Кимга ҳашам, кимга ситам ТЎЙ
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд деганда кўз ўнгимизда салобатли миноралар, мақбаралар гавдаланади. Машҳур Сиёб бозорининг расталардаги чиройли нонлар, ҳолвалар, турфа ноз-неъматларга ҳайрат билан қараймиз. Кейинги пайтда Самарқанддаги дабдабали тўйлар кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлаётгани кишини ажаблантиради. Аслида моҳиятан бир-бирига ўхшаш бундай иллатлар юртимизнинг деярли барча жойларида кузатилади. Аммо интернат тармоқларида Самарқанднинг Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида тўй ўтказилиши билан боғлиқ видео катта мунозараларга сабаб бўлганди. Тарихий обиданинг ичида тўй ўтказиш мумкинми? Тўй қиламан деса қанча муҳташам ресторанлар бор-ку, дея юртдошларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини билдирганди. Шундан кейин ҳам Самарқанддаги тўйларда ўзини “кўз-кўз” қилиш учун пачкалаб пул сочаётган “бойвачча”лару пиротехника воситаларидан фойдаланиб, хавфли ҳаракатлар содир этаётганлар ақлимизни шошириб қўймоқда. Тўйда дунёнинг исталган давлатидан мева-чева, ноёб матоҳлар келтираётганлардан ташқари аквариумда тирик балиққача қўйганларни кўриб бир кулгинг келса, бир йиғлагинг келади. Нима бу, тўқликка шўхликми? Ёки пул топиб ақл топмаганларнинг ишими? Бундай тўқчилик қанча бемаъни қилиқларни келтириб чиқараётгани ачинарли, албатта.
Туризм марказида бўлиб ўтган бир ҳашаматли тўйда келин-куёв меҳмонлар қаршисига кемада сузиб келгани, саҳна учун энг қиммат декорациялар қилиниб, санъаткорлар хориждан чақиртирилганига оид видеолавҳалар ҳам озмунча муҳокама бўлдими? Кишиларнинг шунча имконияти, маблағи боракан, қандини урсин, дейишингиз мумкин. Аммо киши тўй қиламан деб бутун умр боши қарздан чиқмаса, бу қарздорлик тўйда чиройли кийиниб юрган тўй эгаларининг бошини бир умрга ҳам қилиб қўйса, бу ҳеч кимга хурсандчилик олиб келмайди.
Тўйнинг қандай ўтгани ким неча дошқозон ош дамлагани, қанча спиртли ичимлик қўйгани, қайси машҳур санъаткорни олиб келгани, қанча пул сочгани билан ўлчанмаслиги керак. Афсуски, кейинги пайтларда дабдабага берилиш, пул сочиш каби ҳолатлар тўйларимизни азалий қадрият даражасидан тушиб “кимўзар”га айланиб қолганини англатади.
— Бугун барча истагандек тўй қилиши мумкин. Лекин ҳеч қачон бундай исроф ва шўхлик билан узоққа боролмаймиз, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Дилшод Исмоилов. — Тўйларни ихчам ва мазмуни ўтказиш учун қанча тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Ҳатто маҳалладаги кайвониларни ҳам аралаштириб тушунтирдик. Бу борадаги иллатлар камайиш ўрнига кўпаймоқда. Тўйларни дабдаба ва исрофгарчилик билан ўтказиш номақбул иш. Шундай эзгу ишни “кимўзар”га айлантириш халқимизга ярашмайди. Аллоҳ берган неъматларнинг савол-жавобидан қўрқиш керак.
Тўйларни обрў олиш мусобақасига айлантирмаслик, уларни ихчамлаштириш ҳамда тартибга солиш мақсадида жойларда қатор тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Уларга вилоят ҳокимлиги, маданият бошқармаси, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят ИИБ ва солиқ бошқармаси масъуллари, имом-хатиблар ҳамда санъаткорлар, тўй ва маросимлар ўтказиладиган базмгоҳлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жалб этилмоқда. Бундай тадбирлар ўзининг ижобий самарасини беряпти ҳам. Охирги йилларда деярли барча тўй, маърака ва маросимлар фуқароларнинг ўз хонадонида, миллий қадриятларимизга мос шаклда ўтказаётган маҳалла ҳам бор. Қизиқ томони, бу маҳалла чекка бир туманда эмас, балки бир-биридан ҳашаматли тўйхоналари бўлган Самарқанд шаҳрида жойлашган.
