Хитой компанияси Самарқанд вилоятига 500 миллион доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда
Хитой Халқ Республикасининг Huang Run Paper Company (ZAO ZHUANG HUA RUN PAPER CO., LTD.) компанияси Самарқанд вилоятида йирик саноат лойиҳасини амалга ошириш учун 500 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда компания мутасаддилари Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев билан бўлиб ўтган учрашувда билдиришди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Мазкур инвестиция лойиҳаси саноатбоп картон, қадоқлаш маҳсулотлари ҳамда офис қоғози ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этишни назарда тутади. Лойиҳани амалга ошириш беш босқичда режалаштирилган бўлиб, унинг учун 50 гектардан ортиқ ер майдони талаб этилади.
Айни пайтда Ургут эркин иқтисодий зонасининг Хишрав-2 массивида жойлашган ер участкалари мазкур лойиҳани жойлаштириш учун истиқболли ҳудуд сифатида кўриб чиқилмоқда. Ушбу ер майдонлари яқин вақт ичида аукцион савдосига қўйилиши белгиланган.
Инвесторлар таъкидлашича, барпо этиладиган завод Марказий Осиё минтақасида ягона бўлади. Лойиҳа доирасида тахминан 3000 та янги иш ўрни яратилиши, давлат бюджетига эса йиллик 50–60 миллион АҚШ доллари миқдорида солиқ тушумлари таъминланиши кутилмоқда.
Учрашувда Самарқанд вилояти ҳокими мазкур лойиҳанинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадларига тўлиқ мос келишини таъкидлаб, инвесторларга вилоят ҳокимлиги томонидан қонунчилик доирасида ҳар томонлама кўмак кўрсатилиши, жумладан, ташкилий ва инфратузилма масалаларини тезкор ҳал этиш ҳамда лойиҳани доимий ҳамроҳликда бошқариш кафолатланишини билдирди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг