Хитойда ўнлаб патентлар олган самарқандлик олим

15:57 26 Март 2025 Жамият
122 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқандлик олим Хуршид Бозоров Хитойда саратон ҳужайраларини ўлдирадиган бирикмаларни синтез қилиб, ўнлаб патентларга эга бўлди. Саратонни самарали равишда йўқ қилишга қодир илмий тадқиқотлари Франциянинг нуфузли илмий журналида ҳам эътироф этилди. Оддий қишлоқ йигити Тойлоқ туманидаги Боғизоғон қишлоғида туғилган. 2001 йилда Самарқанд давлат университетининг кимё факультетида ўқиган. 2004 йилда Мирзо Улуғбек номидаги давлат стипендианти бўлгач, уни университетнинг магистратура бўлимига органик кимё йўналиши бўйича имтиҳонсиз қабул қилишди. Дунё олимлари саратон касаллигини даволаш учун узоқ вақтдан бери курашаётган бир пайтда Хуршид Бозоровга ҳам фан номзоди бўлиш осон кечмади. У илмий изланишларни бошлаганда университетнинг илмий тадқиқот базаси унчалик тараққий этмаганди. Лабораторияларда замонавий асбоб-ускуналар йўқ эди. Шундай бўлсада, Хуршид Бозоров йўлланма асосида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институтининг аспирантура бўлимига топширди. Ўқишга киролмагач, устози Ҳусниддин Шоҳидоятов уни мустақил тадқиқотчи қилиб ишга олади. Икки ойдан сўнг яна ҳужжатларини аспирантурага топшириб, имтиҳонлардан ўтди.

— Аспирантурага кирганим ҳаётимда туб бурилиш ясади, — дейди олим. — 2011 йилга қадар ўсимликлар синтези бўйича илмий тадқиқот олиб бордим. Илмий гуруҳимиз доривор ўсимликлар таркибидаги биологик фаол бўлган алкалоидларни лабораторияларда синтез қиларди. Эрталабдан кечгача илмий тадқиқотлар билан шуғулланардик.

Олим педагогик фаолиятини бошлаш ниятида Самарқандга қайтмоқчи бўлади. Аммо устози Ҳ.Шоҳидоятовнинг тавсияси билан 2012 йилда Хитойга олти ой илмий тадқиқот ишларига юборилди. Олим у ерда саратон ҳужайраларини ўлдирадиган бирикмаларни синтез қилиб, яхши натижалар билан қайтганидан сўнг хитойликлар унга узоқ муддатли таклифнома юборди.

2013 йилнинг мартидан Хитой Фанлар академиясининг Шинжон физика ва кимё-техника институтида кичик илмий ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим вазифаларида меҳнат қилди. Қисқа вақтда Хитой Халқ Республикаси томонидан хорижий мутахассислар учун таъсис этилган бир қанча грантлар соҳиби бўлди.

— Хорижда илмий ишимнинг долзарблигини исботлашга киришдим, — дейди Хуршид Бозоров. — 2014 йилда Францияда нашр қилинадиган «European Journal of Medicinal Chemistry» журналида ярим йиллик илмий тадқиқотим эълон қилинди. Шундан кейин илмий ғояларим қўллаб-қувватланди. Илмий ишимни давом эттиришим учун қўл остимга гуруҳ тузилди. Биз 2018 йилгача илмий-тадқиқот ишларида бир қанча натижаларга эришдик. Ўша йили ошқозон ичак саратонига потенциал кимё терапияда ишлатилиши мумкин бўлган дори воситасини синтез қилдим. Биринчи лаборатория шароитида, сўнгра ҳайвонларда таъсири ўрганилди. Ҳозирги кунда бу тадқиқотимиз клиник олди синовидан ўтяпти. Ушбу тадқиқотларимизга Хитойда ўндан ортиқ патент олдик.

Олим 2021 йилда Хитойда туриб Ўзбекистондаги илмий кенгашга «Аннелирланган пиримидинлар синтези, модификацияси ва биологик фаоллиги» мавзусида фан докторлиги (DSc) диссертациясини ҳимоя қилди. Ўша йили Ўзбекистонга қайтишга қарор қилади. Унинг ишларини Самарқанд давлат университети раҳбарияти қўллаб-қувватлади. Қисқа муддат ичида лаборатория учун бошланғич асбоб-ускуналар билан таъминлаб беришди.

— Бизда ҳам замонавий лабораториялар бўлишини орзу қилардим, — дейди Хуршид Бозоров. — Аслида бизнинг илмий салоҳият хитойликлардан қолишмайди. Фақат илмий тадқиқотлар олиб боришимиз учун шароит, замонавий лабораториялар етарли бўлиши керак эди. 2023 йилнинг 24 августида Президент Шавкат Мирзиёев университетимизга ташриф буюрди. Ўшанда давлат раҳбари билан суҳбатлашиш имконига муяссар бўлдим. У кишига изланишларим ҳақида қисқача гапириб бердим. Шундан сўнг қарийб 8 миллиард сўмлик илмий-амалий лойиҳамиз Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Инновацион агентлиги томонидан молиялаштирилди. Бу лойиҳанинг номи «Саратон касаллигига қарши дори воситаларини яратиш лабораториясини ташкил қилиш» бўлиб, икки йилда шундай лабораторияни ташкил этишимиз керак. Замонавий лабораторияда ишлашни ўрганиш учун ўтган йили ўндан ортиқ ўқитувчи Хитойда малака ошириб келди. Ҳозир ҳам хитойлик ҳамкасбларимиз билан онлайн ҳамфикр бўлиб турибмиз.

Ўтган йили олимнинг меҳнатлари инобатга олиниб, «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. 2023 йилда Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном регионининг ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳисса қўшгани учун «Тяншан» мукофотига сазовор бўлганди.

Олим аввал хорижда ишлаган бўлса, энди юртимиз тараққиёти учун меҳнат қилмоқда. Самарқанд давлат университети Биокимё институтида ҳар қандай мураккаб тузилишга эга бўлган бирикмаларни синтез қила оладиган мутахассисларни тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бугун Хуршид Бозоров мусофирликда илм излаб чеккан қийинчиликларининг бари унутилди. Энди унинг илмий изланишлари мамлакатимиз илм-фани тараққиётига хизмат қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?