Кластерлар ва “Экобозор”лар тизими бўйича Экопартия фракцияси нима демоқчи?

04:11 23 Май 2020 Сиёсат
3296 0

Яқинда Ўзбекистон Экологик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси Ўзбекистонда кластерлар ва “Экобозор”лар тизимини ривожлантириш бўйича чуқур таҳлилларга асосланган ўрганишлар ўтказди. Шулардан келиб чиқиб, фракция ўз таклифларини ишлаб чиқди.

Бу жараёнлар мамлакат иқтисодиётига нима беради, экологик барқарорликни таъминлашда қандай аҳамият касб этади? Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Борий АЛИХОНОВ шулар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

— Бугунги пандемия шароитида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турлари билан барқарор нархларда кафолатли таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Зеро, ҳозирги кунда дунё бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши кузатиляпти. Боз устига, қатор давлатлар ун, буғдой, гуруч, ёғ, картошка ва бошқа маҳсулотлар экспортини чекламоқда. Масалан, жорий йилда Ўзбекистонга ун импорти ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан қарийб 50 фоиз, ғалла 31 фоизга камайган.

Гап шундаки, жорий этилган карантин ҳамда халқимиз бошига тушган синовлар оқибатлари ҳам бир қатор объектив чеклашларни келтириб чиқарди.

Бинобарин, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва уларни аҳолига етказиб бериш механизмлари самарадорлигини оширишни талаб этади.

Бу борада Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси муҳим дастуриламалдир. Унга мувофиқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида агрокластерлар ташкил этилаётгани эътиборга лойиқ.

Нега айнан кластерлар?

Масалан, пахтачилик соҳасини олиб кўрайлик. Айнан мана шундай янгича тизимда ўртача ҳосилдорлик кластер бўлмаган ерларга нисбатан ҳар бир гектар ердан 4,1 центнерга юқори бўлиб, қўшимча 428 минг тонна “оқ олтин” олинганини кўрсатмоқда. Бундай самара хорижлик сармоядорларни ҳам ўзига жалб этади, янгиликларга кенг йўл очади.

Инновацион ғояларни амалга оширишнинг муҳим жиҳати шундан иборатки, қишлоқ хўжалигидаги кластер усули ерни шудгорлаш, экинларни экиш ва парвариш қилиш, етиштирилган хом ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш каби жараёнларни ўз ичига олади. Ушбу ягона технологик занжир корхоналар мажмуасини бирлаштиради ва илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришга, янги технологияларни амалиётга жорий қилишга имкон беради.

Масалан, пахта тўқимачилик кластерлари нафақат енгил саноатни, балки озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, фармацевтика, қурилиш материаллари ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олади. Ушбу тизимнинг пировард мақсади “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренд остида юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, аҳолини иш билан таъминлаш орқали уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, экспорт ҳажмини ошириш, валюта тушумини кўпайтириш ва бошқа муҳим муаммоларни ҳал этишдан иборат.

Бундай тамойиллар мева ва сабзавотларни етиштиришга ихтисослаштирилган кластерлар яратишга ҳам тааллуқлидир. Шу сабабли мамлакатимизда ушбу йўналишни ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият бериляпти. Президентимизнинг 2019 йил 11 декабрдаги “Боғдорчилик ва узумчиликни янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан бозор иқтисодиёти тамойилларига ўтиш жараёнлари, қайта ишлаш ҳажмини ошириш, экспорт қилиш ва қўшимча қиймат яратиш борасида олиб борилаётган ишлар шундан далолат беради.

Энг асосийси, мазкур чора-тадбирлар муҳим ижтимоий мазмун-моҳиятга ҳам эга. Масалан, Ўзбекистонда 26 минг гектар майдонда боғлар, узумзорлар ва иссиқхоналар қуриш орқали 52 минг, ипакчилик саноатида 785 минг янги иш ўрни, қурилиш соҳаси ва инфратузилмада 75 минг иш ўрни яратиш мумкин.

Бугунги кунда мамлакатимизда 80 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, улар дунёнинг 65 дан зиёд мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Жабҳада ютуқлар қатори камчиликлар учраётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Олиб борилган танқидий таҳлиллар шуни кўрсатадики, йилига ўртача етиштирилган 21 миллион тонна мева ва сабзавотнинг 10 фоизидан ортиғи экспорт қилинмай қолмоқда. Маҳсулотларни саралаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун 30 дан ортиқ агрологистик марказлар ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётган бўлса-да, айланма маблағларнинг етишмаслиги туфайли улар мавжуд ишлаб чиқариш қувватининг атиги 15 фоизидан фойдаланган ҳолда фақатгина мавсумий ишламоқда.

Ушбу марказларнинг тўлиқ қувват билан ишламаслиги натижасида, сут маҳсулотлари импорти ҳажми 70 миллион АҚШ долларидан ошди. Ҳатто томат пастаси, маккажўхори ва яшил нўхат консервалари ҳам импорт қилинаётир. Ваҳолонки, уларни мамлакатимизда тўлиқ цикл билан ишлаб чиқариш орқали мамлакат эҳтиёжини тўлиқ қоплаш, ҳатто экспорт қилиш имконияти мавжуд.

Юртимизнинг барча ҳудудларида ҳамкорлик тамойилларига асосланган ишлаб чиқариш корхоналарини қайта ишлаш ва экспорт қилувчи корхоналарга бирлаштириш орқали мева-сабзавот кластерларини яратиш, уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун зарур салоҳият бор. Ўйлаймизки, кластерлар яроқсиз бўлган боғлар ўрнига интенсив боғлар яратиш орқали юқори ҳосил олиш имкониятини беради.

Бироқ жойларда кластерлар фаолияти бир томонлама, асосан, ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган ҳолда амалга оширилмоқда. Қолаверса, маҳсулотни сотишнинг бутун логистика занжирини ташкил этишга етарли эътибор берилмаяпти. Кластерлар “рақамлар ортидан қувиш”дан воз кечган ҳолда, асосий эътиборни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш ва якуний истеъмолчига етказиб беришга қаратиши лозим.

Ўзбекистон Экологик партияси ўз сайловолди дастурида “ақлли қишлоқ хўжалиги”ни ривожлантириш механизмларини илгари суриш вазифасини қўйган. Бундай механизмлардан бири кластерларнинг экологик маркетинг (яшил маркетинг) тамойиллари билан чамбарчас боғлиқлиги ҳисобланади. Зотан, экологик маркетинг истеъмол бозорида экологик тоза муҳитни яратиш истаги билан уйғунлашган бизнес фаолиятини такомиллаштириш тизимини ўйлаб топиш ва ишлаб чиқишга имкон беради. Бу табиий ресурслар, биринчи навбатда, сув етишмовчилиги шароитида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан бирга истеъмолчилар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хизматларини оммалаштиришга замин яратади. Экологик маркетинг табиатга зарар келтирмайдиган бозорни ривожлантириш, атроф-муҳитни сақлаш ва яхшилашга йўналтирилган, ишлаб чиқариш, сотиш, истеъмол қилиш, қайта ишлаш ва кейинчалик тасарруф этишда бозор эҳтиёжларини қондиради.

Бугунги кунда айнан тозалиги ва экологик софлиги туфайли мамлакатимиз маҳсулотлари бутун дунёда қадрланади. Масалан, “Ўзбек помидорлари”, “Тўғридан-тўғри Тошкентдан келган ширин гилослар”, “Самарқанд қовунлари”, “Қорақалпоқ дудланган балиқлари” каби ва бошқа маҳсулотлар собиқ иттифоқнинг барча мамлакатлари бозорларида энг яхши харидорларга эга.

Экологик маркетингнинг жорий қилиниши эса бозорлар эҳтиёжларини аниқлашга имкон беради, жаҳон озиқ-овқат бозорлари учун кураш самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Бунга экологик стандартлар ва истеъмолчилар, умуман жамиятнинг талабларига риоя қилиш шарти билан рақобатчилардан фарқли равишда яхшироқ усулда эришиш мумкинлигига аминмиз. Мамлакатимизда атроф-муҳитга таъсир этувчи омиллар ортиб бораётган шароитда экологик маркетингни жорий этиш бозор фаолиятини янада самарали амалга ошириш учун муҳим воситадир.

Экологик маркетингнинг яна бир йўналиши мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини ҳал қилиш ва аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда фермерлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш учун қулай шароит яратишдир. Шу муносабат билан экобозорлар тармоғини яратиш ғояси муҳимдир. Унинг концепцияси, биринчи навбатда, экологик тоза маҳсулотларни сотишни ўз ичига олади. Бугунги кунда бу мамлакат иқтисодиётининг инновацион йўналишларидан бирига айланиши лозим. Экобозорларнинг анъанавий бозорлардан фарқи шундаки, улар замонавий иситиш ва ҳавони тозалаш тизимлари, хоналар қулай ҳароратни сақлаш учун автоматик тизим билан жиҳозланган бўлади. Экобозорлар ўзларининг санитария ва ветеринария лабораторияларига эга бўлиши лозим. Барча маҳсулотлар пештахтага қўйилишдан олдин энг янги лаборатория жиҳозларида синчковлик билан текширувдан ўтказилади.

Экобозорлар маҳаллий фермерлар билан ишлашга эътибор қаратишлари керак. Таъминотчилар учун имтиёзлар ва чегирмаларнинг махсус тизимини ишлаб чиқилиши лозим. Улгуржи савдога, маҳаллий маҳсулотларни бирламчи қайта ишлаш ва сақлаш учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилиши муҳим аҳамият касб этади.

Экологик маркетинг орқали, етиштирилган маҳсулотни экспорт қилиш учун кластерларни Ўзбекистон ичидаги охирги истеъмолчи билан, шунингдек, логистика ташкилоти билан боғлаш мумкин, деб ҳисоблаймиз. 

Умуман олганда, кластерлар қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантиришнинг локомотиви бўлиши керак. Мақсад эса ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш, қўшимча қиймат ва янги иш ўринларини яратиш, энг муҳими, одамларнинг даромадлари ва манфаатдорликларини оширишдир. Фикримизча, бу амалдаги стандартларни қайта кўриб чиқишни, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари фаолиятида давлат иштироки талабларини бекор қилишни ва хусусий сектор иштирокида замонавий бозорларни ташкил қилишни талаб қилади.

Тизимли таҳлил қилиш, юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий-иқтисодий оқибатларни баҳолаш ва кластер усулини татбиқ этишни такомиллаштириш бўйича тегишли стратегик тавсияларни ишлаб чиқиш учун ихтисослаштирилган “Заковат фабрикаси” (“Think Tanks”) ёки илмий-тадқиқот институтларини ташкил этиш зарур. Хусусан, илмий тадқиқотлар ўтказиш учун бир вақтнинг ўзида изланишлар ва дизайнни ўз ичига олган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун Ўзбекистон Экологик партияси қошида “Экологик инновацион технологиялар” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифни амалга оширишни тезлаштириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Ушбу тузилма:

— қишлоқ хўжалигида иқтисодий самарадор, инновацион ғоялар ва ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш;

— кластерларнинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшадиган ҳиссасини асослаш;

— маҳаллий ижроия ҳокимияти ва фермерларнинг маҳсулот сотиб олиш ва сотиш ҳажмини оширишга қаратилган ижтимоий шерикликнинг янги шаклларини яратиш;

— илғор хорижий ва миллий кластерларнинг тажрибаларини ўрганиш ва жорий этиш;

— қишлоқ хўжалигини ташкил этиш бўйича ҳар бир вилоят ва туманнинг ўзига хос шароитларини ҳисобга оладиган тавсиялар ишлаб чиқиш;

— экологик маркетинг доирасида озиқ-овқат маҳсулотларининг ассортиментини кенгайтириш ва кўпайтириш бўйича ишлар олиб бориш;

— янги чиқиндисиз ва экологик хавфсиз технологияларни ишлаб чиқиш, яшил маҳсулот истеъмолчилари билан барқарор ва самарали алоқани яратиш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар бўйича асосли тавсиялар бериши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётини тараққий эттириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини ошириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган соҳа бўлгани сабабли уни замонавий талабларга мувофиқ ва стратегик ёндашув асосида ривожлантиришни тақозо этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?