Ходимдан тортиб директоргача: Поп туманида давлат ўрмон хўжалиги мансабдорлари қўлга олинди (+видео)
Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги мансабдор шахслари билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.
Унда айтилишича, Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигига тегишли ҳудудларда ўтказилган текширув ишлари давомида хўжалик ер майдонларини ижарага олган 5 нафар тадбиркор томонидан тегишли ташкилотлар рухсатисиз, ўзбошимчалик билан бино ва иншоотлар қурилиб, ер участкасининг ихтисослашуви ўзгартирилиши оқибатида давлат манфаатларига жиддий зарар етказилгани фош қилинган.

Шунингдек, 460 нафар ижарачилардан ижара пуллари ундирилмаганлиги оқибатида давлат манфаатларига 1 миллиард 480 миллион сўм зарар етказилгани аниқланган.
Маълум бўлишича, ўрмон хўжалиги мансабдорлари айрим ижарачилар билан тил бириктириб, 2023-2025 йиллар давомида жами 5 356 метр/куб норуда материалларни ноқонуний қазиб олиб, давлатга 1 миллиард 322 миллион сўмлик зарар етказган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 193, 196-1, 207 ва 229-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг бўлим ўрмонбегиси муқаддам хўжалик балансида бўлган ва кейинчалик туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган ерлардан 20 сотих қисмини танишлари орқали, Чуст туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган фуқарога турар-жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу пул маблағидан 500 АҚШ долларини олган вақтида Давлат кадастрлар палатасининг Поп туман филиали мутахассиси ҳам ушланган. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Аниқланган яна бир ҳолатда эса, Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартибини бузган ҳолда, маҳаллий тадбиркорга хўжалик балансидаги 50 сотих ер майдонини шартнома асосида ижарага бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг