Кластер — янги имконият ва самара

08:44 05 Февраль 2021 Кластер
1226 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасига кластерларни кенг татбиқ этиш орқали соҳада қатор ютуқларга эришилмоқда. Бу борада, албатта, қонуний асосларнинг яратилаётгани янада кўпроқ имкониятлар учун йўл очаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги ҳамда 2018 йил 28 февралдаги тегишли қарорларига мувофиқ, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида “Khantex Group” МЧЖ пахтачилик-тўқимачилик кластери ташкил этилди.

Туман ҳокимининг қарорига асосан 2018 йилда кластер таркибига 858 гектар пахта етиштириш учун ер ажратилган. Ҳосилдорликни ошириш мақсадида ерга ишлов беришда ёндашувлар ўзгартирилган. Бунинг учун даставвал дунёнинг етакчи компанияларидан жами 396 дона трактор ва агрегатлар сотиб олинган. Юқори унумли тракторлар ғўза қатор орасига ишлов бериш, культивация қилиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ҳамда барча агротехник тадбирларни энг самарали йўл билан амалга оширади.

Мазкур замонавий техникалар билан чигитни қатор ораларига 76 см схема усули татбиқ этилди. Чигитни юқори аниқликда замонавий пневматик сеялкаларда экиш билан 70-80 килограмм ўрнига 35-40 килограммдан сарфлаш ҳисобига ҳар гектаридан 550,0-650,0 минг сўм иқтисод қилинди. Шунингдек, чигитни плёнка остига эмас, балки очиқ майдонларга экилиши ҳисобига ҳар гектаридан 850,0 минг сўмдан маблағ иқтисод қилишга эришилди.

Кластер усули татбиқ этилиши билан агротехник тадбирлар тўлиқ механизациялаштирилди. Янги турдаги минерал ўғитларни татбиқ этилиши ҳисобига эса фермер хўжаликлари ҳар гектарига физик ҳолда авваллари 700 – 800 килограммдан минерал ўғит сарфланган бўлса, эндиликда жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, янги усулда 250 – 300 килограммдан сувсиз аммиак сарфланди. Ушбу ўғитлаш усули пахта ҳосилдорлигини гектарига 40 центнергача ҳосил олиб унга сарфланадиган маблағларни 30% қисқартириш имконини берди.

Етиштирилган пахта ҳосилини махсус пахта териш комбайнларида қисқа муддатда арзон ва сифатли ҳолда йиғиб териб олиш ва юқоридаги харажатларни камайтириш ҳисобига етиштирилган пахта хом-ашёсини таннархини пасайтиришга эришилди.

Яна бир ютуқли жиҳатни алоҳида эътироф этиш зарур. 2019 йилда Исроил давлатининг “NETAFIN” компанияси билан 81,0 гектар ер майдонида замонавий томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди ва ҳар гектар ер майдондан ўртача 61.2 центнердан жами 496.0 тонна пахта хом-ашёси етиштирилди.

Бугунги кунда кластер негизида АҚШнинг “Lummus” компаниясининг энг замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган “Khantex Cotton” МЧЖ пахта тозалаш корхонаси ташкил этилган. Туманда етиштирилган пахта хом ашёси 4 та пахта қабул қилиш масканларида сақланади ва пахта тозалаш заводида қайта ишланади.

Дастгоҳлар тежамкор, юқори ишлаб чиқариш қувватларига эга, энг асосий инновацион ечимлари ҳисобига пахта толаси тоза ва сифатли қайта ишланади. Корхона 2019 йил февраль ойида ишга туширилган ва ҳозирда 200 нафар фуқаролар иш билан таъминланган.

Айни кунга келиб “Khantex Group” МЧЖ текстиль комплекси тўлиқ қуриб битказилди ва ишга туширилди. Ўрнатилган дастгоҳлар дунёнинг етакчи текстиль дастгоҳлари ишлаб чиқарувчиларининг энг сўнгги моделдаги, тежамкор, экологик дастгоҳлар бўлиб, корхонада улар фаолияти туфайли йилига 10,4 минг тонна пахта толаси тўлиқ қайта ишланиб, 9,4 минг тонна ип-калава, 2,1 минг тонна трикотаж мато, 4 миллион газламалар ва 10,0 миллион дона тайёр тикув трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилади. Корхона томонидан йилига 40 миллион доллардан зиёд маҳсулотлар экспортга йўналтирилади.

Пахтачилик-тўқимачилик кластери қошида ташкил этилган янги инновацияларни, илм-фан ютуқлари ва янгиликларини жорий этиш бўйича барча лаборатория асбоб – ускуналари билан жиҳозланган “Khantex innovatsion ilmiy-amaliy ishlab chiqarish markazi” қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида, жумладан пахтачилик ва ғаллачилик уруғчилигида кенг қамровли илмий ва амалий тадқиқотлар билан шуғулланиш учун янги инновацияларни, илм-фан ютуқлари ва янгиликларини жорий этиш бўйича фаолият юритмоқда.

Бегали ҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари
қўмитаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?