.

– Бундан буён ҳар бир кўчатни экишдан олдин суғориш тизими мавжудлиги, унинг парвариши бўйича масъуллар бириктирилишига жиддий эътибор бериляпти, — дейди Учкўприк тумани экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи Давронбек Раҳимов. — Шу тарзда экилган ҳар бир дарахт “Яшил макон” электрон платформасига киритилиб, унинг кейинги тақдири қатъий назоратга олиниши таъминланяпти.

Учкўприкдаги экологик ташаббус фақат давлат ва маҳалланинг эмас, балки хусусий сектор ҳамда фаол зиёлиларнинг ҳамкорлигида амалга ошмоқда. “Қўқон” эркин иқтисодий зонасидаги учта корхона атрофида “Яшил белбоғ”лар яратилгани бунинг яққол мисолидир. Шу билан бирга, 1-умумтаълим мактабида “Устозлар боғи” ташкил этилгани ва ўқитувчи-ўқувчиларнинг унда фаол иштирок этиши экологик тарбия амалда янада бойиб бораётганини кўрсатади.

Ботир МАДИЁРОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер