Китоб ўқигани учун коммунал тўлови тўлаб берилади

17:29 04 Февраль 2025 Жамият
193 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон тумани ҳокимлиги томонидан аҳолини китобхонликка кенг жалб этиш мақсадида танлов эълон қилинди. Танлов шартига кўра асосан ёш оила соҳиблари ўз хоҳишларига биноан “Китобхон оила” дастурига аъзо бўлиши ва уч ой давомида сараланган 5 та китобни ўқиб, бошқаларга ҳам тарғиб қилиши керак. Танлов ғолиблари маҳаллий ҳокимлик томонидан муносиб рағбатлантирилибгина қолмасдан, шу давр ичидаги коммунал тўловлари ҳам тўлаб бериладиган бўлди.

— Масаланинг моддий томонига қизиқиб дастурга аъзо бўлишни истовчилар топилиши табиий ҳол, — дейди халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати Матлубахон Ғаниева. — Мақсад эса аҳолини китобхонликка, маънавиятга, маърифатга жалб этишдан иборат. Шу боис оила аъзоларидан ўқиган китоблари ҳақидаги фикрлари ўрганиб борилади.

Ушбу лойиҳа кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Сўнгги уч кун ичида танловда иштирок этмоқчи бўлганларнинг сони 4 минг нафардан ошгани бунга ёрқин мисолдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?