Хивада Ўзбекистон—Эрон бизнес-форуми ўтказилди

16:51 23 Сентябр 2024 Жамият
253 0

Одилбек Одамбоев/“Халқ сўзи”. Хива шаҳридаги “Фаровон” меҳмонхонасида Эрон Савдо-саноат, кончилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон—Эрон бизнес-форуми ўтказилди. Мазкур тадбир Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг Теҳрондаги элчихонаси, Савдо-саноат палатаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамда Эрон томони ҳамкорлигида ташкил этилди. Икки давлатнинг ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда саноат, инновация, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат, балиқчилик, қурилиш материаллари, дори-дармон ва фармацевтика, тўқимачилик, логистика ва муҳандислик соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

Форум доирасида Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов Эрон Савдо-саноат, кончилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси президенти Самад Ҳасанзода билан мулоқотда бўлди. Шунингдек, Эрон бизнес доиралари вакиллари ҳамда Хоразм вилояти ишбилармонлари ўртасида В2В форматдаги музокаралар бўлиб ўтди.

Сўз анжуман иштирокчиларга!

Самад Ҳасанзода,

Эрон Савдо-саноат, кончилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси президенти:

— Аввало, қадимий Хоразм заминига ташрифимиздан бениҳоя хурсандлигимизни, бизга бўлган юксак эътибор ва самимий меҳмондўстлик учун чексиз ташаккуримизни изҳор этмоқчиман. Ташрифимиздан мақсад Хоразм вилоятининг иқтисодий имкониятлари билан яқиндан танишиш ва вилоятнинг ишбилармон доиралари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишдан иборат. Ташриф давомида “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида бўлиб, унинг имкониятлари билан танишдик. Ўзбекистон – Эрон бизнес форумида Эрондан 50 дан ортиқ компаниялар вакиллари иштирок этди. Ўзаро мулоқотларимиз жуда самарали ўтди ва савдо-иқтисодий соҳаларда қатор келишувларга эришдик.

Умидбек Сафаров,

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари:

— Бугун Ўзбекистон бутун дунё ишбилармонларининг эътиборида, назарида десак, муболаға бўлмайди. Хорижий инвесторлар учун яратилган қулайликлар ва ҳуқуқий кафолатлар юртимизнинг сармоявий жозибадорлигини оширмоқда. Бугунги форум давлатимиз раҳбарининг Эрон Ислом Республикасига амалий ташрифининг мантиқий давоми, десак тўғри бўлади. Анжуманда икки мамлакат ўртасидаги дўстона ва биродарлик муносабатлари жадал ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунда мамлакатимизда Эрон сармояси иштирокида 268 та корхона фаолият юритмоқда. 2023 йилда ўзаро савдо 503,4 млн. долларни ташкил қилди, келгусида бу миқдорни 1 млрд долларга етказиш мўлжалланмоқда. Форум доирасидаги келишувлар, савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши шунга имкон беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?