Китоб ўқимайдиган ўқитувчи

17:27 25 Сентябр 2025 Жамият
111 0

Буюк алломаю уламолар, файласуфлар, сиёсатчилар, ижодкорлар томонидан энг кўп афоризмлар, иқтибослар китоб ва китобхонлик маданияти ҳақида айтилган. Китоб инсонни тафаккур қилишга ундайдиган, уни яхшиликка, эзгуликка чорлайдиган асосий воситадир. Бугун юртимизда ҳам китобларни нашр этишдан тортиб, китобхонликни оммалаштиришгача бўлган барча жараёнларга давлат аҳамиятига молик масала сифатида эътибор қаратилмоқда. Натижада китобхон ўқувчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани айни ҳақиқат. Аммо мамлакатимизда умумий китобхонлик даражасини ҳамон юқори, деб бўлмайди.

Масалан, ўтган йили машҳур “CEO World” журнали ҳамда “World Population Review” социологик маркази томонидан ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, аҳолининг китобхонлик даражаси бўйича АҚШ биринчи ўринни эгаллади. Қўшма штатларда ўрта ҳисобда бир йилда бир киши 17 та китоб ўқиркан. Шунингдек, рўйхатда Ҳиндистон иккинчи йилига – 16 та китоб, Буюк Британия учинчи йилига – 15 та китоб ўқигани билан ўрин эгаллаган. Франция, Италия, Канада, Россия, Австралия, Испания, Нидерландия давлатлари мос равишда кучли ўнталикдан жой олишган. Мамлакатимиз эса юзталик рўйхатда ҳам қайд этилмади.

Юртимизда китобхонликни янада оммалаштириш, айниқса, ёшларнинг китобга меҳрини, қизиқишини ошириш учун нима қилиш керак, дерсиз. Бунинг учун аввало таълимнинг қуйи бўғинларида ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оширишга катта эътибор қаратиш, бу борада мактаб кутубхоналари имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур.

Қашқадарё вилояти мисолида олайлик. Айни пайтда вилоятдаги мингдан ортиқ мактаб кутубхоналарида 2,5 миллионга яқин бадиий ва илмий-оммабоп китоблар фонди мавжуд. Уларни янада бойитиш, шарт-шароитларини яхшилаш мумкин. Бироқ, шунинг ўзи билан ўқувчиларда китобхонлик даражаси ошиб қолмайди. Ўша таълим муассасасида аввало ҳақиқий китобхонлик муҳити пайдо бўлиши, кутубхона энг гавжум ва қайноқ масканга айланиши зарур. Аммо бугун аксар мактабларда нафақат ўқувчилар, ҳатто ўқитувчилар ҳам кутубхона эшигидан деярли бўйлашмайди. Кутубхоначининг иши фақат дарслик китоблар тақсимотидан иборат бўлиб қолган.

Ўтган йили Чироқчи туманидаги 4-мактабнинг янги биноси қурилиб фойдаланишга топширилганди. Бинода кутубхона учун ҳам ёруғ ва шинам хона ажратилган. Айни пайтда бу ерда 2467 та бадиий ва илмий-оммабоп китоблар фонди мавжуд. Лекин бадиий китоб сўраб кирадиган ўқувчилар, муаллимлар кам.

Китобхонларнинг кутубхонага аъзолик дафтарчаларини бирма-бир варақларканмиз, бирор киши яқин вақтда бу ердан бадиий китоб олиб ўқимаганига амин бўлдик. Ҳатто ўқитувчиларнинг ҳам. Мактаб кутубхоначиси Феруза Жўраева аввалига ўқитувчиларнинг кутубхонадан тез-тез китоб олиб туриши, бироқ улар китобни ўз вақтида қайтаришига ишонгани боис буни абонент дафтарчасига қайд этмаганини айтган бўлса-да, кейинчалик барибир ёрилди.

– Мактабда китобхонликни тарғиб қилиш вазифам, – дейди у. – Шунга доим ҳаракат қиламан, ўқитувчиларга айтаман, лекин келишмаса нима қилай?! Ҳатто шу аъзолик дафтарчаларини ҳам синфма-синф юриб, ўзим тўлдириб чиққанман. Кутубхонага келиб китоб сўрайдиган саноқли ўқувчи бор. Улар ҳам онда-сонда келишади.

Шаҳрисабз шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактаби кутубхонасида эса 1600 дан ошиқ бадиий ва илмий-оммабоп китоблар фонди мавжуд. Картотекалардаги маълумотлардан билиш мумкинки, кутубхонадан доимий равишда китоб олиб ўқийдиган ўқувчилар, ўқитувчилар бор, аммо саноқли. Мактаб раҳбарияти, ҳатто она тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг аъзолик дафтарчаларидаги охирги ёзувлар 2022, 2023 йилларда киритилган. Жавонларда юзини майин чанг қоплаган яп-янги китоблар шунчаки қўр тўкиб турибди.

Тўғри, бадиий китоб ўқиш ёки ўқимаслик ҳамманинг хоҳиши. Лекин гап ёшлар тарбияси ҳақида бораркан, мактабда китобхонликни оммалаштириш, ҳақиқий мутолаа муҳитини яратиш учун аввало муаллимларнинг ўзи ўқувчиларга ўрнак бўлиши, кутубхонани доимо гавжум масканга айлантириш ҳақида бош қотириши зарур назаримизда. Чунки кўпчилик китоб ўқийдиган, китобхонлик ҳақида суҳбатлар, баҳс-мунозаралар бўладиган жойда бошқалар ҳам шунга интилади, китобхонлар сони ортиб бораверади. Шаҳрисабз шаҳридаги 24-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишарканмиз, бунга гувоҳ бўлдик. Мактабда 610 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олади. Хона етишмаслиги боис бинонинг айвон қисмини ёпиб, кутубхонага айлантиришган.

Китоб жавонларини кузатаркансиз, айрим сиёсий ва илмий адабиётларни айтмаса, яп-янги турган китобларни деярли учратмайсиз. Ниҳоятда эскирган, ҳатто қайта таъмирланган китоблар кўп. Шу ҳолатнинг ўзиданоқ мактабда китобхонлар кам эмаслигини англаган бўлсак-да, аъзолик дафтарчаларига назар ташладик. Йил бошидан буён 20 дан ортиқ китоб олиб ўқиган ўқувчилар, ўқитувчилар кўп экан.

Мактаб директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Лобар Алмардонованинг яқиндагина кутубхонадан иккита китоб олганини билиб, ундан мутолаа таассуротлари ҳақида сўрадик.

– Бу китобларни аллақачон ўқиб чиқиб, таассуротларимни ўқувчиларга сўзлаб беришга ҳам улгурдим, – дейди у. – Тўғриси, мактабимизда китобхонлар кўп. Буни кўриб, ота-оналарда ҳам китобхонликни рағбатлантиришга қизиқиш ошмоқда. Кутубхона фонди асосан уларнинг кўмаги билан бойияпти. Масалан, яқинда китоблар ярмаркасини ўтказдик. Ота-оналар 210 та бадиий китоб харид қилиб, барча фойдаланиши учун мактаб кутубхонасига совға қилишди.

Эътиборли томони, китобхонликка, илмга чанқоқлик ўқувчиларнинг натижасида ҳам акс этмоқда. Бу ерда китобхонлик бўйича турли танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчилар кўп. Ўтган ўқув йилида мактабнинг барча битирувчилари юз фоиз талаба бўлишди. Аксарияти юртимиздаги нуфузли олий ўқув юртларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?