— Эски шаҳар ҳудудидаги Бекҳо маҳалласига раис этиб сайланганимга уч йил бўляпти, — дейди Абдувоиз Дўстов. — Ишни бошлаганимда фуқаролардан бири ўғлини уйлантирмоқчи эканини, аммо қўли калталик қилаётгани айтиб маслаҳат сўради. Одатда тўйларни қисқартириш ҳақида кўп гапирганмизу лекин буни қандай амалга ошириш ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаймиз. Кимдир камроқ меҳмон чақиришни маслаҳат беради, бошқаси шаҳардан ташқаридаги арзонроқ тўйхонани тавсия этади. Ўзим шаҳардаги бир нечта базмгоҳларга бориб, улардаги нарх-наво, хизмат кўрсатиш тартибини ўргандим. Кейин фаоллар билан кенгашиб, уйда ўтказиладиган тўйга кетадиган харажатларни ҳисоблаб чиқдим. Учга бир ҳисобда арзонроқ тушаркан. Буни тўй бошламоқчи бўлган фуқарога тушунтирдик. У бошида қариндош-уруғи, қўшнилари норози бўлишидан, оворагарчилик кўпайишидан хавотирга тушди. Тўйнинг бошида ўзим туришимни айтиб кўндирдим. Тўй ихчам ва миллий қадриятларимизга мос тарзда чиройли ўтди. Бошқалар ҳам бундан ибрат олмоқда.
— Унгача бир қизим ва ўғлимнинг тўйини тўйхонада ўтказганман, — дейди Раҳмат Ҳамдамов. — Биз халққа тўй беришнинг асосий мақсадини унутиб қўйган эканмиз. Дабдаба, сарпобозлик, охири йўқ маросимлар ўзимизга ҳам ёқмайди. Иккинчи ўғлимнинг тўйи уйда ихчам ўтган бўлса-да, унда бутун маҳалламиз иштирок этди. Муҳими, ёшлар хурсанд бўлди.
Маълумотга кўра, бу маҳалланинг 200 нафарга яқин фуқароси хорижда, яхши даромадли ишларда ишлайди. Бундан ташқари, мансабдор ва ишбилармонлари ҳам кўп. Дабдаба десанг, кўпчиликдан орттириб қила оладиган бу одамлар маҳалла раисига қулоқ тутаётгани, исрофгарчиликларга чек қўйгани қувонарли.
— Маҳалла раиси намуна, ташаббус кўрсатиш, маҳалла аҳлини жипслаштиришни билиши керак, — дейди Абдувоиз Дўстов. — Агар барча ҳамкасбларим ўз ишини билиб қилганида, тўй, маросим ва бошқа шунга ўхшаш масалаларда муаммолар бўлмасди. Маҳалламиздаги бу ютуқ биргина ўзимники эмас, “еттилик”, комиссия аъзолари, фаоллар билан ҳамжиҳатликда ишлаймиз. Ҳозир бизда никоҳ тўйлари 170 киши иштирокида ўтказилади. Шундай ихчам тўй ўтказганлар орттириб қолган пулига уй қурмоқда, машина олмоқда.
Бу маҳалладаги камчиқим тўйлар ва уларни ўтказаётган одамлар ҳақида яна узоқ ёзиш мумкин. Аммо мақоланинг мақсади кимнидир мақтаб, бошқаларни муҳокамага тортиш эмас. Ҳар ернинг ўз тошу тарозиси бор. Айтмоқчи бўлганимиз, тўйларни дабдаба ва исрофгарчиликсиз, муҳими, ҳеч кимни норози қилмасдан ҳам ўтказиш мумкин. Бекҳо маҳалласининг тажрибаси бунинг исботи.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг