Хоразмда қурилаётган қуёш электр станциясига дастлабки панель ўрнатилди

12:41 31 Июль 2025 Жамият
142 0

Тупроққалъа туманида Франциянинг “Voltalia” компанияси томонидан қуввати 100 мегаваттлик қуёш электр станцияси барпо этилмоқда. Ушбу станцияга дастлабки қуёш панели ўрнатилди.

— Саримой қишлоғи яқинидаги 180 гектар майдонда қурилаётган станцияга 200 минг донадан зиёд қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилган, — дейди “Voltalia” компаниясининг Ўзбекистондаги вакили Кэроле Понтаис. — Қурилиш давомида ўндан ортиқ давлатлардан мутахассислар жалб қилинади, 500 нафар маҳаллий аҳоли иш билан банд бўлади. Лойиҳа амалга ошиши натижасида 60 мингдан кўп хонадонлар электр энергияси билан кафолатли таъминланади.

— Қурилиш ишлари тўртта босқичда олиб борилади, — дейди лойиҳанинг қурилиш менежери Жонибек Исматуллаев. — Биринчи босқичда қуёш панеллари ўрнатилади. Ҳудудда бурғилаш йўли билан 33 мингдан ортиқ қозиқлар жойлаштирилиб, бетонланади. Иккинчи босқичда юқори кучланишли нимстанция қурилади. Учинчи босқичда эса ишлаб чиқарилган электр энергиясини миллий электр тармоқлари нимстанциясига етказиб берувчи электр тармоқлари тортилади.

Тўртинчи босқичда миллий электр тармоқлари нимстанциясида қўшимча қурилиш-монтаж ишлари бажарилади. Барча қурилиш жараёнини жорий йил охиригача якунлашни мўлжаллаяпмиз.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан молиялаштирилган ушбу лойиҳа орқали 76 млн. метр куб табиий газ тежалади, атмосферага 106 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади, ҳудуд аҳолиси экологик тоза, “яшил” энергия билан таъминланади.

Одилбек ОДАМБОЕВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер